Кеча “Кўкалдош” ўрта махсус ислом таълим муассасаси талабалари Тошкент шаҳрининг Шайхонтоҳур туманидаги Сузук Ота мажмуасига ташриф буюрдилар. “Сузук Ота” масжидида аср намози ўқилганидан сўнг имом хатиб Айюбхон Сўпиев домла масжид ва маҳалланинг қадимий тарихи, кўҳна масжидларда намоз ўқишнинг фазилати ҳақида сўзладилар. Сузук Отанинг ҳаёти, касби кори ва минтақада тутган ўрни ҳақида маълумотлар бердилар, илм аҳлининг тирикчилик учун бирор касб эгаси бўлиши яхшилигини тушунтирдилар.
Талабалар собиқ Иттифоқ даврида ташландиқ аҳволга келтирилган бу қадимий масканнинг сўнгги йиллардаги улкан таъмирлаш ва қурилиш ишлари натижасида миллий услубдаги янги бинолар ва кўркам хиёбон билан чирой очганига гувоҳ бўлдилар. Сузук ота дафн этилган даҳма зиёрат этилди. Қуръон тиловат қилинди. Бу ерда ўтган улуғлар ҳақига дуолар қилинди.
Талабалар катта таассуротлар олиб қайтдилар.



“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти матбуот хизмати.