Исро ва Меърож ҳодисаси Аллоҳ таолонинг Ўз ҳабиби Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга берилган улкан мўъжизалардан биридир. Исро ва Меърож ҳодисасини ҳақиқат эканига ишониш аҳли сунна вал жамоъа эътиқодидан ҳисобланади.
Исро луғатда “тунги саёҳат” маъносини билдиради. Истилоҳда эса: “Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломни Маккаи Мукаррамадан Қуддуси шарифга кечанинг бир қисмида сайр қилдиришидир”. Исро қатъий далил билан собит бўлгани учун уни инкор қилиш куфр бўлади.
Меърож, луғат жиҳатидан нарвонга ўхшаш кўтарилиш ускуна маъносини англатади. Истилоҳда эса: Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни уйғоқ ҳолларида, руҳ ва таналари билан Байтул Мақдисдан осмонларга, сўнгра Аллоҳ Ўзи ҳоҳлаган олийликка кўтариши меърож деб аталади. Меърож машҳур ҳадислар билан собит бўлгани, уни инкор қилган киши бидъатчи ҳисобланади.
Аллоҳ таоло Исро ва Меърож ҳодисаси билан Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга оғир бир пайтда катта тасалли, ноумидлик кайфиятини сўндириб, умид учқунларини аланга олдириш учун мўъжиза қилиб берди.
Айни чоғда, Исро воқеаси кишилар иймонини синаш омили ҳам эди. Ҳодисани эшитиб уни инкор қилганлар бўлди ва уни тасдиқ қилиб, сиддиқ номини олганлар ҳам бўлди.
Қуръони каримда исро ҳодисаси ҳақида шундай хабар берилади:
سُبْحَانَ الَّذِي أَسْرَى بِعَبْدِهِ لَيْلًا مِنَ الْمَسْجِدِ الْحَرَامِ إِلَى الْمَسْجِدِ الْأَقْصَى الَّذِي بَارَكْنَا حَوْلَهُ لِنُرِيَهُ مِنْ آَيَاتِنَا إِنَّه هُوَ السَّمِيعُ الْبَصِيرُ
(Ўз) бандаси (Муҳаммад)ни, унга мўъжизаларимиздан кўрсатиш учун (Маккадаги) Масжиди Ҳаромдан (Қудсдаги) Биз атрофини баракотли қилган Масжиди Ақсога тунда сайр қилдирган зотга тасбеҳ айтилур. Дарҳақиқат, У Самеъ (эшитувчи) ва Басир (кўрувчи)дир. (Исро сураси 1)
Меърож ҳодисаси ҳақида бир неча ҳадиси шарифлар ривоят қилинади. Уларнинг баъзида Исро ва Меърож ҳодисаси батафсил баён қилинса, баъзисида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг меърож жараёнида кўрган ажоиботлари, жаннат ва дўзах зикрлари келади. Қуйдаги ҳадиси шарифда меърожда содир бўлган энг муҳим ишлар баён қилинади.
عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ مَسْعُودٍ رضي الله عنه ، قَالَ : لَمَّا بَلَغَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ سِدْرَةَ الْمُنْتَهَى ، قَالَ : انْتَهَى إِلَيْهَا مَا يَعْرُجُ مِنَ الأَرْضِ وَمَا يَنْزِلُ مِنْ فَوْقٍ. قَالَ : فَأَعْطَاهُ اللَّهُ عِنْدَهَا ثَلاَثًا لَمْ يُعْطِهِنَّ نَبِيًّا كَانَ قَبْلَهُ ، فُرِضَتْ عَلَيْهِ الصَّلاَةُ خَمْسًا ، وَأُعْطِيَ خَوَاتِيمَ سُورَةِ البَقَرَةِ وَغُفِرَ لأُمَّتِهِ الْمُقْحِمَاتُ مَا لَمْ يُشْرِكُوا بِاللَّهِ شَيْئًا. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ
Абдуллоҳ ибн Масъуд р.а. дан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Сидратул мунтаҳо (тугаш дарахти) га етганида: “Ердан кўтариладиган ва тепадан тушадиган нарсалар унга келиб тугалланади”- дедилар. Аллоҳ Сидратул мунтаҳода олдиндинги пайғамбарлардан биронтасига берилмаган уч нарсани Муҳаммад алайҳис саломга берди; улар беш вақт намоз фарз бўлиши, «Бақара» сурасининг охирги икки ояти ва яна Расулуллоҳни умматидан модомики ширк келтирмасалар эҳтиётсизлик ила қилинган хато-качиликлари авф қилиниши”. Имом Термизий.
Ҳадиси шарифдан меърож кечасида мусулмонлар зиммасига ислом динининг асосий рукни ва устуни бўлган беш вақт намозни фарз бўлиши, Қуръони каримни энг улуғ оятларидан “Бақара” сурасининг охирги икки ояти ваҳий қилингани ва умматни гуноҳлари кечирилиши маълум бўлмоқда. Шу ва шунга ҳодисалар бўлгани Исро ва Меърож ҳодисаси улкан мўъжиза, айни вақтда бу кеча ислом аҳли учун улуғ бир кечадир. Шунинг учун мусулмонлар ҳар йили ражаб ойининг 27-кечаси диний байрам сифатида нишонлайдилар.
“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти мударриси
Холмўминов Жалолиддин






