“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юртида талабаларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, маънавий-маърифий ва тарбиявий ишлар самарадорлигини янада оширишга йўналтирилган “Маънавий-маърифий” тадбирлар режасида уламолар ва тажрибали имом-хатиблар билан учрашув ва давра суҳбатлари ўтказиш белгилаб қўйилган. Мазкур режага мувофиқ 26 сентябрь куни билим юртида мударрислар ва талабалар иштирокида давра суҳбати ташкил этилди. Давра суҳбатига Тошкент ислом институти ўқитувчиси, Тошкент шаҳар Олмазор тумани “Сирожи Солиҳ” жоме масжиди имом хатиби Хасан Қодиров таклиф этилди. Тадбирни маънавий-маърифий масалалар бўйича мудир ўринбосари А.Ғаниев олиб борди. Кириш қисмида мавзу юзасидан ўз фикр мулоҳазаларини билдирди ва таклиф этилган меҳмонни таништирди ва сўз навбатини берди. Устоз Х.Қодиров ўз маърузаларида талабаларга илм олишда аввало одоб бўлиши лозимлигини таъкидлади. Ёшликда билим олиб, ғайрату шижоатга тўла пайтда бор имкониятни эзгуликка сафарбар этиш, инсон умрининг мазмун-моҳиятини белгилаб беришлиги, бу ҳақида буюк аждодларимиз меросида, жаҳон алломалари ижодида қайта-қайта уқтирилгани, бежиз ҳикматларда: “Ёшликда олинган илм тошга ўйилган нақш кабидир”, – дея айтилмайди, дея таъкидлаб ўтдилар. Шунингдек, маърузачи ўз нутқида ҳанафий мазҳабида бошқа мазҳабларга нисбатан ҳадисга эргашиш ортиқроқдир, ҳаммадан кўра бу мазҳаб соҳиблари ҳадислар маъносини чуқурроқ ва мукаммалроқ тушуниб етадилар. Ҳанафийликнинг асосий манбаси Қуръони каримдир. Ундан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадислари энг асосий манба ҳисобланади. Ҳатто, ҳанафий мазҳабида заиф ҳадис сохталик эҳтимоли бўлган қуруқ қиёсдан устун қўйилган. Ҳанафийлик мазҳабида заиф ҳадис турганда қиёсга, раъйга ўрин йўқ, заиф ҳадисга амал қилинади. Бу ҳанафий мазҳабининг бошқа мазҳаблардан кўра устунлигини кўрсатади. Улар қанчалик ҳадисга амал қилишни даъво қилсалар ҳам, бирор бир масалага заиф ҳадисдан бошқа далил бўлмаса, унга амал қилмасдан ўз раъй-фикрларига кўра қиёс қилиб ҳукм чиқарадилар. Ҳанафийликда эса ундоқ эмас. Бирор бир масалага заиф ҳадисдан бошқа далил бўлмаган тақдирда, заиф ҳадисга амал қилинади, раъй-фикрга суяниб қиёс қилинмайди. Хуллас, ҳанафийликда заиф ҳадис барча турлари билан мужтаҳиднинг ёки бирор бир фақиҳнинг гапидан устун ҳисобланади. Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ: “Аллоҳдан ва унинг Расулидан келган нарсаларни бош-у кўз устига қабул қиламиз! Саҳобадан келган нарсаларнинг эса энг яхшисини танлаб эргашамиз! Уларнинг гапларидан ташқари чиқмаймиз!” деган сўзларини барча маноқиб китобларда кўришимиз мумкин, дея таъкидлаб ўтдилар.

Маърузачи ўз нутқида: “Мазҳабсизлик диндан чиқиб кетишга олиб борувчи кўприкдир”. Бундай ҳаракатлар эса ҳадисларда ва уламоларнинг асарларида қатъий қораланган. Қайд этилган мулоҳазалар “Қуръон ва ҳадисгагина амал қиламиз”, – дея ўзларини мужтаҳид билиб, фиқҳий мазҳабларни инкор қилаётганлар аслида, бу ҳаракатлари билан диний бирлик ва ақидавий якдилликка раҳна солаётганини исботлайди. Қолаверса, бундай иддаолар асрлар давомида мавжуд бўлиб келаётган мазҳаблар асосчилари ва уларнинг таълимотларига нисбатан бўҳтон бўлиб, мусулмон адаштиришга қаратилганини таъкидлаш ўринли бўлади, деб Шайх Рамазон Бутийнинг фикрларини айтдилар.

Давра суҳбати якунида, ҳар бир миллатнинг истиқболи маълум маънода билимдон ва маърифатли ёшлар қўлида эканлиги, илм-маърифатга, таълим-тарбияга эътибори юксак бўлган халқ фарзандлари эса маънан пок, руҳан соғлом бўлиб етишишларини таъкидладилар. Давра суҳбати сўнггида талабалар ўзларини қизиқтирган саволларини бердилар ва ташриф буюрган меҳмон саволларга етарлича жавоб бердилар.
Маънавият ва маърифат ишлари
бўйича мудир ўринбосари А.Ғаниев








