Гувоҳлик беришларича, ҳазрат Мавлоно Рашид Аҳмад Гангуҳий (р.а)- га Мадинадан хурмо келтиришса, Ҳазрат уларни ниҳоятда икром билан тутар ва хос бир ўринларда тановул қилардилар. Бир куни Ҳазрат шогирд-ларига Мадина хурмоларидан яқинларига совға тариқасида ҳадя қилишни буюрдилар. Шунда шогирдлари “Устоз, бунинг ўрнига бирор аҳамиятлироқ совға берсак бўлар эди”, деб таклиф қилди. Ҳазрат бу таклифдан қаттиқ ранжидилар. Ва: “Мадинанинг хурмолари оддий совға эмас, балки Аллоҳ таолонинг улуғ неъматларидан биридир”, дедилар.
Бир сафар Рашид Аҳмад Гангуҳий (р.а)га Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳужраларининг тупроғини ҳадя қилиб келтиришди. Ҳазрат уни беҳад эҳтиром билан сурмадонларига солиб, ҳар кеч кўзларига суртиб юрдилар.
Бошқа бир сафар Мадинаи мунавварадан кўйлак совға қилинганда Гангуҳий ҳазратлари ғоятда миннатдор бўлдилар. Шунда шогирдларидан бири “Устоз бу либосда қандай барака бўлсин, ахир уни бошқа мамлакатда тикиб, сўнг Мадинада сотишади-ку”, деди. Шунда Ҳазрат “Уни эъзоз этишимга Мадина ҳавосига тўйинганлиги ўзи кифоя қилади”, дедилар.
Яна нақл қилишларича, Гангуҳий (р.а) “Дорул Улуми Девбанд” саҳнасида, очиқ жойда шогирдларга дарс бераётган пайтлари ёмғир ёғиб қолади. Ҳамма талабалар шоша-пиша китобларини кўтариб, кавушларини ҳам қолдириб, ўзларини панага олдилар. Ҳазрат эса бошларига ридоларини ташлаб, шошилмасдан талабалар оёқ кийимларини бирма-бир йиғиштириб, уларни ёмғирдан панага ола бошладилар. “Устоз, бу нима қилганингиз, – дейишади талабалар хижолат тортиб. – “Қўйинг, тураверсин, ўзимиз оламиз!” Ҳазрат бўлса: “Рашид Аҳмад “Қолаллоҳ”, “Қола Расулуллоҳ” деб, ўқийдиган аҳли илмлар оёқ кийимини кўтариб юрмасам, бошқа нима иш қилардим?” дейдилар ним табассум билан.
Ҳазратнинг суннатга қай даражада ихлос ила амал қилишлари борасида кўплаб мисолларни келтиришади. Маълумки, суннат бўйича масжиддан чиқишда чап оёқ билан чиқиш лозим, оёқ кийимни кийишда эса ўнгдан бошлаш керак. Ҳазрат Гангуҳий (р.а) масжиддан чап оёқда чиқиб, уни кавушлари устига қўярдилар-да, сўнгра аввал ўнг оёқларига, кейин чапига ковуш киярдилар. Бунинг ҳаммаси суннатга беҳад эҳтиромлари юзасидан эди.
Бир киши Ҳазратнинг ҳузурларига келиб, салом ўрнига “Ҳазрат саломат”, деди. Ҳазрат жуда ғамгин бўлдилар ва: “Биз мусулмонлар салом тиловчимиз, саломатлик берувчи эмас”, дедилар.
Ҳазрат фарзандлари ва завжаларига суннатга эргашишни васият қилдилар ва: “Ким суннатга хилоф қилса, бешак менинг душманимдир”, дедилар. Бир сафар Ҳаким Муҳаммад Исмоил Гангуҳий Ажмирий деган киши Ҳазратнинг ҳузурида, ул зотни мадҳ этувчи ўз шеърини ўқиб берди. Ва Ҳазратдан мақтов кутиб, таъзим қилди. Ҳазрат нима қилдилар дейсизми?.. Ердан бир сиқим тупроқ олдилар. Ва индамай келиб маддоҳ шоирнинг юзига сепиб юбордилар. Мажлис аҳли ҳайратга тушди. Шоир бўлса: “Ҳазрат, бу нима қилганингиз? Ахир кўйлагимни расво қилдингиз-ку!” дея арз қилди. “Мен Расулимиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтган ишни қилдим, холос”, дедилар Рашид Аҳмад Гангуҳий (р.а) ҳазратлари хотиржам оҳангда.
Кўкалдош ўрта махсус ислом билим юрти
мударриси Мирзаев Камолиддин





