Улкан илм соҳиби бўлмиш имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи ўз мазҳабини бино қилишда Қуръони карим, Ҳадиси шариф, ижмо, қиёс, саҳобаларнинг қавлларига суянган. Ҳукмларни чиқаришда қиёс ва истеҳсонга бошқалардан кўра кўпроқ мурожаат қилган.
Уламолар бу ҳақда у кишининг ўзи айтган гапидан шундай иқтибос келтиришади: “Мен аввало ҳукмни Аллоҳнинг китобидан оламан, ундан топмасам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидан оламан. Агар ҳам, Аллоҳнинг китобида, ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларида топа олмасам, саҳобаларнинг гапидан бошқаникини олмайман. Гап Иброҳим, Шаъбий, Ибн Сирин ва Ибн Мусаййибларга етганда, ўзим уларга ўхшаб ижтиҳод қиламан”, деб айтган[1].
Баъзилар Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ қиёсни заиф ҳадисдан устун қўяди, дейишган. Лекин, аслини олганда ундай эмас экан. Уламолар бу масалани ҳам ўрганиб чиқишган ва Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳи заиф ҳадисни қиёсдан устун қўяди, деган хулосага келганлар.
Бунга мисоллар ҳам келтирганлар: Ибн Адий Ибн Умар раҳматуллоҳи алайҳидан қилган ривоятда Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва саллам: “Ким намозда қаҳқаҳа ила кулса, таҳорат ва намозини қайтарсин”, деганлар. Бу ҳадис заиф бўлса ҳам, Абу Ҳанифа уни қиёсдан устун қўйиб қбул қилган[2].
Имом Абу Ҳанифанинг ўзи бу ҳақда: “Аллоҳга қасамки, ким бизни қиёсни нассдан (яъни ҳадисдан) устун қўяди, деса, ёлғон айтибди ва бизга туҳмат қилибди. Насс бўлгандан кейин қиёсга ҳожат қолар эдими?!” деган.
Имоми Аъзам ўз мазҳабида доимо мусулмонларга енгиллик бўлишининг тарафдори сифатида ижтиҳод қилган. Дарҳақиқат, ислом дини ҳам енгиллик ва осонлик динидир.
Шу ўринда яна бир мулоҳазани келади: Ҳамма, ҳатто, Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳининг мухлислари ҳам у кишини раъй, яъни фикрий фиқҳнинг асосчиси, дейишади ва ҳадисни кўп ишлатган имомларга муқобил қўйишади. Ҳудди бошқа имомлар ҳадисдан ҳукм чиқаришган-у Имом Аъзам раҳматуллоҳи алайҳ фикрларидан чиқарганга ўхшайди. Лекин бу хато фикр. Бунга қуйидаги омилларни келтириб ўтишимиз мумкин: Имом Молик умуман бошқа шароитда яшаб ижод қилган. У киши Мадинайи Мунавварада, ҳадис илмининг марказида яшаган. Шунинг учун ҳар қачон бирор фиқҳий масала айтса, унга қўшиб ҳадисдан унинг далилини айтган. Имом Моликнинг “Муватто” китобида ҳадис ва фиқҳий боблар бўлиб-бўлиб келтирилган.
Имом Аъзам ўзи ажам бўлган. Асосан ажамлар билан яшаган. Эҳтимол яна бошқа омиллар бўлгандирки, у киши фиқҳий ҳукмни айтиб, ўз сўзлари билан ифода қилганлар-у, ортидан унга далил бўлган ҳадисни зикр қилмаганлар. Ҳанафий мазҳабига оид фиқҳий китобларни ўқиб чиққан ҳар бир киши дарҳол буни мулоҳаза қилади. Хусусан, Мулла Али қорининг “Мухтасару-л-виқоя” китобига ёзган “Шарҳи Ниқоя” номли асарини ўқиган одам ҳанафий мазҳабида айтилган ҳар бир гапнинг оят ва ҳадисдан далили бор эканига ишонч ҳосил қилади[3].
