Фарзанд инсон қалбининг меваси дейилади, ҳар томонлама соғлом бола ота-онанинг белига қувват ва кўзига нур беради. Меҳрибон Аллоҳ таоло гўдак болаларнинг соғ ва саломат бўлиши учун оналарни кўкрак сути билан эмизишга буюради.
Аллоҳ таоло айтади: “Оналар болаларини тўла икки йил эмизадилар”. (Бақара 233 )
Фарзанд кўриб, кўзи қувонган ҳеч бир она узрсиз ўз болани эмизишдан бош тортмайди. Балки, болани эмизиш онанинг оналик вазифаси деб билган оналар фарзандларини узр сабабли эмизмай қолса-да ўзларини гуноҳкор билади.
Баъзида “Онанинг вазифаси фарзандни туғишдан иборат, уни она сути билан боқиш отанинг вазифаси бўлади. Керак бўлса, эмизувчи аёлни ижарага олсин” – деган гапларни эшитиб қоламиз. Мазкур гапнинг ҳақиқати қандай ва қандай тушинилади?
Ҳанафий мазҳабимизнинг китобларида: Ўз фарзандини эмизиши диёнат жиҳатидан онага вожиб, лекин эмизишдан бош тортган онани қози эмизишга мажбур қилолмайди- дейилади.
Диёнат жиҳатидан вожиб бўлган ишни банда қилмаса Аллоҳ таолонинг олдида гуноҳкор бўлади. Узрсиз ҳолда ўз боласини эмизишдан бош тортган она ҳам Аллоҳ таоланинг олдида гуноҳкор бўлади.
Шунингдек, эмизишдан бош тортган онани қози эмизишга мажбур қилолмаслиги учта шарт топилган вақтда бўлади.
- Ота эмизувчи аёлни ижарага олишга молиявий жиҳатдан қодир бўлса.
- Ана шу ҳудудда ижара ақди билан эмизадиган эмизувчи аёлларни топилиши.
- Гўдак бола ижарага олинадиган эмизувчини кўкрагини қабул қилиши.
Мазкур шартларнинг ҳаммаси топилганда эмизишдан бош тортган онани қози эмизишга мажбур қилолмайди. Ушбу ҳолда ота эмизувчи аёлни ижарага олиши вожиб бўлади.
Мазкур шартлардан бири топилмаса яъни, ота эмизувчи аёлни ижарага олишга молиявий жиҳатдан қодир бўлмаса ёки ана шу ҳудудда ижара ақди билан эмизадиган эмизувчи аёл топилмаса ёки гўдак ўз онасидан бошқани эммаса қози тарафидан ҳам онани эмизиши мажбур қилинади.
Албатта, қози инсонлар орасидаги муомалага жанжал ва хусуматлар содир бўлганда, уларни орасини очиқ қилиш аралашади. Диёнатли она эмизишдан бош тортмайди. Диёнатини йўқотган она эмизишдан бош тортади. Эр билан жанжал ва хусумат қилади. Натижада қозига мурожаат қилади. Қози эса юқоридаги шартларни бор ёки йўқлигини кўриб чиқиб отага ёки онага эмизишни ҳукм қилади. Қози чиқарган ҳукмини бажарилишига мажбур қилади.
Ҳаттоки, она ўз боласини узр сабабли эмизишдан ожоз бўлса, шу билан бирга отанинг ижара ақди билан бошқа эмизувчини ёллаб эмдиришга пули бўлмаса, лекин онанинг пули бўлса она пулини сарфлаб, ижарага эмизувчини ёллаб боласини эмдириши вожиб бўлади.
Ватандошимиз Алоуддин Абу Бакр ибн Масъуд ал-Касоний айтади: “Эр ўз никоҳидаги аёл билан уйда овқат пишириш учун ёки боласини эмизиш ижара ақди қилса, қилган ақд ботил бўлади. Аёлнинг эридан уйда овқат пиширганига ёки ўз боласини эмизганига ижара ҳаққи олиш харом бўлади. Чунки, овқатни пишириб, таёрлаш ва боласини эмизиш аёлнинг ўз фазифаси бўлади. У ўзи бажариши керак бўлган вазифани бажаргани учун ҳақ олалмайди”.
Аммо, талоқ қилинган она иддаси чиққандан кейин ўз боласини эмизиш учун ижара ақди билан эмизиш жоиз.
Хулоса, фақиҳлар орасида гўдак болани эмишга ҳожат бўлган ёшда, даврда эмизишликнинг вожиблигида хилоф йўқ.
Ҳолмўминов Жалолиддин
“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти мударриси