“Дурар” ва Ибн Малакнинг “Ал- Мажмаъ” китобларида шунингдек, “Танвир” китобида ҳам қуйидаги гаровга тегишли масала келган у қуйидагича: гаров олган шахс ҳужжатсиз гаров қўйилган мол ҳалок бўлганини даъво қилса, тўлайди, агарда ҳалок бўлганига ҳужжати бўлса тўламайди. Аммо мазҳабнинг бу масала ҳақида тутган йўли у ҳужжат келтирадими йўқми қарз ва ҳалок бўлган гаровнинг қийматидан қайси бири оз бўлса ўшани тўлайди. Имомига тақлид қилувҳи (муқаллид) учун фатво бериш жоиз деб айтишнинг маъноси шундан иборатки – у фақатгина имомининг фатвосинигина нақл қилувчи холос ҳақиқий муфтий эмас.
Шофеъий мазҳаб имомларидан Ибн Солаҳ роҳимаҳуллоҳ: “Унинг яъни муқаллиднинг фатвоси жоизмас деган гапнинг маъноси шундан иборатки – у айтаётган фатво ўзининг нафсидан бўлмасин, балки уни ўзи эргашган имомининг гапи деб ишора қилсин. Шунга кўра уни ҳақиқий муфтиймас балки тақлид қилувчи муфтий деб ҳисоблаймиз. Уларнинг бу мақомда айтадиган гаплари – масалан: Ҳанафий мазҳабида масаланинг ҳукми ҳаром ёки макруҳ ва ҳоказо. Айтаётган масаласининг ҳолати мазҳаббоши имомини зикр қилишга ҳожат тушурмаса унда айтмасдан тарк қилишда ҳеч қандай зарар йўқ”.
Хулоса шундан иборатки, Муфтий ўз мазҳабида маълум ва машҳур бўлса, ҳар маротаба фатво айтганда мазҳаб имомини зикр қилиши шарт эмас.
Аллома Ибн Амир Ҳожж “Ат-Тақрир ва Таҳбир” номли китобларида муқаллид муфтий ҳақида қуйидагиларни келтирганлар: “Унинг мужтаҳид имомдан нақл қилишининг икки йўли бор биринчиси ўзидан имомигача етиб борадиган санади бўлсин ёки уларнинг машҳур китобларидан масалан Имом Муҳаммад ибн Ҳасаннинг китобларига ўхшаган манбалардан олсин чунки улар мутавотир ва машҳур даражасидадир”.
Муфтий ўз мазҳабининг далилларини билиши шарт бўладими?
Имом Абу Ҳанифа ва бошқа мужтаҳид роҳимаҳумуллоҳлардан қуйидагилар нақл қилинган: “Ҳеч бир кишига бизнинг сўзимиз билан қаердан олиб гапираётганимизни англамагунича фатво бериши жоиз эмас”
Аллома Ибн Обидийн мужтаҳид имомлар тарафидан айтилган бу гапни иккита эҳтимолини зикр қилганлар:
“Биринчиси: бу гап хитоб қилинаётган шахс мутлоқ мужтаҳид бўлиб унга ўз мазҳаб имомининг сўзлари фақатгина унинг далиллари зоҳир бўлсагина эргашиш жоиз.
Иккинчиси: бу ўринда хитоб қилинаётган шахс мазҳаб ичидаги мужтаҳид бўлиб имомининг мазҳабида янги масалани келтириши мумкин эмас, фақатгина ўша масалада имомининг далиллари тўғри келсагина жоиз, чунки янги масала (тахриж) далилни ўганмасдан туриб мумкин эмас”.
Ҳақиқат шундан иборатки, бу икки эҳтимолнинг ўртасида ҳеч қандай зиддият йўқ, чунки мужтаҳид имомларимиз ҳар иккаласини ҳам назарда тутган бўлиши мумкин. Ўйлаб қараладиган бўлса ҳақиқий маънодаги фатвони мужтаҳидгина бера олади, фарқи йўқ у мужтаҳид мутлақ бўладими ёки мазҳаб ичидами, аммо мазҳаб мужтаҳиди бўлмаса, ҳақиқий муфтий эмас, балки юқорида Ибн Солаҳ ва Ибн Ҳумом роҳимаҳумаллоҳлар айтганларидек, имомнинг фатвосини нақл қилувчи холос.
Мазҳаб имомининг фатвосини нақл қилувчи эргашувчи муфтийда топилиши керак бўлган шартлар?
Мужтаҳид бўлмаган муфтий мазҳаббоши имомининг сўзини ҳикоя қилаётган вақтида, ўйламасдан, таваккалига айтмайди, балки бу ўринда илм, зийраклик ва фиқҳий малака лозимдир.
Биринчи навбатда: мужтаҳиднинг мазҳабини яхшилаб пухта ўрганиш, мазҳабнинг унга нисбатини текшириб кўриш зарур, сабаби баъзи ўринларда ундан нақл қилиншда хатолар топилиб қолиши бор. Аллома Ибн Обидийн роҳимаҳуллоҳ бунга ўхшаш бир нечта хатоларни кейинги давр уламоларнинг йигирмага яқин китобларида санаганлар, бу хатолар китоб муаллифининг ўзи тарафидан қўйилган кейингилар уни ўшандай нақл қилишган. Мисолларни қуйида келтирамиз:
Муҳаммад Зуҳрий Ғомравийнинг “Сирож-ул Ваҳҳож” ва Абу Бакр ибн Али ибн Муҳаммад Ҳаддодийнинг “Жавҳара” китобларида қуръонни тиловатига кўра ижара олиш дуруст деган фатво масала келган ва уни кейингилар ўшандай нақл қилишган, бироқ бу хатодир, аслида Қуръонни таълимининг ижараси дуруст бўлган тиловати эмас, чунки фатвони келтириб чиқарадиган зарурат таълим, имоматлик азон масалаларида топилади, булар динни шиорларидан ҳисобланади.
Аввалги асрларда бунга ўхшаш масалаларда камчиликка йўл қўйилмаган кейинг давр мусулмонларида дин ишларида дангасаликлар кўрина бошлагач уламолар динни шиори йўқ бўлиб кетмаслик учун уларда ижара яъни ойлик маошларни жорий қилдилар.
Тақий Усмоний ҳафизаҳуллоҳнинг “Усулул ифто ва одобуҳу” китобидан таржимон Мирзаейв Камолиддин.





