Илмлари кўп бўлганлиги сабабидан “Ҳабрул умма” (умматнинг энг билимдони), “Баҳр” (денгиз), “Таржиманул Қуръан” (қуръон таржимони), деган исмлар билан лақабланган бу саҳобийнинг исмлари: Абдуллоҳ ибн Аббос ибн Абдулмуттолиб ибн Ҳошим ибн Абдулманоф ал-Қураший ал-Ҳошимийдир. Бу зот Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амакиларининг ўғли эдилар. Оналарининг исми Ҳорис ибн Ҳазаннинг қизи Лубоба ал-Кубро ал-Ҳилалиядир.
Ҳижратдан уч йил олдин туғулганлар. Ёшликларидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ёнларида бўлганлар. Чунки уммул мўъминин Маймуна розияллоҳу анҳо онамиз Аббдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумонинг холалари бўлганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этганларида ўн уч ёшда бўлганлар. Сўнгра кибор саҳобалардан ҳадис йиғишни бошлаганлар. Ҳижратнинг олтмиш саккизинчи йили етмиш ёшларида вафот этганлар.
У зотдан 1660 та ҳадис ривоят қилинган.
Аллоҳ таолонинг китоби маъноларини билишликда улуғ даражада эдилар. Шунинг учун фатво ва тафсир борасидаги охирги сўз ибн Аббос розияллоҳу анҳумонинг сўзлари бўлар эди. Умар розияллоҳу анҳу у зотни кибор саҳобалар билан бирга ўз мажлисига чақирар ва уни ўзига яқинроқ жойга ўтқизар эдилар. Умар розияллоҳу анҳу ёш бўлишига қарамасдан ибн Аббос розияллоҳу анҳумонинг фикрини инобатга олар эдилар.
Абдуллоҳ ибн Аббос ҳақларида ибн Масъуд розияллоҳу анҳу шундай деганлар: “Ибн Аббос қандай ҳам яхши қуръон таржимони-я”.
Аъто роҳимаҳуллоҳ: “Ибн Аббоснинг мажлисидан кўра ҳурматлироқ мажлисни кўрмадим. Фақиҳлар ҳам, Қуръон соҳиблари ҳам, шоирлар ҳам унинг ҳузурида. Уларнинг ҳаммаси кўп илмни олиб кетадилар”, деганлар.
Абдуллоҳ ибн Абдуллоҳ ибн Утба роҳимаҳуллоҳ: “Ибн Аббос инсонлардан бир қанча ҳислатлари: етиб бўлмайдиган илм, унинг фикридан ҳужжатланадиган фиқҳ, ҳалимлик, насаб, таъвил билан ўтиб кетган эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадислари борасида ундан ўтадиган, олимроқ бирор кишини кўрмадим. Бир куни мажлисида фақатгина фиқҳ ҳақида, яна бир куни таъвил, яна бир куни ғазотлар, яна бир куни шеър, яна бир куни эса “Айямул араб” ҳақида гапирар эди. Унинг ҳузурида ўтирган барча олимларни унга итоат билан ўтирганларини кўрдим. Ундан савол сўраб, саволига ундан жавоб олмаган бирор инсонни кўрмадим” деганлар.
У зотнинг шогирдлари Мужоҳид роҳимаҳуллоҳ устозлари ҳақида: “Агар у бир нарсани тафсир қилса, ўша нарсада нурни кўрасан”, деганлар.
Давоми бор …
Маҳмуд Мисрийнинг “Қисосур Росул лил атфал” китобидан 402-гуруҳ талабаси Содиқов Бобур таёрлади





