Икки дарё оралиғида жойлашган табаррук она замин Мовароуннаҳр ўз бағрида кўплаб забардаст уламоларга бешик тебратган. Муқаддас ислом дини кириб келиб мустаҳкам томир ёйган кезлардан то ислом уйғониш даврининг сўнги асрига қадар юртимиздан диний ва дунёвий соҳаларда пешқадам бўлган қомусий алломалар ҳамда етук уламолар етишиб чиқдилар. Уларнинг ҳар бирлари ўз соҳалари билимдони бўлибгина қолмай, фаннинг турли жабҳаларида бутун дунё ҳавас қилса арзигулик илмий мерос қолдириб кетдилар. Ифтихориддин Бухорий ана шундай забардаст авлоднинг вакилларидан эди. У кишининг тўлиқ исми Тоҳир ибн Аҳмад ибн Абдуррашид ибн Ҳусайн Ифтихориддин Бухорий бўлган. Тоҳир Бухорий 482-542-ҳижрий, 1090-1147-милодий саналарда яшаб, ижод қилган. Бухорода таваллуд топганликлари боис “Бухорий” нисбасини олганлар. У зот яшаган йиллар Мовароуннаҳрда Қорахонийлар ҳукмронлиги даврига тўғри келади.Айнан шу босқич илк ислом уйғониш даври (IX-XII асрлар)ни ўз ичига олади. Ифтихориддин Бухорий ўз замонасида бемисл, ҳанафийлик фиқҳининг энг кўзга кўринган намояндаларидан эди. Ўша кезларда давлатни бошқарган Қорахонийлар ва уларга туташ ерларда ҳукмрон бўлган барча сулолалар давлат бошқарувида ислом шариати асосларига таянган ҳолда ҳанафий мазҳаби кўрсатмалари асосида сиёсат олиб борадилар. Негаки, бутун Мовароуннаҳр ва Хуросон ҳудудларида аҳли сунна вал жамоанинг ҳанафийлик йўналиши кенг ёйилган эди. Бу эса бевосита халқ орасидан етишиб чиққан юқори савияли ўта билимдон фақиҳларнинг давлат бошқарув ишларида фаол ва фидокорона хизмат қилганидан дарак беради. Шунингдек, уларнинг султонлар ҳузуридаги мавқеълари ҳам юқори ўринда турган. Шу ўринда Ифтихориддин Бухорий яшаган даврдаги ҳукмрон сулола Қорахонийлар тарихига тўхлалиб ўтсак,X асрнинг иккинчи ярмига келиб ички зиддиятларнинг кўпайиши ва кескинлашуви натижасида Сомонийлар давлати кучсизлана бошлайди. Сомонийларга тобе бўлган вилоятларда, айниқса, Хуросонда улар ҳокимиятига қарши кўтарилган исёнлар, тожу-тахт учун ўзлуксиз олиб борилган курашлар Сомонийлар давлати инқирозини яқинлаштирган эди. Бундай вазиятдан Еттисув ва Қашғарда яшовчи туркий қабилалар унумли фойдаландилар. Чунки, X асрнинг иккинчи ярмига келиб бу ҳудудлардаги туркий қабилалар – қарлуқлар, чиғиллар, яғмолар ва бошқалар ўзларининг кучли феодал давлатларини тузишга муваффақ бўлган эдилар.
Қорахонийлар туркий қавмлар эканлиги аниқ бўлса-да, уларнинг келиб чиқиши ҳақида аниқ маълумотлар йўқ. Аммо, улар ўз сулолаларини «Афросиёб авлоди» деб атаганлари ҳамда Қорахонийлар чиғиллар ёки қарлуқлар қавмига мансублиги ҳақидаги нуқтаи назар ўрта асрлар даври тарихининг кўпчилик тадқиқотчилари томонидаги эътироф этилади.
Қорахонийлардан биринчи бўлиб исломни қабул қилган ва мусулмонча Абдулкарим деган ном олган ҳукмдор Хорун Буғрахон ҳисобланади. Айрим ёзма манбаларда у Буғрахон ат-Туркий деб номланади. Мисол учун, Ибн ал-Асир ўзининг «Китоб ал-камил фи-тарих» асарида маълумот беришича, Қашғар, Баласоғундан то Чан (Хитой) чегарасигача бўлган ерлар Буғрахон ат-Туркий ҳукмронлиги остида бўлган.
