Ҳар бир инсоннинг ҳаётида муаллимларнинг алоҳида ўрни бор. У савдогар бўладими ёки олим устоздан ўрганганлари натижасидадир. Ёш авлодни теран билимли ва етук мутахассис бўлиб етишишида устоз ва мураббийларнинг ишларида беминнат хизматлари катта. Муборак динимиз таълимотлари инсон зотини жаҳолат зулматидан нурли ҳаётга етишишида муҳим омил бўлган улуғ устоз ва мураббийлар хизматларига юқори баҳо беради ва Аллоҳ таолодан уларга улуғ мукофотлар бўлиши башоратини беради.
«Кўкалдош» ўрта махсус ислом билим юртида 29 сентябр куни “1 Октябр – устоз ва мураббийлар куни” муносабати билан “Устоз ва мураббийларга эҳтиром” мавзусида байрам тадбири бўлиб ўтди. Ушбу байрамона тадбирга Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтидан меҳмонлар ҳамда фахрий устозлар ташриф буюрдилар.
Байрам тадбирида билим юртининг барча мударрислари, талабалар ва ишчи ходимлари иштирок этди. Тадбирнинг кириш қисмида билим юрти мудири М.Насриев сўзга чиқиб йиғилганларни байрам билан табриклаб тадбирни очиб берди.
Сўнгра Ўзбекистон мусулмонлари идораси таълим ва илмий тадқиқотлар бўлими мудири Салоҳиддин Шерхонов сўзга чиқиб Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий ҳазратларининг табрикларини устозларга ва талабаларга ўқиб эшиттирди.
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита масжидлар бўлими етакчи мутахассиси Муҳаммадбобур Юлдашев сўзга чиқиб, ўзларини ҳамда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита номидан тадбирда йиғилганларга табрикларини етказдилар.
Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти ректори Уйғун Ғофуров ҳам ўз табриклари билан тадбирда йиғилган устоз-мураббийларни чин кўнгилдан табриклаб ҳозирда Олий маъҳадда таълим олаётган “Кўкалдош” ўрта махсус ислом таълим муассасаси битирувчилари кўпчиликни ташкил қилишини, улар ўзларининг одоб-ахлоқлари ва билим савиялари билан ажралиб туришлари ва бу ютуқлар ўз навбатида Кўкалдош таълим муассасаси раҳбарияти ҳамда устозларнинг меҳнатининг самараси экани ҳақида айтиб ўтди.
Билим юрти талабалари ҳам ўз чиқишларини намойиш этдилар. Устозларга аталган хорижий тиллардаги табрик ва шеърлар ўқиб барча йиғилганларни хушнуд этдилар.
Фаолиятида намуна кўрсатиб келаётган мударрислар Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси ҳамда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий ҳазратлари томонидан тақдим этилган фахрий ёрлиқлар билан тақдирландилар.
Тадбир якунида Қуръон тиловати қилиниб, барча ўтган марҳум устозларнинг руҳларига дуолар қилинди.
Барча меҳмонлар байрам дастурхонига таклиф этилди.
“Кўкалдош” ўрта махсус ислом таълим муассасаси матбуот хизмати