Барча Пайғамбар алайҳимуссаломлар ўз қавмларини Аллоҳ таолога имон келтиришга ва Унгагина ибодат қилишга даъват қилганлар. Бироқ инсонларнинг озчилиги бу давъатларга эргашиган, кўпчилиги ўз саркашликлари ёки жоҳилликлари сабабли пайғамбарларни ёлғончига чиқаришган. Мана шундай пайтда анбиё алайҳиссаломлар – албатта Аллоҳ тарафидан ваҳий орқали – соғлом ақидага даъват қилишда ақлий ҳужжатларни келтиришни бошлашди. Биз: “Пайғамбарлар ўз қавмларига Аллоҳ таолодан келган нақлий ҳужжатларни ҳам келтиришди, деб айтшимиз учун “Улар ақлий ҳужжат келтиришни бошлашди”, деб айтдик чунки уларнинг қавми улар Аллоҳнинг элчилари эканлигини ҳанузгача тасдиқлашмаган эди, сабаби қавм уларга юборилган пайғамбарни тасдиқлашмас экан ва нақл эгаси Аллоҳга имон келтирмас экан нақлий ҳужжатни етказишда фойда йўқ.”
Масалан, Нуҳ алайҳиссалом ўз қавми билан баҳсу мужодала қилганлар, ҳаттоки улар Нуҳга қарата: “Эй Нуҳ, мана биз билан кўп баҳсу мужодала қилдинг. Энди агар ростгўйлардан бўлсанг, бизга ваъда қилаётган нарсангни (яъни, азобни) келтир-чи”, дейишди (Ҳуд сураси 32-оят). Шак-шубҳасиз Нуҳ алайҳиссаломнинг ўз қавми билан баҳс-мужодаласи шариат фуруъларида эмас, балки ақидаларнинг ҳақиқатини исбот қилишда бўлди.
Иброҳим алайҳиссалом ҳам Намруд билан, ўз қавмлари ва ўз оталари билан ақлий далиллар ила мужодала қилдилар, Қуръони каримдан мисол қилиб қуйидаги оятларни келтирсак бўлади: “Аллоҳ подшоҳлик берганидан ҳовлиқиб Иброҳим билан Парвардигори ҳақида талашган кимсанинг (Намруднинг) ҳоли-хабарини билмадингизми? Қайсики Иброҳим: «Парвардигорим тирилтириб, ўлдирадиган зотдир», деганида, у: «Мен (ҳам) тирилтираман ва ўлдираман», деди. Иброҳим айтди: «Албатта, Аллоҳ қуёшни Машриқдан чиқаради. Сен уни Мағрибдан чиқаргин-чи?» Шунда бу кофир довдираб қолди. Аллоҳ золим кимсаларни ҳидоят қилмайди.” (Бақара сураси 258 оят).
“Эсланг, у отасига: «Эй ота, нега сен эшитмайдиган, кўрмайдиган ва сенга бирон фойда етказа олмайдиган бутга ибодат қилурсан?” (Марям сураси 42 оят)
“Эсланг, у отасига: «Эй ота, нега сен эшитмайдиган, кўрмайдиган ва сенга бирон фойда етказа олмайдиган бутга ибодат қилурсан? Ўшанда (Иброҳим) отаси ва қавмига: «Сизлар доимо чўқинадиган бу ҳайкаллар нимадир (яъни, нега жонсиз ҳайкалларга сиғиняпсизлар?!)» деганида, Улар айтдилар: «Бизлар ота-боболаримизни ҳам уларга сиғинган ҳолда топганмиз». У деди: «Дарҳақиқат, сизлар ҳам, ота-боболарингиз ҳам очиқ залолатда экансизлар». Улар айтдилар: «Келтирган — айтган (бу сўзларинг) ростми ёки сен ҳазил қилгувчиларданмисан?»” (Анбиёлар 52-55 оятлар).
Мусо алайҳиссалом ҳам шу тарзда Фиръавн билан ҳужжатлашганлар, Аллоҳ таоло айтади: “Фиръавн деди: «Барча оламларнинг Парвардигори (деганинг) нимаси яна?» (Мусо) айтди: «У агар ишонадиган бўлсанглар, осмонлар ва Ернинг ҳамда уларнинг орасидаги барча нарсаларнинг Парвардигори — Хожасидир». (Фиръавн) атрофидаги (аъёнлар)ига: «Қулоқ солмайсизларми?», деб (масхара қилди). (Мусо) айтди: «У сизларнинг ҳам, ўтган ота-боболарингизнинг ҳам Парвардигоридир». (Фиръавн) деди: «Сизларга элчи қилиб юборилган бу пайғамбарингиз шак-шубҳасиз, жиннидир». (Мусо) айтди: «Агар ақл юргизувчи бўлсангизлар, У машриқ ва мағрибни ҳамда уларнинг ўртасидаги бор нарсаларнинг Парвардигоридир». (Фиръавн) деди: «Қасамки, агар сен мендан ўзгани илоҳ қилиб оладиган бўлсанг, албатта мен сени зиндонбанд кимсалардан қилиб қўюрман!» (Мусо) айтди: «Агар мен сенга (ўзимнинг ҳақ пайғамбар эканлигимни далолат қиладиган) очиқ нарса — мўъжиза келтирсам ҳам-а?»” (Шуаро сураси 23-30 оятлар).
Пайғамбарлар ўзларини ёлғончига чиқарувчи қавмлари билан қилган кўплаб мужодалалар ҳақида булардан ташқари яна бошқа кўплаб мисоллар бор бўлиб, бунга “Ақидату таҳовия”нинг шарҳида шориҳ Имом Ғазнавий Ҳиндий ишора қилганлар.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда пайғамбарлар ўз қавмлари билан ақлий муноқаша (ўзаро сўзлашув)ни келтириш орқали инсонларга илоҳий талабга кўра ақлий далилларни келтиришни ўргатди.
Давоми бор….
Абул Баракот Насафийнинг «Алэътимод фил эътиқод» асаридан Рустам Охунжонов таржимаси





