Муқаддас ислом дини шиор (белги, рамз) ларидан бири бўлиб, намозвақти кириши биланоқ, мусулмон кишиларни ибодатга чорловчи чақириқдир.
Азон луғатда, бирор нарсани “билдириш”, “эълон қилиш”каби маъноларни англатади.Бунга далил Аллоҳ таолонинг ушбу ояти:
{ وأذان من الله ورسوله}
Яъни, Аллоҳ ва расулидан азон (билдириш).( Тавба сураси 3-оят).
Азон айтувчи кимсага нисбатан “муаззин” дейилади.
Азоннинг шаръий-истилоҳий маъноси, шариатда кўрсатилган махсус ва маълум лафзлар билан намоз вақтининг кирганлигини эълон қилишдир. Азон Китоб (Қуръон) ва суннат (ҳадис) билан собит бўлган. Китобдан далил:
يأيها الذين ءامنوا إذا نودى للصلوة من يوم الجمعة فاسعوا إلى ذكر الله
“Эй иймон келтирганлар! Жума кунида намозга нидо қилинган пайтда, Аллоҳнинг зикрига шошилинг..” (Жума сураси 9-оят).
Бу борада Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳам қуйидаги ҳадислари ривоят қилинган:
قال رسول الله صلى الله عليه وسلم: «إذا حضرت الصلاة فليؤذن لكم احدكم» رواه البخارى و مسلم.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Агар намоз вақти кирса, сизлардан бирингиз бошқаларга азон айтиб берсин”. (Имом Бухорий ва имом Муслим ривоятлари).
Азон ҳижратнинг биринчи йили Мадинайи мунавварада жорий этилган. Чунки, Набий алайҳиссалом Мадинага келган вақтларида инсонлар орасида намоз вақтларини аниқлаштиришда қийинчилик юзага келди. Буни бартараф этиш ҳамда намоз вақти кирган чоғда уни одамларга билдирадиган бирор белги ёки аломатни тайин этиш борасида ўзаро маслаҳатга йиғилдилар. Агар шундай қилсалар жамоат намозларини ўтказиб юбормас эдилар. Баъзи инсонлар қўнғироқ, карнай, ноғора, олов ёқиш ёки байроқ қадашвоситасида намозга чорловни таклиф қилдилар. Бироқ, Пайғамбар алайҳиссалом бу нарсаларнинг бирортасига ҳам розилик бермадилар. Чунки улар ғайридинларнинг ибодатга чорлаш воситалари ҳисобланарди.
Азоннинг машруъ (шариатга киритилиш) бўлишига Абдуллоҳ ибн Зайд р.а.нинг тушлари боис бўлган. У зотнинг тушларида бир фаришта азон ва иқомат калималарини у кишига таълим беради. Сўнгра бу туш ҳақида Расулуллоҳга хабар берадилар. Ушбу туш борасида Расулуллоҳга ваҳий нозил бўлгандан сўнг, Пайғамбар алайҳиссалом намоз чорлови учун азон айтишга буюрадилар. Мана шу асосда ҳар намоз вақти кирганда азон айтиш ислом шариатига суннати муаккада (таъкидланган суннат) амали тарзида жорий бўлган. Шунингдек, Расулуллоҳ азон айтишга масъул этиб Билол р.а.ни тайинлаганлар. Бунга у зотнинг ҳуш овоз соҳиби эканликлари сабаб бўлган.Азон лафзлари тўртала сунний мазҳаблар доирасида бир хилдир. Унда аввал тўрт марта “Аллоҳу акбар”, икки марта “Ашҳаду алла илаҳа иллаллоҳ”, икки марта “Ашҳаду анна Муҳаммадар росулуллоҳ”, икки бор “Ҳаййа алас солаҳ”, “Ҳаййа алал фалаҳ”, яна икки бор “Аллоҳу акбар”, сўнгра бир марта “Ла илаҳа иллаллоҳ” калималари айтилади. Бомдод намозида “Ҳаййа алал фалаҳ”дан сўнг икки бор “Ассолату хойрум минанавм” калимаси азонга қўшилади. Намозга азон айтилгач, фарз намозлар учун “иқомат” айтилади.
Кўкалдош ЎМИБЮ мударриси
Шавкатжон ХАЛИЛОВ
ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР РЎЙХАТИ
- “Ал-фиқҳул ала мазаҳибул арбаъ”.
- “Ал-Ҳидоя”.Имом Марғилоний.






