عن انس ابن مالك قال:قَالَ النَّبِيُّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ :إِنَّ مَثَلَ الْعُلَمَاءِ فِي الْأَرْضِ كَمَثَلِ النُّجُومِ فِي السماء….
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Ердаги уламолар осмондаги юлдузлар кабидир…”
Ердаги уламолар ва осмондаги юлдузлар орасида ўхшашлик нимада?! Aллоҳ таъоло Қуръонда юлдузларнинг уч фойдасини зикр қилган:
ولقد زيّنا السماءَ الدنيا بمصابيحَ وجعلناها رجوماً للشياطين
“Ва дарҳақиқат Биз яқин осмонни чироқлар (юлдузлар) билан зийнатлаб қўйдик ва у (чироқ)ларни шайтонларга отиладиган нарса ҳам қилиб қўйдик…”
Биринчи фойда: Осмондаги юлдузлар осмоннинг зийнати. Уламолар эса ернинг зийнати. Уламолар деганда илмига амал қиладиган, солиҳ уламолар назарда тутилади. Ушбу қайдлар билан юлдуз осмоннинг зийнати бўлганидек, уламолар ер аҳлининг зийнати деб айта оламиз.
Иккинчи фойда: Араб фолбинлари бизнинг шайтонларимиз осмонга чиқиб, ғойибдаги нарсаларни билиб беради, деб мақтанар эдилар. Қуръони Карим буни рад этиб, шайтонлар ўғринча гап эшитмоқчи бўлганда, бу дунёда шайтонларни юлдузлардан ажраб чиққан учқунлар қувиб ҳайдашини таъкидлаб, “(Юлдузларни) шайтонларга отиладиган нарса ҳам қилиб қўйдик…”, деди. Демак юлдузлар осмон қўриқчилари экан. Уламолар эса исломий ақидани, исломий ахлоқни, ибодатни, қўйингки исломнинг ердаги қўриқчиларидир. Юлдузлар жин шайтонларига отиладиган нарса бўлса, уламолар инсон шайтонларига худди шундайлар. Aгар бир бидъатчи ёки адашган ёҳуд шубҳага тушиб қолган киши чиқса ким уни бостиради, албатта уламолар.
Учинчи фойдани Aллоҳ таъоло марҳамат қилиб:
وبِالنَّجمِ هُم يَهتَدونَ
“Ва юлдузлар ила улар йўл топурлар”,дейди. Юлдузлар ўз нури ила адашганларга йўл кўрсатишга хизмат қилганидек, уламолар ҳам инсонларга ўзларининг илм нурлари ила ҳидоят йўлини кўрсатишга хизмат қиладилар.
Набий алайҳиссалом уламоларни бежизга юлдузларга ўхшатмаган эканлар. Шундай экан ҳақдан адашишни истамаган ҳар бир мусулмон динга алоқадор барча ишларда уламоларга эргашиши лозим бўлади.
“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти мударриси С.Умаров.