Қадимдан солиҳ инсонлар фарзанд тарбиясига катта эътибор қаратишган. Чунки, миллатнинг тараққиёти ёки заволи ёшларнинг тарбиясига боғлиқ. Агар ёш авлодга яхши тарбия берилса, келажакнинг пойдевори мустаҳкам бўлади, бордию бунинг акси бўлса миллат залолатга юз тутади.
Инсон ҳаётининг болалик даври ўта муҳим бошқичлардан биридир. Улуғ аждодларимиз ҳам бу даврни ўта муҳим ҳисоблаб, ёш авлодга таълим тарбия бериш ва уларни келажакда халқ ва миллат корига ярайдиган яхши инсон бўлиб вояга етишлари учун уларга ёшлигиданоқ таълим тарбияни узлуксиз бериб боришган.
Икки олам сарвари Пайғамбаримиз (с.а.в) бу борада ҳам бутун умматга намуна бўлдилар. У Зот ёш болаларга катта айҳамият берар, уларни жеркимас ва улардан ғазабланмас эдилар. Агар улар хато қилса, уларнинг хатоларини койимасдан тўғирлаб қўяр, агар тўғри иш қилишса, ҳақларига дуо қилар эдилар.
Умму Холид (р.а) айтадилар: “Кунларнинг бирида отам билан Расулуллоҳнинг олдиларига бордик, ўша пайтларда мен кичкина қизалоқ эдим, эгнимда сариқ рангли кўйлак бор эди. Расулуллоҳ мени кўриб “Гўзал, чиройли”- дедилар. Сўнгра мен, (кийимларимни кир қилиб) у зотнинг орқаларидаги пайғамбарлик муҳрларини ўйнай бошладим. Шунда Отам мени қаттиқ койидилар. Росулуллоҳ эса бу ҳолатни кўриб менга “Кийиб-кийиб эскиртир, яна кийиб-кийиб эскиртир” дедилар. Бу ҳодиса (У зот (с.а.в) нинг ушбу дуолари) дан сўнг Умму Холид (р.а) узоқ умр кўрдилар.
Расулуллоҳ (с.а.в) гоҳо ёш болалар билан ўйнаб уларни эркалатиб кулдирар ва юзларидан ўпар эдилар. Имом Бухорий “Ал-адаб ал-Муфрад” китобларида Яъло ибн Мурро (р.а) ривоят қиладилар: Яъло (р.а) айтадилар: Биз бир зиёфатга чақирилганимиз сабаб Росулуллоҳ (с.а.в) билан у ерга кетаётган эдик. Бирдан Ҳусайнни йўлда ўйнаётганини кўриб қолдик. Шунда Росулуллоҳ (с.а.в) Ҳусайнни ушламоқчи бўлиб икки қулочларини очиб у томон тезладилар. Шунда Ҳусайн у ёқдан бу ёққа қоча бошлади. Росулуллоҳ эса уни кулишларига шерик бўлдилар ва уни тутиб олиб, бир қўлларини унинг жағига иккинчи қўлларини эса унинг бошига қўйдилар сўнг уни маҳкам қучоқлаб олиб бизнинг олдимизга олиб келдилар.
Бу икки олам сарвари, оламларга раҳмат бўлган улуғ зотнинг ёш болалар ила қилган муомалалари эди. Бундан ташқари У зот (с.а.в) болалар билан яхши муомалада бўлиш билан бир қаторда уларга таълим ва тарбияни ҳам гўзал ҳолатда берганлар. Умар ибн Абу Салама айтадилар: “Ёшлигимда Расулуллоҳ (с.а.в)нинг қарамоғида у зотнинг хизматларини қилиб юрар эдим. Кунларнинг бирида у зот билан овқатланиб ўтирар эдик. Менинг қўлим тавоқнинг у ёғидан бу ёғига бориб келар эди. Шунда Росулуллоҳ менга қараб: “Эй бола, Бисмиллаҳни айт ва ўнг қўлинг билан ўз олдингдан овқат егин” — дедилар. (Бухорий ва муслим ривояти)
Инсон доимо Аллоҳдан қўрқмоғи ва Унинг неъматларига шукур қилиб яшамоғи лозим. Шак-шубҳа йўқки, инсонга берилган неъматлар ичида фарзанд энг улуғларидан биридир. Шундай экан, фарзанд тарбиясга эътиборсиз бўлиш – Аллоҳ берган неъматга ношукрлик қилишдир. Фарзандига ёшлигидан илму маърифат ва иймон эътиқодли қилиб тарбия қилган инсоннинг фарзандлари ота-онасига дунё ва охиратда яхшилик олиб келади. Бунинг акси бўлса, уларга ҳасрат ва надомат бўлади.
Фарзандларимиз уйимизга ҳаёт бахшида этади. Аждодларимиз бежизга: “Боласи бор уй бозор, боласи йўқ уй мозор” дея айтишмаган. Тўғри, улар шўвқин сурон кўтаришади, аммо шу билан бирга уйимизни хурсандчилик ва шодликка тўлдиришади.
Фарзанднинг гўзал хулқли бўлиб тарбия топишини фақатгина онага боғлаб қўйиш тўғри эмас. Бу борада отанинг ҳам ўрни беқиёс. Агар ота солиҳ бўлса фарзандлар ҳам унинг кетидан эргашади ва ҳаётда доим отанинг яхшилиги фарзандларга куч-қувват бўлади. Агар ота дунёдан ўтса ҳам уларга манфаати тўхтамайди
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, ўтган улуғ зотларга эргашган ҳолда биз ҳам фарзандларимиз таълим-тарбиясига эътиборли бўлишимиз лозим. Айниқса, уларнинг тарбиясида аждодларимизнинг буюк ҳаётлари ҳамда ёзиб қолдирган маънавий мерослари муҳим ўрин касб етади. Бу борада Президентимиз Ислом Каримовнинг ёшларга қарата айтган қуйидаги сўзлари фарзанд тарбиясида буюклар йўлини ўрганиш нақадар аҳамиятли эканини исботлаб беради “Мен, авваламбор, ёшларимизга қарата айтмоқчиман: ўқинг, тарихни ўрганинг, тарихни, ўтмишини билган одам келажакда адашмайди”
Жасурбек Қулбоев
“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти мударриси