Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Роббисидан келадиган ваҳий туфайли илоҳий улуғлик ва ҳайбатни ҳис этгани боис ибодатларни кўпайтирар, У Зотнинг розилигини топишга қаттиқ интилар ва ўзига буюрилган ишларни бекаму кўст бажаришни ўйларди. Аллоҳ таоло Ўз бандаси ва пайғамбарининг кўнгли бўшлиги, табиати мулойимлиги ва ҳассослигини яхши билгани учун бошқа пайғамбарлардан фарқли ўлароқ раҳм-шафқат ва ҳамдардлик маъносида ўзига хос юмшоқлик билан хитоб қилган. Қуръони каримда Росулуллоҳга ўзига хос муомала услубидаги илоҳий хитоблар мавжудлигини мисол тариқасида келтириб ўтиш мумкин. Набий алайҳиссалом ҳижрий тўққизинчи йили ваҳий орқали кўрсатма берилишидан олдин айрим мунофиқларнинг Табук жангида қатнашмаслигига рухсат бердилар. Аллоҳ таоло бундай қилиш тўғри эмаслигини билдириб, у зотга танбеҳ берди. Чунки жангга изн берилса, мунофиқларнинг асл қиёфаси очилиб қоларди. Аллоҳ таоло буни жуда яхши биларди ва шунинг учун у зотга танбеҳ бериб деди: «Аллоҳ сени авф қилди. Нима учун уларга, то сенга ростгўй бўлганлар аниқ бўлиб, ёлғончиларни билиб олмасингдан туриб, изн бердинг?»[1].
Бу оятда Аллоҳ таоло Ўз Набийси кўнглига қараб, таскин бериш, хотиржам қилиш, изтиробга тушмаслиги ва ўзини ноқулай ҳис этмаслиги учун танбеҳ беришдан олдин авф қилганини, кечирганини билдирди. Модомики бирон гуноҳ ёки хато ўтмаган экан, бу ҳолат у зотга нисбатан ишончга футур етказмаслигини ва кучли муҳаббатни сўндирмаслигини ҳам маълум қилинди. Баъзи муфассирлар: «Агар Набий алайҳиссаломга «Нима учун изн бердинг» дея дабдурустдан танбеҳомуз сўз айтилганида, қўрқувдан юраклари ёрилиб кетиш хавфи йўқ эмас эди», дейишган. Бироқ, Аллоҳ таоло бунинг олдини олиб, дастлаб авф қилганини хабар беради. Шундан кейин мунофиқларга нима учун Табук жангида иштирок этмасликларига рухсат бердинг, агар рухсат бермасанг, кимнинг узри рост ёки ёлғон эканини билиб олган бўлардинг, деган танбеҳ ва итобни келтиради.
Мана шу алфозда айтилган илоҳий хитоб Аллоҳ таолонинг Пайғамбаримиз алайҳиссаломга улуғ марҳаматидир. Яхшилаб ўйлаб кўрилса, огоҳлантириш маъносидаги хитобдан илоҳий даргоҳда Пайғамбаримизнинг мартабалари қанчалар улуғ эканини илғаб олиш мумкин. Аллоҳ таоло Ўз Расулига шундай ҳурмат-эҳтиром кўрсатганки, бошқа бандаларидан биронтаси билан шундай оҳангда сўзлашишини тасаввур этиш қийин. Бундай услубнинг муайян одоб, тартиб-қоида ва олий мартабали кишиларнинг хушмуомалалик ва самимият асосига қурилган муомаласидан мутлақо фарқи борлигини ва ҳар қандай юксак иззат-икром, илтифот ва мулозаматлардан юқори туришини теран англашимиз лозим. Айрим уламолар: «Аллоҳ сени авф қилди. Нима учун уларга, то сенга ростгўй бўлганлар аниқ бўлиб, ёлғончиларни билиб олмасигдан туриб, изн бердинг?», деган оятни итоб ёки танбеҳ маъносида келганини инкор этишади. Машҳур наҳвчи олим Нифтовайҳ раҳматуллоҳи алайҳ шундай фикр билдиради: «Одамлар бу оятда Набий алайҳиссаломни итобга олинган, деб хато қилишади. Асло ундай эмас. Аксинча, Набий алайҳиссаломга танлаш ихтиёри берилганини унутмаслик керак. Яъни, мунофиқларга изн бериш ёки бермаслик олдиндан у зотнинг ўз ихтиёрларига ҳавола қилинган. Чунки у зотга илгари бу хусусда ҳеч қандай қайтариқ келмаган. Пайғамбаримиз ўз раъйларига кўра, изн берганларидан кейин ҳам барибир мунофиқларнинг кирдикорини ошкор бўлиши, жангда қатнашишдан аниқ бош тортишларини Аллоҳ таолонинг Ўзи билиб, рухсат бергани учун Росулига гуноҳ ва маломат йўқлигини билдирган. Қози Иёз Нифтовайҳ раҳматуллоҳи алайҳнинг сўзини: «Набий алайҳиссаломга изн бериш ихтиёри Аллоҳ таолонинг: «Улар баъзи ишлари учун сендан изн сўрасалар, улардан кимга ҳоҳласанг изн бер»[2] деган оятида очиқ баён қилинган», дея шарҳлайди.
