Исломий молия тармоғи бугунги кунда жаҳонда жадал ривожланиб бораётган ва инновацион молиялаштириш механизмларини ўзида жамлаган соҳалардан бири ҳисобланади. Мутахассисларнинг фикрига кўра, исломий молия муассасалари ялпи активлари миқдори 2,5 триллион АҚШ долларини ташкил этади ва йилига 15–20% га ўсиб бормоқда. Аҳолисининг асосий қисми мусулмонлардан иборат бўлган давлатлар учун ушбу тармоқни ривожлантириш, айниқса, долзарб ҳисобланади.
Шундай экан, мусулмон давлатларидаги фаолияти исломий молиялаштиришга асосланган мавжуд банклар, инвестиция фондлари ва компаниялар маблағларини давлатнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши ва хусусий секторни қўллаб-қувватлаш мақсадида жалб этиш айни муддаодир. Бунинг учун албатта миллий банк тизимига янгича ёндашув билан назар солмоқ лозим, яъни анъанавий молиялаштириш механизмлари билан бир қаторда шерикчиликка асосланган молиялаштириш механизмларини жорий этиш масаласи тадқиқ этилиши муҳим ва долзарб ҳисобланади.
Исломий молия муассасаларининг анъанавий молия муассасаларидан асосий фарқи шундан иборатки, исломий молия фойда ва зарарни бўлишиш ҳамда реал активларга асосланган молиялаштиришни ўзида намоён қилади. Бошқача айтганда, исломий молиялаштириш шерикчиликка асосланади. Бундай муассасалар мижоз талаби бўйича объектни қуриб бериши, асбоб-ускуналар, товар, хомашёлар сотиб олиб бериши ёки уларни ижарага бериши мумкин. Молиялаштириш асосида савдо амалиётлари ётади. Анъанавий банк тизимида эса банкларнинг савдо амалиётларини амалга ошириши қонунчилик нуқтаи назаридан мушкул ҳисобланади ва бунга солиққа тортиш ҳамда банк фаолиятига тааллуқли меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар тўсқинлик қилади.
403-гуруҳ талабаси Умаров Жавлон






