Бугун, 28 октябр куни “Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юртида “Нурул Қуръон” маънолар таржимаси ҳамда “Қуръони карим маъноларининг сўзма-сўз таржимаси” асарларининг тақдимоти бўлиб ўтди.



Тадбирда билим юрти раҳбарияти, устозлар ҳамда талабалар иштирок этдилар. Тақдимот Қуръони карим тиловати билан бошланди. Тадбирни очиб бериш учун билим юрти мудири, исломшунослик фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) Маъмуржон домла Эркаев сўзга чиқиб, асар муаллифини ва унинг жамоасини бу салмоқли ишни гўзал тарзда якунига етказганлари муносабати билан табриклади.



Шундан сўнг асар таҳрир ҳайъати аъзоси, Алихонтўра Соғунийнинг шогирди Сирожиддин Эшонбобонинг ўғли Муҳаммадхон Жаҳонгиров сўзга чиқди. У талабаларга араб тили луғатларидан фойдаланиш, “муфрадот” каби асарларни чуқур ўрганишни тавсия қилди ва:
“Асарнинг афзаллиги – сўзма-сўз таржималарнинг берилиши. Бу бошланғич талабалар учун жуда фойдали қўлланма бўлади. Имом Ғаззолий таъкидлаганидек, ҳар бир намозхон нима ўқиётганининг маъносини билиб туриши керак”, – деди.




Сўз навбати асар муаллифи Сардорхон Жаҳонгировга берилди. У 30 йиллик илм йўли ва тажрибаси ҳақида сўзлаб, асарнинг мазмун ва услуб жиҳатидан ўзига хослигини таъкидлади:
“Қуръони карим нафақат ҳидоят манбаи, балки инсониятнинг интеллектуал салоҳияти манбаидир. Бу асарда айрим қийин сўзларга шарҳ берилган, айрим калималарнинг сўзма-сўз таржимаси эса тўқ ранг билан белгиланган. Кейинги нашрлар QR-код орқали аудио тарзда ҳам тинглаш имконияти билан чоп этилади”, – деди у. Тадбир давомида муаллиф томонидан талабаларга викторина саволлари ўқилди. Тўғри жавоб берган талабалар китоблар жамланмаси ва пул мукофотлари билан тақдирланишди. Шунингдек, муаллиф асарларнинг нусхаларини ҳар бир курсга ва устозларга ҳадя этди. Тақдимот сўнгида муаллифга билим юрти томонидан ташаккурнома ҳамда эсдалик совғалари топширилди. Тадбир муаллифнинг келгусидаги ишларига омад тилаган ҳолда, дуойи хайрлар билан якунланди.
И. Комилов
«Кўкалдош» ЎМИБЮ Ахборот-кутубхона ресурслари билан хизмат кўрсатиш бўлими бош мутахассиси