Али Қори раҳматуллоҳи алайҳининг мазкур китобларида Ҳанафий мазҳабига қилинган юқоридаги туҳматга илмий асосда жавоб берилган. У киши ҳанафий мазҳаби уламолари ҳақида сўз юрита бориб, қуйидагиларни ёзади: “Билки, бизнинг уламоларимиз раҳматуллоҳи алайҳим бошқалардан кўра суннатга кўпроқ эргашадилар. Чунки, улар мурсал (ровий саҳобийнинг номи тушиб қолган) ҳадисни қабул қилишда салаф уламоларига эргашганлар. Улар мазкур ҳадисни муснад каби деб эътиқод қиладилар. Саҳобаларнинг мурсалларини барча низосиз қАбул қилишга иттифоқ қилган бўлсалар ҳам. Имом Табарий ҳам уламолар мурсал ҳадисни қАбул қилишга ижмо қилганлар, деган. Икки юзинчи сананинг аввалигача бунга улардан бирортаси ҳам хилоф қилмаган. Ровий ўша (биринчи хилоф қилган киши) Шофеий бўлса керак, деди[4].
Ҳофиз Абу Амр ибн Абдулбарр ҳам ўзининг “Тамҳид” номли асарида шунга ишора қилган: “Бас, ким бизнинг асҳобларимизга суннатга хилоф қилишни ва раъй ва қиёсга эътибор беришни нисбат берса, батаҳқиқ, улкан хато қилган бўлади. Чунки бизда саҳобийда тўхтаган ҳадис қиёсдан устундир. Шунингдек, заиф ҳадис ҳам. Бас, ким зикр қилинган нарсаларда бизга хилоф қилса, бу унинг фосид фикридан ва касодга учраган қиёсидандир”.[5]
Али Қори раҳматуллоҳи алайҳи баҳсларининг давомида яна қуйидагиларни ёзади: “Бизнинг аввалги асҳобларимиз ўз китобларида суннатдан далилларни зикр қилиш, улар ҳақида баҳс қилиш, саҳиҳ, ҳасан ва заифини ажратишда бардавом бўлдилар. Бундай олимларга Абу Жаъфар Таҳовий, Абу Бакр ар-Розий, Имом Қудурийлар мисол бўла оладилар.
Асҳобларимиздан кейинг даврда келганлари бу ишда камчиликка йўл қўйдилар. Улар аввалги ўтганларнинг ишларига суяниб (ҳужжат ва далилларни зикр қилмай) қолдилар. Оқибатда уларга суннат ва шариатни четлаш нисбати берилди. Бирор кишига асҳобларимизни бундай нисбат билан айблаш ҳалол эмас”.
Ҳозирги кунимизда покистонлик уламолардан аллома Зафар Аҳмад Усмоний ўзининг устози улуғ олим, фазилатли шайх Ашраф Али Таҳонавийнинг кўрсатмалари ила, “Эълоу-с-сунан” номли йигирма бир жилдли китобни йигирма йил давомида ёзиб тугатди. Бу китоб улкан меҳнат самараси ўлароқ, ҳанафий мазҳабидаги фиқҳий масалалар ҳадислар асосида ечилганини исбот қилибгина қолмай, ҳадисдан фойдаланишда бошқа мазҳаб имомларидан устун эканини ҳам исбот қилади. Битирув-малакавий ишни ёзиш жараёнида ушбу китобдан кўп фойдали маълумотлар топилиб, тадқиқотда иқтибос келтирилди.
Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти талабаси Саидханбалова Робия
[1] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Кифоя. – Тошкент: «Sharq”, 2008. Ж. 1. – Б. 46-47.
[2] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Кифоя. – Тошкент: «Sharq”, 2008. Ж. 1. – Б. 47
[3] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Кифоя. – Тошкент: «Sharq” , 2008. Ж.1. – Б. 48.
[4] Ўша асар. – Б. 48
[5] Ўша асар. Ж. 1. – Б. 49.