Бутун Тянь-Шань ва Еттисувни эгаллаб бўлгандан сўнг, қорахонийлар Сомонийлар давлати таркибига бўлган Мовароуннаҳрга ҳам ҳарбий юришлар уюштира бошлайдилар ва тез орада Фарғона ва Исфижоб (Сайрам) ни босиб олишга эришадилар. 990-992 йилларда қорахоний Ҳорун (Ҳасан) Буғрахон Сомонийларга тегишли бўлган Ўрта Осиёдаги мулкларнинг каттагина қисмини босиб олди. 992-993 йилларда Ҳасан Буғрахон Самарқанд ва Бухорони ҳам эгаллайди. Манбаларнинг маълумот беришича, Сомонийлар давлатида катта таъсирга эга бўлган турк лашкарбошиси, Хуросон ҳокими Абу Али Симжурий ва яна бир лашкарбоши Балх ҳокими Фойиқ очиқдан-очиқ Қорахонийларга ён босадилар. Яъни, Симжурий Ҳасан Буғрахон билан мўзокаралар олиб борган бўлса, Фойиқ Работи Малик яқинидаги Буғрахонга қарши жангда, ҳар томонлама устунликка эга бўлишига қарамай таслим бўлади. Ҳасан Буғрахон Самарқанд ва Бухорони эгаллагач, касаллиги туфайли урушни давом эттиролмасдан Қашғарга қайтишда, йўлда Қўчқорбоши деган жойда 993 йилда вафот этади.
Қорахонийларнинг Мовароуннаҳрга ҳукмронлиги 200 йилга яқин давом этади. Сомонийларга тегишли бўлган ерларни эгаллаш жараёнида Қорахоний бошқарувчилари вақтинчалик бўлса-да бирлашиб туркийларнинг йирик Қорахонлар давлатини барпо этадилар. Бу давлат бир нечта вилоятларга бўлинган бўлиб, Мовароуннаҳрга дастлаб Наср Илекхон ҳокимлик қилган. Шижоатли ва моҳир саркарда Наср Илекхон дўстона муносабатлар ўрнатиш тарафдори эканлигини билдириб қўшниси Маҳмуд Ғазнавий билан элчилик муносабатлари ўрнатади. Аммо, бундай муносабатлар узоқ чўзилмади. Маҳмуд Ғазнавийнинг шимолий Ҳиндистонда уруш олиб бораётганлигидан фойдаланган Наср Илекхон 1006 йилда катта қўшин билан Амударёдан кечиб ўтиб Балх, Тус, Нишопур шаҳарларини босиб олади. Шунга қарамасдан Ғазнавийлар Қорахонийларни Хуросондан ҳайдаб чиқаришга муваффақ бўлдилар. 1008 йилда Қорахонийлар яна Хуросонга ҳужум қилдилар. Маҳмуд Ғазнавийнинг ўзи 500 та жангга ўрнатилган филларга эга бўлган катта қўшин билан Қорахонийларга қарши чиқди ва уларнинг қўшинини бутунлай яксон қилди. Шундан кейин Қорахонийлар Хуросонга ҳарбий юриш уюштиришга бошқа журъат этмадилар.
XII асрнинг бошларига келиб Қорахонийлар тахтига Арслонхон (1102-1130 йй.) ўтириб ярим мустақил давлатни бошқарган бўлсада, тўла мустақиллик учун ҳаракатлар олиб борди. Уламолар билан келишмовчилик ва бетоблиги туфайли Арслонхон тахтни 1130 йилда ўғли Насрга топширади. Арслонхон Салжуқий Султон Санжардан ёрдам сўрайди. Ўша йили Султон Санжар фитначиларни жазолаб Самарқанд шаҳрини эгаллайди ва шу даврдан бошлаб Қорахонийлар ўз мустақиллигини деярли йўқотиб Салжуқийларга қарам бўлиб қолдилар.
Орадан кўп ўтмасдан Мовароуннаҳрга янги кўчманчи қабилалар Қорахитойлар (киданлар) ҳужуми хавфи пайдо бўлди. XII асрнинг 30-йилларида Қорахитойлар Шарқий Туркистон ва Еттисувни, яъни Шарқий Қорахонийлар ҳудудини босиб олдилар. Шарқий Қорахонийлар анча заифлашиб қолганлиги туфайли ўз мулкларини ҳимоя қила олмадилар. Ғарбий Қорахонийларнинг ҳам аҳволи бундан яхши эмас эди. 1137 йилдаги Хўжанд яқинидаги бўлган жангда Қорахитойлар қўшини Қорахоний Маҳмудхон қўшинларини тор-мор этдилар. Бу пайтда Хоразмни эгаллаш билан банд бўлган Султон Санжар ўз вассали Маҳмудхонга етарли ёрдам бера олмади. Самарқанд талон-тарож қилиниб, катта товон ундирилгач, Қорахитойлар орқага қайтдилар.
Орадан кўп ўтмасдан, яъни 1141 йилда Қорахитойлар яна Мовароуннаҳр ерларига бостириб келдилар. Уларнинг ҳужумини тўхтатиш учун Султон Санжар катта қўшин билан Самарқанд яқинига етиб келади. Бу сафар жанг Самарқанд яқинидаги Қатвон чўлида бўлди. Ҳал қилувчи бу жангда Султон Санжар ва Қорахоний Маҳмудхонларнинг бирлашган қўшинлари Қорахитойлар томонидан мағлуб этилди.
