Мўғуллар истилосига қарши жуда кўп саркардалар ва давлат арбоблари курашишган. Уларнинг номлари ҳам ўз даврининг фидокорлари сифатида эътироф этилади. Аммо кўхна тарих бу борада биринчи навбатда Жалолиддин Мангубердини ўз хотирасида авайлаб асрайди. У фақат босқинчиларга қарши фидоий курашчигина эмас, балки турли халқлар устига мўру малахдай ёприлган балою қазоларга ўзини тутиб, мўғулларнинг додини бера олган ягона лашкарбоши ҳамда давлат раҳнамоси сифатида мангулик мулкидан ўрин эгаллаган.

2022 йил 30 ноябр куни “Кўкалдош” ўрта махсус ислом таълим муассасаси мударрис ва талабалари Ўзбек Миллий академик театрида “Жалолиддин Мангуберди” спектаклини томоша қилишга боришди. Ушбу театр томошаси талабаларда катта таассурот уйғотди. Юртимиз саҳна усталари томонидан маҳорат билан ижро этилган ушбу спектакльни жонли равишда саҳнада кўриш томошабин онгида бутунлай бошқача тасаввур уйғотади.


“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юртида маънавий ва маърифий руҳдаги бундай тадбирларнинг тез-тез ўтказилиб туришидан мақсад талабаларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш, ўтмиш тарихимизни яхшироқ ўрганиши, ҳозирги ойдин ҳаётимизга шукроналик ҳамда буюк келажагимизга ишонч туйғуларининг уйғотишдир.
«Кўкалдош» ўрта махсус ислом таълим муассасаси матбуот хизмати