Аллоҳ таолонинг Ўз Набийсига жуда мулойим оҳангда хитоб қилишига яна бир мисол: «Агар биз сени собит қилмаганимизда, батаҳқиқ, уларга бир оз бўлса-да, мойил бўлишингга оз қолар эди»[3], деган оятда ҳам мавжуд. Яъни, Эй Муҳаммад, агар биз сени (гуноҳ ва адашишдан) сақлаб, ҳақ устида собит этмаганимизда, ҳийлакорлик ва айёрлик бобида жуда устамон ва моҳир бўлганликлари учун озроқ бўлса-да мунофиқлар томон оғишингга жуда яқин қолган эди. Лекин Бизнинг адашишдан сақлашимиз сени бундан асради. Аллоҳ сени мушриклар тарафга озроқ бўлса-да оғиш ёки мойил бўлишдан сақлаб қолди. Набийсини Аллоҳнинг Ўзи асрагани туфайли мушриклар томонга оғмай қолганини хабар бермоқда.
Аллоҳ таолонинг Қуръондаги хитоб услуби ҳақида холис мушоҳада юритилса, унда Набий алайҳиссаломга нисбатан юксак эҳтиром ва эъзоз алоҳида кўзга ташланиб туради. Калом илмининг баъзи муфассир олимлари шундай дейди: «Аллоҳ таоло Одам, Нуҳ ва Довуд каби пайғамбар алайҳимуссаломларга хатоларидан[4] кейин танбеҳ берган. Пайғамбаримиз алайҳиссаломни эса ҳали хато ва камчилик рўй бермасдан огоҳлантирган. Ғамхўрлик ва эътибор маъносидаги бундай огоҳлантириш туфайли Набий алайҳиссалом хато қилишдан жуда эҳтиёт бўлиб, ҳар бир ишга Аллоҳнинг қудратини ҳис этган ҳолда қўл урганлар ва У Зотнинг назаридан қолмаслик пайида бўлганлар. Мана шу ҳолат Росулуллоҳга нисбатан юксак эҳтиром нишонаси ҳисобланади.
Аллоҳ таоло барча пайғамбарларга: «Эй Одам, эй Нуҳ, эй Иброҳим, эй Мусо, эй Довуд, эй Исо, эй Закариё, эй Яҳё, дея айнан номларини айтиб мурожаат қилса, Пайғамбаримиз алайҳиссаломга: «Эй Росул, эй Набий, эй муззаммил (ўраниб ётувчи), эй муддассир (ёпиниб олувчи)», дея муборак номларини зикр этмай хитоб қилишининг ўз ҳам Аллоҳ таолонинг у зотга кўрсатган буюк эҳтиромидир. Буни фақат Пайғамбар алайҳиссаломга хос хусусият деб баҳоласак тўғри бўлади.
Яна шунга ўхшаш ҳолат Аллоҳ таолонинг: «Сени, албатта, уларнинг айтаётганлари хафа қилишини биламиз. Улар сени ёлғончига чиқараётганлари йўқ, балки золимлар Аллоҳнинг оятларини инкор этмоқдалар»,[5] оятида ҳам ўз ифодасини топган. Али розияллоҳу анҳу айтади: «Абу Жаҳл Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга: «Биз сени эмас, сен келтирган нарсани ёлғонга чиқараяпмиз, холос», деганида Аллоҳ таоло «Улар сени ёлғончига чиқараётганлари йўқ», деган оятини нозил қилди». Аллоҳ тарафидан нозил қилинган мазкур оятда ҳам ўзгача мулойимлик ва юмшоқлик кўзга ташланади. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ростгўй эканлари ҳеч кимда, ҳатто мушрикларда ҳам асло шак-шубҳа уйғотмаган ва у зотни ёлғончи дейишларига асослари ҳам бўлмаган. Ҳар доим тўғри сўз ва ҳақгўй деб тан олинганлари учун Пайғамбаримизни нубувватдан олдин ҳам амин-ишончли деб атаб келинган. Биз бу юксак адабий усуб ва Аллоҳ таолонинг Ўз Набийсига юмшоқлик ила кўрсатган муомаласидан мусулмон киши сўз, амал, муомала ва мулоқотда Қуръон одоблари билан хулқланиши зарурлигини билиб оламиз. Чунки Қуръон ҳақиқий илм-маърифат асоси, диний ва дунёвий одоблар гулшанидир. (Давоми бор)
[1] Тавба сураси, 43-оят.
[2] Нур сураси, 62-оят.
[3] Исро сураси, 74-оят.
[4] Ноқасддан содир бўлган адашишлар.
[5] Анъом сураси, 33-оят.