Самарқанд, Бухоро ва бутун Марказий Мовароуннаҳрни эгаллаган Қорахитойлар катта ўлжалар билан орқага қайтдилар. Қорахитойлар Баласоғундан ташқари ҳамма ерлар ҳокимиятни Қорахонийлар қўлида қолдирдилар. Қорахонийлар энди Қорахитойларга қарам бўлиб, ҳар йили уларнинг пойтахти Баласоғунга катта-катта ўлпон юбориб турар эдилар. XIII асрнинг бошларида Муҳаммад Хоразмшоҳнинг Мовароуннаҳрга юришлари туфайли Қорахонийлар ҳукмронлиги бутунлар барҳам топди.
Ифтихориддин Бухорийнинг фақиҳлар оиласида униб-ўсади. Ота-боболари ҳам ҳанафийлик фиқҳида кўзга кўринган фуқаҳолардан саналганлар. Оталари Аҳмад ибн Абдуррашид уламолар томонидан “Қовамуддин” (Диннинг қуввати) дея эътироф этилган. Илк таҳсилни оталаридан, оталари эса боболари Абдуррашид ибн Ҳусайнданолганлар. Шунингдек етук фақиҳ Ҳаммод ибн Иброҳим Саффордан ҳам таълим олганлар. Аллома ҳанафийлик фиқҳига оид “Хизонатул воқеъот” ва “Китабун нисоб” номли йирик асарларни тасниф этган ҳамда бу икки асарнинг мухтасари (қисқартирма шакли) сифатида фатвога оид “Хулосотул фатаво” асарини ёзади.Мусанниф асар муқаддимасида қуйидаги фикрларни билдириб ўтади: “ Мен ушбу фанда, яъни фиқҳда икки нусха китоб таълиф этдим. Уларнинг бири “Хизанатул воқэъот”, иккинчиси “Китобун нисоб” деб номланади. Кейинчалик баъзи дўстларим ёдлашликка ва таҳсил учун енгил бўлган қисқача бир нусха ёзмоқлигимни илтимос қилдилар. Шундан сўнг мен барча масалаларни ўзида мужассам этган мана шу китоб “Хулосотул Фатаво”ни ёзишга киришдим. Ундаги ҳар бир китобнинг аввалига фасллар ва жинслар келтирдимки, кимдаким фатвога эҳтиёж сезса, унга осон бўлсин деган мақсадда. Бу каби хайриятли ишга қўл урмоғим Азиз ва Ваҳҳоб бўлган Зот Аллоҳ таолодан савоб умидидалигим боисидандир”.
Ушбу мўътабар асар ўз замонасидан то бугунги кунимизга қадар ҳанафийлик мазҳаби фиқҳини ёритишда таянч манба вазифасини бажариб келмоқда. Асар жами тўрт жуз бўлиб, биринчи жуз олти китобни, иккинчи ва учинчи жузлар уч китобни, тўртинчи жуз эса қирқ китобни ўз ичига олади. Демак, асарда жами бўлиб 52 китоб (мавзу) жамланган. Бу манба бошқа фиқҳий асарлардан фарқли равишда “Таҳорат китоби” билан бошланиб, “Шуфъа китоби”да якунланади. Кўплаб муфаққиҳ олимлар ўз рисола ва китобларини баён этишда айнан “Хулосатул фатово”га бевосита мурожат қилганлар. Чунки асарда мазҳаб ичидаги хулосавий фатво берилган масалалар ўрин эгаллайди. Бу китобга кейинчалик ўз даврининг етук муҳаққиқ уламоси Абдулҳай Лакнавий “Мажмуатул фатово” номли икки томлик ҳошия битади.
Аллома 542-ҳижрий, 1147-милодий сана жумадул аввал ойида61 ёшида Сарахс шаҳрида вафот этади ҳамда Бухорога олиб келиниб шу ерга дафн қилинади.
ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР РЎЙХАТИ
- “Хулосотул фатаво маъ мўъжамул фатаво”. Муҳаммад Абдулҳай Лакнавий. Девбанд, Ҳиндистон.
- “Фавоидул баҳийя фи тарожимул ҳанафийя”. Муҳаммад Абдулҳай Лакнавий. Миср.
- “Муъжамул муаллифийн”. Умар Ризо Каҳола. Муассасатур рисола. Байрут.
- “Аълом”. Хойриддин Заркалий. Дорул илм. Байрут.
- “Шажарайи турк”. Абулғозий Баҳодирхон. Чўлпон. Тошкент.
Кўкалдош ЎМИБЮ мударриси
Шавкатжон ХАЛИЛОВ