Икки олам сарвари бўлмиш Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаёт йўлларини ўрганиш мусулмонлар ўзлари учун кўплаб ибрат ва намуналарни кашф қиллишларига сабаб бўлади. Дарҳақиқат, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётларини ўрганар эканмиз, мусулмон одам ҳар қандай вазиятларда ўзини қандай тутиши кераклиги борасида ҳикматга бой хулосаларни оламиз. Аллоҳ азза ва жалла Пайғамбаримиз ҳақларида шундай деб марҳамат қилган:
لَّقَدْ كَانَ لَكُمْ فِي رَسُولِ اللَّهِ أُسْوَةٌ حَسَنَةٌ لِّمَن كَانَ يَرْجُو اللَّهَ وَالْيَوْمَ الْآخِرَ وَذَكَرَ اللَّهَ كَثِيرًا
«Батаҳқиқ, сизлар учун, Аллоҳдан ва охират кунидан умидвор бўлганлар учун ва Аллоҳни кўп зикр қилганлар учун Расулуллоҳда гўзал ўрнак бор эди»[1] (Аҳзоб сураси, 21-оят). Ояти каримада Аллоҳ ва охират кунидан умидвор бўлганлар ва Аллоҳни кўп зикр қилувчилар учун Расулуллоҳдан ўрнак ва намуна олишнинг фазилати ва бу ўрнакнинг чиройли эканлиги баён қилинмоқда. Инсон кундалик ҳаётини ўз нафси қандай хоҳласа шундай эмас, балки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан намуна олган ҳолда ўтказиши керак. Бу намунанинг айнан қандай эканлигини ўрганиш учун ҳам биз сийрат илмига мурожаат қиламиз. Сийрат илмини ўрганиш орқали инсон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг намуналари билан намуналаниши, хулқлари билан хулқланиши, феъллари билан ўз шахсиятига чиройли феълларни сингдириши мумкин. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этканларидан кейинги илк асрлардаёқ одамлар сийрат илмига алоҳида ҳиммат ва рағбат билан қизиқа бошладилар. Тобеъинлар саҳобаларга айнан Расулуллоҳнинг ҳаётлари қандай бўлганлиги ҳақида саволлар беришарди. Айни шундай қизиқиш халифа Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳунинг даврларида Абдуллоҳ ибн Аббос, Абдуллоҳ ибн Умар ва Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳум каби саҳобаларнинг шогирдларга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратлари ҳақида имло қилдиришларида ўз исботини топган. Шогирдлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга тегишли устозлари айтган ҳар бир гапни ёзиб олишар эди. Сўнгра тобеъинлар даврида бу илм ҳақида китоблар таълиф этила бошланди. Тобеъинлардан Урва ибн Зубайр раҳматуллоҳи алайҳ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларини ёзишни бошлаган илк олим ҳисобланади. Имом Воқидий, Саховий, ибн Надийм, Заҳабий ва бошқалар шундай хулосага келишган. Шунингдек, у зот ислом тарихи илмига асос солган инсондирлар. У зотнинг сийрат ҳақидаги китоблари «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнин ғазотлари» деб номланган. Урва ибн Зубайр раҳматуллоҳи алайҳнинг бу илм борасидаги ишларини Абон ибн Усмон, Ваҳб ибн Мунаббиҳ, Шураҳбийл ибн Саъд ва Ибн Шиҳоб аз-Зуҳрий каби олимлар давом эттиришди. Сўнгра китоб ёзиш оммаласжиб кетди. Аввалги олимлар ривоятни (оғзаки айтшни) китобатдан (ёзиш) устун кўришган