Ислом илм-фанининг чўққиларидан бири ҳисобланган Абул Муъин ан-Насафий роҳматуллоҳи алайҳ (ҳижрий 418/милодий 1027) инсоният тарихида ўзига хос ўринга эга. У ҳозирги Қарши шаҳрида, Насаф (ўша даврда бу шаҳар шу ном билан машҳур бўлган) тупроғида дунёга келганлар. Насафийларнинг илм-маърифат сулоласидан бўлмиш бу буюк олимнинг аждодлари исломий билимларнинг юксак чўққиларида турар эдилар. Унинг катта бобоси Макҳул Насафий Имом Мотуридийга шогирдлик қилган, бобоси Мўтамид ибн Макҳул Насафий эса ўз замонасида машҳур ҳанафий олимлардан бири бўлганлар.
Абул Муъин Насафий роҳматуллоҳи алайҳнинг билимга бўлган қизиқиши, энг аввало, отаси Муҳаммад ибн Мўтамид роҳимаҳуллоҳ сабаб юзага келган. Отаси Қарши шаҳрининг энг нуфузли уламоларидан бири эди ва ўғлини болаликдан илм йўлига ундаб келган. Илк таълимни бобоси ва отасидан олган Насафий, кейинчалик машҳур олим Абул Юср Паздавийга шогирд бўлиб, ундан чуқур илм ўргандилар. Унинг илм олишдаги фидойилиги ва қатъияти ёшлигидан намоён бўлган.
Абул Муъин ан-Насафий илм излаб Самарқанд ва Бухоро каби ислом оламининг йирик марказларида яшаб, илмий фаолият билан шуғулланганлар. У фақатгина таълим олиш билан чекланмай, ўзи ҳам кўплаб асарлар ёзиб қолдирган. Унинг ижоди, айниқса, мотуридий таълимоти ва ҳанафий мазҳабининг ривожланишида улкан аҳамиятга эга. Насафий нотўғри қараш ва мазҳабларга қарши раддиялар ёзиб, мусулмонлар ўртасида ҳақиқий ақидани тарғиб қилган.
Унинг энг машҳур асари “Табсиратул адилла фи усулиддин” бўлиб, бу асар мотуридий таълимотида “Тавҳид” китобидан кейинги ўринда туради. Бу китоб орқали мотуридий ақида назариясининг юксак даражада кенг тарқалишига катта ҳисса қўшган. Шунингдек, қуйидаги асарлари ҳам унинг илмий маҳоратини кўрсатади:“Ат-Тамҳид ли қоваидит-тавҳид фи илмил калом”, “Ал-Умда фи усул ал-фиқҳ” “Баҳр ал-калом фи илмил калом”
Абул Муъин ан-Насафий ўзидан кейинги авлод учун юксак илмий мактаб қолдирди. У кўплаб шогирдларни етиштирди, улар орасида ҳанафийлик ва мотуридийлик таълимотларини дунё бўйлаб ёйган буюк олимлар ҳам бор эди. Машҳур шогирдлари орасида қуйидагилар ажралиб туради: Нажмиддин Умар ан-Насафий, Алоуддин ас-Самарқандий, Абу Бакр ал-Косоний, Аҳмад ал-Паздавий, Абул Музаффар ат-Талақоний, Абул Ҳасан ал-Балхий ҳроҳимаҳумуллоҳ.
Ушбу шогирдлар Насафий асос солган илмий йўналишни давом эттириб, унинг меросини янада кенг ёйишга ҳисса қўшди.
Насафий фақат илм-фанга эмас, балки ўзининг шахсий ҳаёти билан ҳам атрофдагиларга ибрат бўлган. У мол-дунёга қизиқмаган, дунёвий бойликдан юз ўгириб, илм ва маънавиятни ўз ҳаётининг асосий мақсади сифатида танлаган. Бу олимнинг ботил, адашган оқимларга қарши қилган курашлари ва ҳаққонийлик йўлида кўрсатган матонати ҳар қандай мусулмон учун ибратдир.
Абул Муъин ан-Насафийнинг ҳаёти ҳар бир мусулмон учун юксак ибрат мактабидир. Насафийнинг бутун ҳаёти илмга интилиш билан ўтган. У ҳар қандай шароитда илм олишни ўзининг бурчи деб билган. Аллома нотўғри мазҳаб ва қарашларга қарши чиқиб, ҳақиқатни ҳимоя қилишга интилган.
Абул Муъин ан-Насафий ўз умрини илм, ҳақиқат ва маърифат йўлида бағишлаб, чин маънода ўлмас мерос қолдирган. Бугунги кунда ҳам унинг ҳаёти ва асарлари мусулмон оламига нур тарқатишда давом этмоқда. Унинг ҳаёти ҳар биримизга илмга интилиш, сабрли ва қатъиятли бўлиш, ўз орамизда ҳаққонийликни тарғиб қилишда ёрқин йўлчи юлдуздир.
Абдулатифов Исломжон
«Кўкалдош» ўрта махсус ислом билим юрти 202-гуруҳ талабаси






