Эрталаб автобус тўхташ жойи ҳар доимгидек одамлар билан гавжум. Интиқ бўлган кўзлар автобус келадиган тарафга қадалган. Баъзилар бетоқатлик билан соатига тез-тез қараб қўяди. Ахир ишга ё ўқишга кечикмай етиб бориш керак, афсуски, улов ҳаяллаб қоляпти. Ҳали унга миниб олиш ташвиши ҳам бор. Лиқ тўла автобусга илиниб олиш озмунча чаққонлик ва маҳорат талаб қилмайди.
Ниҳоят, кутилган улов узоқдан кўриниш берди. Учрашувга чиққан ошиқ ёрининг шарпасини кўрибоқ ҳаяжонлангани каби бекатдаги кутувчилар бирдан жонланиб қолишди. Автобус тўхтайдиган жойни тўғри чамалаб, эшик рўпарасида тура олсангиз, марра сизники – одамлар ўзлари олиб чиқиб қўйишади. Четда қолиб кетсангиз, сиғмай қолиб кетишингиз ҳеч гап эмас – кейинги автобусда омадингизни синаб кўрасиз.
Автобус аста юриб келди-ю, олди ва орқа эшикларга одамлар гур этиб ёпирилдилар. 2-3 йўловчи уловдан аранг тушиб олгани замон эшик олдидагилар ўзларини ичкарига урдилар. Орқа эшик олдидаги тиқилинчнинг чеккасида қолган бир йўловчи эшикка ета олмай типирчилаб бир автобус ичига, бир ўзидан олдин турганларга назар ташлади, унинг ортидан яна бир-икки одам эшик олдидагиларга келиб қўшилди. У кўпчилик орасида уловга мина олмасликдан хавфсираб олдинги эшикка кўз ташлади, у ердагиларни озроқ чамалади-да, ўша томонга ҳовлиқиб борди. Бу ерда ҳам олдинги ҳолатига тушди – чеккада сурилиб қолганича ўзидан олдингиларни кутишга мажбур бўлди. Автобус ичи тўлиб боряпти, тўсатдан эшик ёпилса, қолиб кетади. Йўқ, олдинги эшик ҳам бўлмади, яна орқа эшик томон зипиллаб борди, жон-жаҳди билан ўзини улов ичига олмоққа шайланди, дарвоқе, бу ерда одам анча камайган, у эшикка яқин турарди, бироқ ичкаридагилар зич бўлгани учун битта ё иккита одам чиқиб олса ҳам катта гап эди. У яна олдинги эшикка қайтди. Биттагина одам қолибди, яхши, шу одамдан кейин тиқилиб бўлса ҳам чиқа олса, амаллаб манзилга етиб олса бўлади. Лекин…
Аттанг, эшик унинг юзини силаб шарақлаб ёпилди-ю, бир ўзи ташқарида қолди. У беихтиёр орқа эшикка қадам ташлади, бу ерда ҳам эшикнинг икки тавақаси бирма-бир қийналиб ёпилди. Ҳовлиққан йўловчи шунча ҳаракатлари зое кетганидан аламли қиёфада бир ўзи йўл четида автобусга анграйиб туриб қолди. Лиқ тўла автобус оғиргина қўзғалиб, юриб кетди.
Совет даврида аҳли илмлардан таҳсил олган ҳурматли бир акамиз ўз ҳаётларидан ибратли воқеаларни айтиб берар эдилар. Қуйида улардан бирини эътиборингизга ҳавола қилмоқчиман.
“Мактабда ўқиб юрган даврларимда таълим олай деб уч ойлик таътил даврида машҳур олимнинг олдиларига бордим. У киши мен билан суҳбатлашгач, Қуръон ёдлашимни тавсия қилиб, менга устоз тайинладилар, турар жой билан таъминладилар. Қуръон ёдлашга киришдим. Устоз берган саҳифани кун бўйи такрор қилиб, эртасига топшираман. Шу зайлда ёдлаш билан машғул эканман, менда бирхилликдан бироз зерикишмикан, йўқ, ҳовлиқишга ўхшаган бир туйғу пайдо бўлди. Ўзимдан илғорроқ талабаларнинг арабча китобларни бемалол ўқиши, мен билмаган масалалар устида баҳс қилишлари ҳавасимни келтирар эди.
Бир куни катта устоз олдиларига бордим. Қуръоннинг ҳаммасини ёдлаш фарз эмас экан, шунга мутолаа чиқарадиган йўналишда дарс олсам нима дейсиз, деган шаклда маслаҳат сўраб, аслида эса илтимос билан бордим. У киши одамни ҳоли жонига қўймай ўз раъйига мажбурлайдиган инсонлар тоифасига мансуб эмасди. Илтимосимни рад этмай “Мабдаул қироат” китобидан дарс қилишимга розилик бердилар. Орадан бир ойча вақт ўтиб, қарасам, “Мабдаул қироат”нинг ўзи билан ҳали-вери мутолаам чиқадиган эмас. Бу ёқда сарф, наҳв деган илмларни ҳам ўқиш керак экан. Ҳисоблаб кўрсам, таътил тугаб, уйга кетсам, бошлаган таҳсилим ора йўлда қолиб, ҳеч нарса ўрганмагандек бўлиб қоламан. Шунда мен “Яхшиси Қуръон ёдлашга зўр берай, ҳарна бир-икки пора ёдлаганим қолади” деган қарорга келдим. Яна катта устознинг олдиларига бордим. Ҳолатимни тушунтирдим, Қуръонга ўтишга изн сўрадим. У киши бироз ўйланиб турди-да: “Эрталаб уйдан ташқарига чиқиб турсам, бекатга бир автобус келиб тўхтади…”, деб юқоридаги воқеани айтиб берди. Мен дарров нима демоқчиликларини тушундим. Устоз кўнглимни оғритмай менга танбеҳ берган эдилар”.
Бу ерда толиби илмни тартиб ва интизомга ундаш бир дарс бўлса, устознинг муомаласи яна битта дарсдир. Дарвоқе, толиби илм ишончли устозлар ҳузурида қунт қилиб, тартиб ва изчиллик билан таълим олса, унга илм юқади, ўрганганлари баракали, билими соз ва хатоси оз бўлади. Аксинча, ҳар соҳадан бир шингил қабилида ҳали у китобдан, ҳали бу китобдан чўқилаб, шуни илм деб юрса, чигалликларга кўп дуч келади, ғалати, нодир фатволарга ўралашиб қолади, ўзи билмаган ҳолда пойинтар-сойинтар гапларни гапириб юборади. Ўз қобилиятига ортиқча баҳо бериб мустақил илм оламан, менга устоз керакмас, деган кимса аниқ шу ҳолга тушади. Шунинг учун қадимда олимлар “Кимнинг устози китоби бўлса, унинг тўғрисидан хатоси кўп бўлади”, деганлар. Юқоридаги воқеани айта туриб ўша устоз: “Автобусга ҳамма минди, ҳатто кейин келганлар ҳам сиғди-ю, боягининг битта ўзи қолиб кетди!” деб урғу берган эканлар.
Шарофиддин Латипов