бўлса, Муҳаммад ибн Исҳоқ Маданий раҳматуллоҳи алайҳнинг даврида китобат анча кучли аҳамиятга эга бўлиб қолган эди. Муҳаммад ибн Исҳоқ Маданий раҳматуллоҳи алайҳ ҳижрий 80-йилда Мадинаи Мунавварада таваллуд топганлар. Ибн Шиҳоб аз-Зуҳрий раҳматуллоҳи алайҳ каби замоналарининг улуғ аҳли илмларидан илм оладилар ва ҳадислар ривоят қиладилар. У зотнинг машҳур шогирдлари сифатида Суфён Саврий, Шуъба ибн Ҳажжож ва Суфён ибн Уяйна раҳматуллоҳи алайҳимларни зикр қилиш мумкин. Ибн Исҳоқ ҳақларида машҳур олим ибн Имод Ҳанбалий шундай деганлар: “Муҳаммад ибн Исҳоқ ибн Ясор ҳазратлари сийрат илмининг соҳибидирлар. Илм денгизларидан бир денгиз, закий, ҳофиз, илмни кўп талаб қилувчи, ривоятлар қилувчи олим зот эдилар. Абдулмалик ибн Ҳишом айнан Ибн Исҳоқ раҳматуллоҳи алайҳнинг китобларидан ривоятларни олиб китоб ёзган. Кимки, сийрат илмида бирон гап айтса у гапнинг чиққан булоғи Ибн Исҳоқ раҳматуллоҳи алайҳга бориб тақалади”. Ибн Исҳоқ раҳматуллоҳи алайҳ сийрат илми борасида ишончи ва кенг қамровли китоб ёздилар ва уни «Ас-Сийра ан-Набавийя» деб номладилар. Ибн Исҳоқ раҳматуллоҳи алайҳ ҳижрий 151-йил Бағдод шаҳрида вафот этадилар. У зотнинг вафотларидан кўп ўтмай бу китобнинг баъзи қисмлари ўчиб кетади. Ундан қолган каттагина қисмда эса сийрат бутунликча қамровга олинмаган эди. Бироз вақтдан кейин Абу Муҳаммад Абдул-Малик ибн Ҳишом раҳматуллоҳи алайҳ бу китобни ўрганиб тўлдириб чиқишга бел боғлайдилар. Абу Муҳаммад Абдулмалик ибн Ҳишом ибн Айюб Ҳимярий раҳматуллоҳи алайҳ ҳижрий ИИ асрда Басрада таваллуд топганлар. Ибн Исҳоқ раҳматуллоҳи алайҳнинг китобини ривоят қилиш учун ижозани ибн Ҳишом раҳматуллоҳи алайҳга Зиёд ибн Абдуллоҳ Букоий раҳматуллоҳи алайҳ берадилар. У зот «Ас-Сийра ан-Набавийя» асарининг йўқолган қисмларини тўлдириб чиқибгина қолмасдан балки, китобни яхшилаб шарҳлайдилар ва баён қилиниши керак бўлган ўринларни баён қилиб берадилар. Китобда саҳиҳ эканига ўзлари ишонч ҳосил қилган маълумотларни қолдириб, ривоятга яроқсиз деб ҳулоса қилган айрим маълумотларни ва исроилиётларни ўчириб ташлашга қарор қиладилар. Китобни ҳозирги ишончли ва тўлиқ ҳолатига келтириш учун қилган хизматлари эвазига китоб аввалги муаллифи номи билан эмас балки ибн Ҳишом раҳматуллоҳи алайҳ шарафларига «Сийрати ибн Ҳишом» номи билан машҳур бўлиб кетади.
Ҳозиргача етиб келган қўлёзмалар орасида «Ас-Сийра ан-Набавийя» асарининг ибн Ҳишом раҳматуллоҳи алайҳ тўғирлаб таҳзиб қилишларидан аввалги намунаси йўқ. Бу китоб Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларига оид энг аҳамиятли ва бош манба бўлган китоб ҳисобланади. Кейинги барча сийрат китоблари ўз намунасини, қолипи ва аксар маълумотларини ибн Исҳоқ ва ибн Ҳишом раҳматуллоҳи алайҳлар қаламига мансуб «Ас-Сийра ан-Набавийя» китобидан олган.
Мадраҳимов Муҳаммадаъло Кўкалдош ЎМИТМ мударриси
[1] «Tafsiri Hilol», Shayx Muhammad Sodiq Muhammad Yusuf, «Sharq» nashriyoti, 2006 yil, 2-nashr, 4-jild, 568-bet.





