“Ҳалол-покиза юрган кишининг амали мақбулдир!”
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «إِنَّ اللهَ طَيِّبٌ لا يَقْبَلُ إِلا طَيِّبًا، وَإِنَّ اللهَ أَمَرَ الْمُؤْمِنِينَ بِمَا أَمَرَ بِهِ الْمُرْسَلِينَ فَقَالَ تَعَالى: [يَا أَيُّهَا الرُّسُلُ كُلُوا مِنَ الطَّيِّبَاتِ وَاعْمَلُوا صَالِحًا] وَقَالَ تَعَالى: [يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا كُلُوا مِنْ طَيِّبَاتِ مَا رَزَقْنَاكُمْ] ثُمَّ ذَكَرَ الرَّجُلَ يُطِيلُ السَّفَرَ أَشْعَثَ أَغْبَرَ يَمُدُّ يَدَيْهِ إِلَى السَّمَاءِ يَا رَبِّ يَا رَبِّ، وَمَطْعَمُهُ حَرَامٌ، وَمَشْرَبُهُ حَرَامٌ، وَمَلْبَسُهُ حَرَامٌ، وَغُذِيَ بِالْحَرَامِ، فَأَنَّى يُسْتَجَابُ لَهُ«. (رواه مسلم).
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Аллоҳ покдир ва фақат пок нарсанигина қабул қилади. Албатта Аллоҳ пайғамбарларга буюрган нарсани мўминларга ҳам амр этди: «Эй Пайғамбар, ҳалол-пок таомлардан енглар ва солиҳ амаллар қилинглар». «Эй мўминлар, сизларга ризқ қилиб берганимиз — покиза нарсалардан енглар». Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам узоқ сафарга чиққан, сочлари тароқ тегмаганидан патила-патила бўлиб кетган, чанг-тўзон сочининг рангини ўзгартириб юборган бир киши ҳақида гапирдилар: «Ҳалиги одам қўлларини кўкка чўзиб: «Парвардигоро! Парвардигоро!» деб дуо қилмоқда. Бироқ унинг егани ҳаром, ичгани ҳаром, кийгани ҳаром ва ўзи ҳаром билан озиқланган. Қандай қилиб унинг дуоси ижобат бўлсин?!» (Муслим ривоятлари).
Биз бу ҳадисдан қуйидаги сабоқларни олишимиз мумкин:
— Аллоҳ таоло ҳузурида фақат ҳалол-покиза нарсаларгина мақбулдир
Ибн Ражаб Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг «Аллоҳ фақат покиза амалларнигина қабул этади», деган сўзлари шарҳида айтадилар: «Мўминнинг қалби ҳам, тили ҳам, танаси ҳам пок бўлади: Унинг қалбида иймон ўрнашган, тили зикр-дуо билан машғул. Аъзолари билан эса иймон самараси саналган ва иймон исмига кирувчи солиҳ амалларни адо этади».
— Амал қандай қилиб мақбул-покиза бўлади?
Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳудан ривоят: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларида ушбу оятни ўқидим: «Эй одамлар, ердаги ҳалол-пок нарсалардан енглар». (Бақара сураси, 168-оят). Шунда Саъд ибн Абу Ваққос туриб деди:
— Ё Расулуллоҳ! Аллоҳга дуо қилинг, мени дуоси қабул бўладиган киши қилсин.
— Эй Саъд, — дедилар Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам, — луқмангни ҳалол-покиза этгин, дуоси мустажоб киши бўласан. Муҳаммаднинг жони Унинг қўлида бўлган Зотга қасамки, қорнига ҳаром луқма туширган банданинг амалини Аллоҳ қирқ кун қабул қилмайди. Ҳаромдан семирган банданинг жойи дўзахдадир». (Табароний ривоятлари).
— Мусулмон киши ҳаромдан қандай қутулади?
Молик ибн Динордан ривоят: “Мен Ато ибн Абу Рабоҳдан:
— Бир кишининг қўлида ҳаром мол бор ёки молнинг эгаси ким эканини билмайди. Ўша киши ҳаром молдан қандай қилиб халос бўлади? — деб сўрадим.
— Садақа қилиб юборади, — дедилар Ато. — Бироқ мен бу амал унинг номидан ўтади, деб айтмайман”.
Имом Шофеий фикрларига кўра, ҳаром мол то ҳақли эгаси чиққунигача сақлаб турилади, садақа қилиб юборилмайди. Фузайл ибн Иёз эса ҳаром молни йўқотиб-чўктириб юбориш лозим, у садақа қилинмайди. Чунки Аллоҳ таолога фақат пок-ҳалол нарсаларни садақа-эҳсон қилиб қурбат-яқинлик ҳосил қилинади, деганлар.
Ибн Ражаб айтадилар: “Ҳаром молни садақа қилиб юбориш энг тўғри йўлдир. Чунки молни зое этиб, йўқ қилиб юборишдан шариатда қайтарилган. Уни золимларга тайёр ўлжа сифатида қолдириш ҳам, чириб-битиб йўқ бўлишга нишон қилиб қўйиш ҳам мутлақо ярамайди. Мол эгасининг номидан садақа бўлади. Яъни, ҳақиқий эгаси уни бу дунёда ишлатишдан маҳрум бўлган. Шу боис, садақа қилиб юборилгач, Охиратда унга фойдаси тегади”.
— Дуонинг ижобат бўлиш сабаблари
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Уч кишининг дуоси мустажобдир: мазлумнинг дуоси, мусофирнинг дуоси ва отанинг боласига қилган дуоси». (Абу Довуд, Ибн Можа ва Термизий ривоятлари).
Салмон Форсий разияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Аллоҳ таоло ҳаёли, Карийм Зотдир. Агар биров ундан тиланиб қўлини кўтарса, Аллоҳ таоло унинг қўлларини қуруқ ва умидсиз қайтаришдан ҳаё қилади». (Аҳмад, Абу Довуд ва Термизий ривоятлари).
Оиша разияллоҳу анҳодан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Агар банда «Парвардигоро!» деб тўрт марта айтса, Аллоҳ таоло: «Лаббай бандам! Сўра, сўраганинг берилади», деб жавоб беради». (Баззор ривоятлари).
«Кўкалдош» ўрта махсус ислом билим юрти талабаси
Шамсиддинхўжа Сулаймонов