Мавлуди шарифни нишонлайдиганларни уни инкор қилувчилар бу янги пайдо бўлган бидъат ва “Ҳар бир бидъат залолатдир”, деб айблайдилар. Шунинг учун бидъатнинг асли нима экани, бидъат билан кимлар ҳукм қилинади ва қилинмайди, сўзимиз шулар ҳақида.
Биринчи: бидъатнинг маъноси ва унинг қисмлари
Ибнул Асир ўзининг “Ниҳоя” номли асарида бидъатнинг маъносини ва унинг қисмларини қуйидагича очиқлаб берган: “Бидъат икки хил бўлади: ҳидоят бидъати ва залолат бидъати. Аллоҳ таолонинг ва Унинг Расули (сав)нинг амри-буйруғига нима хилоф бўлса, у мазаммат ва инкор ўрнига тушади. Аллоҳ таоло ва Унинг Расули (сав) унга ундаган ва чақирган нарсанинг умуми остига тушган ҳар қандай иш мақтов ўрнига тушади. Аммо олийжаноблик, саховатпешалик ва маъруф ишлар кабиларга ўҳшаш мавжуд мисоллар бўлган нарсалар бўлса ва у мақталган амаллардан бўлса, уларни шариат келтирган нарсага хилоф ўринга қўйиш жоиз бўлмайди. Чунки, Набий (сав) бу каби ишларда савоб бўлишлиги ҳақида айтиб ўтганлар: “Кимки исломда гўзал суннат (одат) жорий қилса, унинг ажри ва ажрларидан бирор нарса камайтирилмаган ҳолда ундан кейин амал қилганларнинг ажри унга бўлади”. Ва унинг зидди ҳақида эса: “Кимки исломда ёмон суннат жорий қилса, унинг гуноҳи ва гуноҳларидан бирор нарса камайтирилмаган ҳолда ундан кейин амал қилганларнинг ҳам гуноҳи унга бўлади”, дея огоҳлантирганлар.
Умар розияллоҳу анҳу ҳам бу ҳақда: “Қандай ҳам гўзал бидъат бўлди бу”, деганлар. Чунки Умар розияллоҳу анҳу айтаётган ишлари яхшилик амаллар сирасидан бўлди ва мақтов ўрнига кирувчи бўлгани сабабли уни бидъат деб номлаб мақтадилар. Ундан ташқари Расулуллоҳ (сав) таровеҳ намозини ўзлари мусулмонлар учун суннат қилиб бермадилар, бунинг сабаби таровеҳни бир неча кеча ўқидилар, сўнгра уни тарк қилдилар, уни муҳофаза (сақламадилар) қилмадилар ва уни адо этишга инсонларни жамламадилар. Бу ибодат Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг замонида ҳам йўқ эди. Фақатгина Умар розияллоҳу анҳу ўз халифалик замонларида инсонларни унга жам қилдилар ва унга ундадилар. Мана шу сабабдан таровеҳ намозини бидъат деб номладилар, аммо ҳақиқатда у суннат амал ҳисобланади. Чунки, Расулуллоҳ (сав): “Ўзингизга менинг суннатимни ва мендан кейинги рошид халифаларнинг суннатини маҳкам тутинглар!” деганлар ва у зот (сав): “Мендан кейинги икки кишига: Абу Бакр ва Умарга иқтидо қилинглар (эргашинглар)”, дея таъкидлаганлар. Шу таъвилга кўра бошқа бир ҳадиси шарифни ҳамл қилса бўлади: “Ҳар бир янги пайдо бўлган нарса бидъатдир”. Бу ердаги гапдан шариат аслларига хилоф бўлган ва суннати набавийяга мувофиқ келмаган нарса ирода қилинмоқда”. “Ниҳоя” муаллифининг гапидан қуйидаги нарсалар истифода қилинади:
1. Бидъат икки хил бўлиши:
А) Ҳидоят бидъати. Бу бидъат ҳақида Набий (сав): “Кимки исломда гўзал суннат (одат) жорий қилса, унинг ажри ва ажрларидан бирор нарса камайтирилмаган ҳолда ундан кейин амал қилганларнинг ажри унга бўлади”, деб хабар берганлар. Набий (сав) ушбу ҳадисда бидъат сўзига чиройли суннат деган сўзни ишлатдилар. Демак, ҳидоят бидъати у яхши бидъат эканлиги келиб чиқади.
Б) Залолат бидъати. Бу бидъат турини Набий (сав): “Кимки исломда ёмон суннат жорий қилса, унинг гуноҳи ва гуноҳларидан бирор нарса камайтирилмаган ҳолда ундан кейин амал қилганларнинг ҳам гуноҳи унга бўлади”,деб сифатлаганлар. Демак ёмон суннат залолат бидъатига ҳамл қилинади.
Давоми бор…
Рустам Охунжонов
«Кўкалдош» ўрта махсус ислом таълим муассасаси Матбуот котиби






