Мусулмон киши ҳаётида бошқалар билан турли ҳолатлар, келишмовчиликлар, ёқтирадиган-ёқтирмайдиган вазиятлар рўй бериб туриши маълум. Муҳими – бундай ҳолатлардан ижобий, ҳеч кимнинг дилини оғритмай чиқиб кета олиш. Аммо шундай вазиятларда кўпчилигимизни “синдириб” қўядиган, энг ёмони – Аллоҳнинг наздидаги мартабамизни тушириб юборадиган бир хислат – ғазаб деган иллат бор. Ғазабдан қанчалик сақланиш зарурлигини қуйидаги ҳадиси шарифдан билиб олиш мумкин. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга: “Менга насиҳат қилинг”, деди. У зот алайҳиссалом: “Ғазабланма!” дедилар. Ҳалиги киши илтимосини бир неча бор такрорлайверди. Набий алайҳиссалом яна: “Ғазабланма!” дедилар” (Имом Бухорий ривояти).
“Ғазаб”, араб тилида “ҳилм”нинг акси бўлиб, “қаттиқ аччиқланиш”, “адоват”, “хусумат”, “норозилик” каби маъноларни билдиради. Уни уламолар икки турга ажратадилар: ҳақ ва ноҳақ ғазаб. Бу борада икки олам сарвари пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётларига мурожаат этмай илож йўқ. У зотнинг ҳаётларидан ҳақиқий ғазаб нима-ю, ноҳақ ғазаб нима эканини яққол билиб олиш мумкин. У зот алайҳиссалом ўта ҳалим, очиқкўнгил бўлганлар, нафслари учун бировни ёмон кўрмас, зулмларни кечириб юборар, Аллоҳ ёқтирмайдиган иш содир бўлсагина ғазабланар, Аллоҳ учунгина ёмон кўрар эдилар. Айнан мана шу ҳаққоний ғазаб дейилади. Аллоҳ ёмон кўрадиган, шариат йўл қўймайдиган ишлардан ғазабланиш, қилувчининг бу ишини Аллоҳ учун ёмон кўриш комил мўминнинг хислатидир.
Афсуски, кўпчилигимизда ҳақ ила ғазабланишнинг ўрнини ноҳақ ғазаб, тортишиш, хусуматлашиш, гина-адоват қилиш эгаллаб олган. Мусулмоннинг ўз диндош биродари билан арзимаган нарса борасида тортишиб қолиб, унга ғазаб кўзи билан қараши нечоғлиқ гуноҳ экан-а?! Ахир иккиси битта йўлда бўлса, биродари ҳам у каби бир Зотга ибодат қилса, бир Зотга сажда қилсалар! Бундоқ суриштирсангиз, хусуматнинг сабаби икки томондан бирининг кечирилиши шарт даражада кичик айби ва иккинчи томоннинг кибрга тўлган қора қалби бўлиб чиқади. Масалан, биров бировни билмай туртиб юборади, бир киши бошқанинг бирор айбини ҳамманинг олдида айтади ёки насиҳатда қўполликка йўл қўйиб қўяди, бир киши шеригининг нафси ёқтирмайдиган ҳақ гапни айтади (масалан, “фалон ишни фалондек қилсанг бўлмайдими”, “фалон ишни қилма” ёки “қил”, каби), шу пайтда нариги томонга, аниқроғи унинг нафсига унинг бу “қилмиш”и “ёқмайди”. Дарҳол жаҳли чиқиб, ғазабнок ҳолатга келади. Ҳолбуки, биродари бироз хатога йўл қўйган бўлса ҳам, гуноҳ иш қилгани йўқ. Демак, бу ҳолатда ғазаб қилувчи киши Аллоҳ учун ғазаб қилмаётган экан. Бунинг устига, айнан шундай кишилар ён атрофларида гуноҳ-маъсият содир бўлаётганини кўришса, эътибор ҳам беришмайди. Чунки унинг нафсига қарши чиқилаётгани йўқ, “бекорга” ғазабланиб, ўзини “уринтириб” нима қилади?! Йўқ! Асло бундай бўлиши керак эмас! Мўмин ўзи ёки биродарида маъсиятни кузатса, уни дарҳол бартараф қилишга ҳаракат қилиши лозим. Бошқалар бировга қандай ғазаб қилишса, аввало у ўз нафсига шундай ғазабланмоғи, “ҳужум” қилмоғи лозим. Тариқат устозларидан бири Аҳмад Яссавий кишининг аввало ўз нафсини билиши лозимлиги ҳақида шундай дейдилар:
Золимларни шиква (шикоят) қилма, золим ўзунг,
Хўюнг риё, таъсир қилмас халққа сўзунг.
Яъни: “Ҳар қанча куч-қувватинг, ғазабинг бўлса, уни аввало ўзинга кўрсат! Ўзингда тоғларча гуноҳлар бўлатуриб, бировга ташланишга уялмайсанми?!”
Борди-ю, киши бировда бирор маъсият очиқ-ойдин содир бўлаётганини кўрса, албатта, Аллоҳ учун уни ислоҳ этишга киришиши вожиб бўлади. Бироқ, бу ҳолатда ҳам дарҳол ғазабланиш ярамайди. Чунки инсон шиддатли ҳолатда насиҳатни қабул қилмаслиги мумкин. Балки босиқлик, мулойимлик ва ҳалимлик ила мақсадга етиш анча осон бўлади. Ахир у уни ислоҳ этмоқчи, душмани эмас. Қўпол гапириб ҳақдан янада узоқлаштириб юбориш қаерда-ю, ҳалимлик ила қалбига таъсир қилиб, ҳаққа буриб қўйиш қаерда?!
Хулоса шуки, мусулмон киши ўз гўзал мақсадлари сари одимлашда Аллоҳнинг бандаларига нисбатан бағрикенглик, мулойимлик, босиқлик ва ҳалимликни ўзига дастурул-амал қилса, Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг хулқлари ила хулқланса, албатта Аллоҳ унга ёр бўлур! Аллоҳ барчамизни бекорга ғазаб қилмайдиган, ҳақ йўлида собитқадам бандаларидан қилсин, омин!
“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти
3-курс талабаси Саидаҳмедов Сардор





