Инсоният юлдузлари туркум мақолаларимизнинг бешинчи қисмида биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муаззинлари ҳақида қисқача тўхталиб ўтишни лозим деб билдик.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тўрт нафар муаззинлари бўлган. Улар:
- Билол ибн Рабоҳ
- Абдуллоҳ ибн Умму Мактум
- Абу Маҳзура
- Саъдул Қараз ибн Оиз розияллоҳу анҳумлардир.
Аху Судо – Зиёд ибн Ҳорис ас-Судоий розияллоҳу анҳу ҳам бир маротаба азон айтганлар. Келинг, энди улар билан қисқача танишиб чиқайлик.
Билол ибн Рабоҳ розияллоҳу анҳу. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишининг овозлари чиройли бўлгани учун муаззинликка тайинлаганлар. Билол ибн Рабоҳ розияллоҳу анҳу ҳаётлари давомида доимо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларида юриб, сафардалик пайтларида ҳам, сафарда бўлмаган пайтларида ҳам кўп йиллар азон айтдилар. Ислом тарихида энг аҳамиятли кунлардан бири бўлмиш Макка фатҳи куни ҳам Каъбанинг устига чиқиб азон айтганлар. Ҳазрати Билолнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббатлари жуда кучли эди. Шу сабабдан ҳам Набий алайҳиссалом вафотларидан кейин азон айта олмай қолдилар ва Мадинани тарк этишга мажбур бўлдилар. Билол ибн Рабоҳ розияллоҳу анҳу саҳобалар ичида исломни қабул қилганлигини очиқ эълон қилган етти кишининг биридирлар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинади: “Пешқадамлар тўрттадир. Мен арабларнинг пешқадамиман, Суҳайб румликларнинг пешқадамидир, Салмон форсликларнинг пешқадамидир ва Билол ҳабашларнинг пешқадамидир”.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинади: “Жаннат уч киши: Али, Аммор ва Билолга муштоқдир”.
Абдуллоҳ ибн Умму Мактум розияллоҳу анҳу. Бу зот Қурайш қабиласига мансуб бўлиб, Хадича бинти Хувайлид розияллоҳу анҳонинг тоғаларининг ўғлидирлар. Шу жиҳатдан Пайғамбаримиз алайҳиссаломга қариндош ҳисобланадилар. Исломни энг аввалгилардан бўлиб қабул қилдилар. Кўзлари кўр бўлишларига қарамасдан бошқа саҳобалар каби мушрикларнинг кўпдан-кўп азият ва қийноқларини бошларидан кечирдилар. Бу эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан узоқлашишга эмас балки, у зотга янада яқинлашишга сабаб бўлди. Абдуллоҳ ибн Умму Мактум розияллоҳу анҳу бутун вақтларини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан Қуръон эшитишга, динни ўрганишга сарфлардилар. Маккада мушрикларнинг азиятлари кучайганида Аллоҳ таолодан хижрат қилишга изн бўлганидан кейин Мадинага хижрат қилган илк икки инсоннинг бири бўлдилар. (Улар: Мусъаб ибн Умайр ва Абдуллоҳ ибн Умму Мактумлардир).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага кўчиб келганларидан кейин Абдуллоҳ ибн Умму Мактум ва Билол ибн Рабоҳ розияллоҳу анҳумолар у зотнинг муаззинлари бўлишди. Уларнинг бирлари азон айтсалар, иккинчилари иқомат айтардилар. Рамазонда Билол ибн Рабоҳ розияллоҳу анҳу саҳарликка азон айтсалар, Абдуллоҳ ибн Умму Мактум эса, бомдодга азон айтардилар. У кишининг кўзлари кўр бўлишига қарамасдан бирор марта азоннинг вақтида адашмаганлар.
Абдуллоҳ ибн Умму Мактумнинг Пайғамбаримиз алайҳиссалом билан боғлиқ воқеалари жуда машҳурдир. Ўша воқеада “Абаса” сурасида 16 оят мана шу бую саҳобий Абдуллоҳ ибн Умми Мактум ҳақида нозил бўлди. Шу боис муфассир уламолар бу кишига “Икки кўзи ожиз, Аллоҳ таоло у ҳақида Қуръони Каримда қиёматгача собит турадиган ўн олти оят нозил қилган саҳобий” деб таъриф беришган.
Абу Маҳзура розияллоҳу анҳу. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мақталган улуғ саҳобаларидан биридир. У кишининг қандай муаззин бўлганликларини қуйидаги ривоятдан билиб оламиз: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Жиърона деган жойда жуда гўзал бир овозни эшитиб, ёқтириб қолдилар. Сўнг ўша овоз эгасини Исломга даъват қилдилар. У киши Исломни қабул қилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга қандай азон айтишни ўргатдилар. Азон айтишни ўрганиб олганларидан сўнг, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишини ўзларининг хос муаззинлари сифатида Макка аҳлига муаззин қилиб тайинладилар. Азон айтишдек шарафли ишни Абу Маҳзурадан кейин ҳам бир неча авлодлари давом эттиришди. У кишидан кўп ҳадислар ҳам ривоят қилинган.
Саъдул Қараз ибн Оиз розияллоҳу анҳу. Бу зот Аммор ибн Ёсир розияллоҳу анҳунинг мавлолари бўлганлар. Қаразда савдогарлик қилганликлари учун Саъдул Қараз деб номланганлар.
Бағовий Қосим ибн Муҳаммад ибн Умар ибн Ҳафс ибн Умар ибн Саъдул Қараздан, у киши оталаридан ривоят қиладилар: “Саъд ўзининг қўли юпқалиги(фақирлиги)дан Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга шикоят қилиб келди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам унга тижорат билан шуғулланишни буюрдилар. Саъд бозорга бориб, бир нарсани сотиб олди ва уни сотиб фойда кўрди. Кейин Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга қилган иши ҳақида хабар берди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам унга шу ишда давом этишни буюрдилар.
Саъдул Қараз ибн Оиз розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бир неча ҳадислар ривоят қилганлар. У кишидан ўғиллари Аммор ва Умарлар ҳадис ривоят қилишган. Саъдул Қараз ибн Оиз розияллоҳу анҳу Масжидул Қубода муаззинлик қилганлар.
Зиёд ибн Ҳорис ас-Судоий розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида бир марта азон айтганлар. У кишининг ўзларидан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келдим ва у зотга байъат бердим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Судога одамларни исломга чақириш учун аскарларни юбормоқчи бўлдилар. Мен у зотга “Ё Расулаллоҳ, менга қўйиб беринг. Мен ўзим уларни исломга киргазаман, аскарларни қайтаринг”, дедим. У зот аскарларни қайтардилар. Мен қавмимга элчи юбордим. Улар исломга кирганликларини изҳор қилиш учун элчи бўлиб келдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга “Эй Аху Судо, сен қавминг ичида гапинг ўтадиган киши экансан”, дедилар. Мен у зотга “Аллоҳ ҳидоят берди”, дедим. Кейин “Ё Расулаллоҳ мени улар устидан амир қилмайсизми?” дедим. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мўмин кишига амирликда бирор бир яхшилик йўқ”, дедилар. Шунда мен: “Шунинг ўзи менга кифоя”, дедим. Сўнг у зот юрдилар ва мен у кишига эргашдим. Саҳобалар ортда қолиб кетишди. Тонг ёришиб қолган экан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга азон айтишни буюрдилар ва мен азон айтдим”.
Кўкалдош ўрта махсус ислом билим юрти
3-курс талабаси Тошматов Каримуллоҳ






