Мамлакатимизда ахборот хавфсизлиги масаласига давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилиб, кибержиноятчиликка қарши курашишнинг янги ёндашувлари амалиётга жорий қилинмоқда. Чунки виртуал оламдаги жиноятларнинг зарари ва хавфи реал оламдаги таҳдиддан ошиб бораётганига гувоҳ бўлаяпмиз.
Ҳозирги кунда глобал ахборот майдонида кибер макон билан боғлиқ янгидан-янги таҳдидлар юзага келмоқда. Виртуал оламдаги ҳужумлардан ҳимояланиш масаласи дунё ҳамжамиятини жиддий ташвишга солмоқда. Шу боис, кибержиноятлар, фирибгарларнинг тузоғига тушишдан аҳоли, айниқда, ёшларни ҳимоя қилиш, талабаларда соғлом иммунитетни шакллантириш зарур.



26 феврал куни “Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юртида “Ёшларимизни кибержиноятлар хатаридан огоҳ этиш – долзарб вазифа” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.
Мазкур тадбир “Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти ҳамда Тошкент шаҳар Ички ишлар Бош бошқармаси Ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятларга қарши курашиш бошқармаси ҳамкорлигида ташкил этилди.


Тадбирда “Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти Ёшлар билан ишлаш, маънавият ва маърифат бўлими бошлиғи А.Ғаниев, Тошкент шаҳар ИИББ Ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятларга қарши курашиш бошқармаси Шайхонтоҳур туман бўлими лейтенанти Исмоил Мадиев, Тошкент шаҳар ИИББ Ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятларга қарши курашиш бошқармаси Шайхонтоҳур туман бўлими катта лейтенанти Соҳибжон Турдиев, Тошкент шаҳар ИИББ Ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятларга қарши курашиш бошқармаси Шайхонтоҳур туман бўлими лейтенанти Шахзод Исломов, гуруҳ раҳбарлари ҳамда талаба-ёшлар иштирок этдилар.
Давра суҳбатида ҳозирги вақтда интернетда пайдо бўлаётган фирибгарлик муҳокама қилинди. Унда сўзга чиққанлар ҳозирги кунда кибержиноятчиликнинг турлари ортиб бораётгани, бу иллатдан ҳимояланиш, унинг жабрланувчисига айланиб қолмаслик, интернет саводхонлигини ошириш, ахборот хуружларига нисбатан иммунитетни шакллантириш бўйича талаба-ёшларга маслаҳатлар бердилар.



Таҳлилларга кўра, дунё бўйлаб ҳар йили 500 миллиондан ортиқ кибер ҳужумлар уюштирилади. Ҳар сонияда 12 нафар инсондан бири кибер маконда содир этилган ҳужумлар қурбонига айланади. Америка Қўшма Штатлари, Франция, Англия, Германия, Бельгия, Люксембург каби ривожланган давлатларда жиноятларнинг 60-65 фоизи кибер ҳужумлар орқали содир этилмоқда. Ўзбекистонда ҳам сўнгги уч йилда бу турдаги жиноятлар 8,3 бараварга кўпайиб, ҳозирда умумий жиноятчиликнинг қарийб 5 фоизига етган. Хусусан, ноқонуний банк-молия операциялари орқали ўзгаларнинг пластик картадаги маблағларини ўзлаштириш, зарарли вируслар тарқатиш, қимор ва таваккалчиликка асосланган онлайн ўйинлар, диний ақидапарастликка қаратилган ахборот хуружлари, онлайн савдо майдонидаги фирибгарлик жиноятлари кўпайиб бораётгани маърузачилар томонидан таъкидланди.
Ачинарлиси, ахборот технологиялари ёрдамида ҳуқуқбузарлик ва жиноятга қўл урган шахслар орасида ёшлар кўпчиликни ташкил этмоқда. Республикамизда виртуал оламдаги қонунбузилишларнинг аксарияти 16-23 ёш оралиғидаги ўсмир-ёшлар томонидан содир қилинмоқда. Бундан кўриниб турибдики, киберхавфсизликни таъминлаш масаласи бугун ҳар қачонгидан ҳам долзарб аҳамият касб этмоқда.
А.Ғаниев кибержиноятчиликнинг замирида нима ётганлиги, бунда интернет фойдаланувчиларининг ўзлари ҳам сабабчи бўлиб бораётганлиги, оддийгина ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш этикасини билмаслиги натижасида интернет фирибгарликлари вужудга келаётганини айтиб ўтди.
Сохта маълумот ва ахборотлар, ёт ғоялардан огоҳ бўлиш, тақиқланган сайтлардан фойдаланмаслик бўйича батафсил тушунтириш берилди.
Давра суҳбати якунида талабалар ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилишди.
Ёшлар билан ишлаш, маънавият ва маърифат бўлими бошлиғи А.Ғаниев






