Пайғамбар алайҳиссалом 621-622 йилларда Макканинг Ақаба деган жойида мадиналик мусулмонлар билан учрашиб, улардан олган икки байъатлари
Араб ярим оролида Ақаба номида бир неча жой бор. Ақаба байъатлари қилинган жой эса Маккада, масжидул ҳаромдан тахминан 3 километр узоқликда жойлашган Мино ҳудудидадир. У жой ҳажда шайтонга тош отиладиган Жамарот водийсидаги «Жамаратул ақаба» номи билан билинган катта шайтонга тош отиладиган жойга яқин, атрофи тепаликлар билан ўралган кичик бир водийдир. Ҳозирги кунда бу жойда мадиналик мусулмонларнинг Пайғамбар алайҳиссаломга берган байъатларини хотирлаш мақсадида бир масжид иншо қилинган.
Ҳазрати Пайғамбар алайҳиссалом жоҳилият даври одатларига кўра ҳаж вазифаларини бажариш учун ҳамда ўша жойда ташкил этилган бозорларда қатнашиш мақсадида келган араблар ўртасида ислом динини ёйиш учун фаолият олиб борар эдилар. Нубувватнинг ўн биринчи (620) йилига тўғри келган ҳаж мавсумида Ясрибдан (Мадинадан) келган бир гуруҳ инсонлар билан учрашдилар ва уларга ислом динини етказдилар. Улар:
- Абу Умома Асъад ибн Зурора.
- Авф ибн Ҳорис.
- Рафиъ ибн Молик.
- Кутба ибн Амр.
- Укба ибн Амр.
- Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳумлар эди.
Ҳазраж қабиласига мансуб бўлган бу олти киши исломни қабул қилганда, Пайғамбар алайҳиссалом улардан ўзларини Ясрибга олиб кетиб ҳимоя қилишларини ва шу тариқа ислом динини ёйишга ёрдамчи бўлишларини сўрадилар. Улар ҳам Авс қабиласи билан неча йиллардир давом этаётган урушлар натижасида юзага келган адоват йўқ бўлиб, бу янги дин воситаси ила бу икки қабила ўртасида бирлик ва ҳамжиҳатлик қайта тикланишини умид қилишларини билдирдилар. Улар Мадинага қайтганларида Ҳазраж ва Авс қабилаларига ислом ҳақида гапириб беришга ва келаси йил Пайғамбар алайҳиссалом билан яна учрашишга ваъда бердилар.
Мана шу кичкинагина мусулмон гуруҳнинг ҳаракатлари туфайли Мадинада бир қанча киши исломни қабул қилди. Улардан ўнта ҳазражлик ва икки авслик берилган ваъдага биноан кейинги йили Маккага келиб Ақабада Пайғамбар алайҳиссалом билан кўришди. Улар Аллоҳга ҳеч нарсани шерик қилмасликка, ўғирлик ва зино қилмасликка, болаларни ўлдирмасликка, бир-бирларига туҳмат қилмасликка, буйруқларга итоат қилишга Пайғамбар алайҳиссаломга ушбу сўзларини такрорлаб байъат бердилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга қасамёд қилиш шарафига сазовор бўлган ясриблик бу инсонлар қуйидагилар эди:
1. Асъад ибн Зурора.
2. Авф ибн Ҳорис.
3. Муоз ибн Ҳорис.
4. Рафиъ ибн Молик.
5. Заквон ибн Кайс.
6. Убода ибн Сомит.
7. Язид ибн Саълаба.
8. Аббос ибн Убода.
9. Уқба ибн Амр.
10. Қутба ибн Амр.
11. Малик ибн Таййихон.
12. Увайм ибн Соида розияллоҳу анҳумлар.
Нубувватнинг ўн иккинчи йили (621) Зулҳижжа ойида Ақабада қилинган бу байъатга биринчи Ақаба байъати дейилади. Биринчи Ақаба байъати урушга доир масалаларни ўз ичига олмагани учун «байъатун нисо» (аёллар байъати) деб ҳам аталган. Пайғамбар алайҳиссалом Ясриб халқига исломни ва Қуръонни ўргатиши учун Мусъаб ибн Умайрни юбордилар. Бир йил мобайнида Мусъаб розияллоҳу анҳунинг Ясрибда кўрсатган фаолияти давомида Ясрибнинг икки катта раиси – Саъд ибн Муоз билан Усайд ибн Ҳузайр ва кўплаб инсонлар исломни қабул қилди.
Нубувватнинг ўн учинчи йили (622) ҳаж мавсумида Пайғамбар алайҳиссаломни Мадинага таклиф қилишга қарор қилган мадиналик икки аёл ва етмиш уч эркак асл ниятларини сир тутиб, мадиналик мушриклар билан ҳаж қилиш учун йўлга тушдилар. Маккага етиб келгач, Пайғамбар алайҳиссалом билан яширинча хабарлашиб, ҳажни қилиб бўлгач, бир кечада Ақабада кўришишга келишдилар. Ўша кеча Ақабага ҳаммадан олдин келган Пайғамбар алайҳиссаломнинг олдида фақатгина амакилари Аббос ибн Абдулмутталиб бор эди. У Расулуллоҳ билан ясрибликлар ўртасидаги аҳду паймонни мустаҳкамлаш учун қариндош-уруғлари пайғамбар алайҳис-саломни ҳимоя қилажакларини, ғанимлари у кишига бирон шикаст етказишга йўл қўймасликларини, бу йўлда ҳар қандай қийинчиликка тайёр эканликларини билдириб қўйгани келган эди. Аббос ибн Абдулмутталиб Пайғамбар алайҳиссаломни улар юртларига олиб кетишса бошларига турли муаммолар келиши, бутун араб қабилалари уларга душман бўлиши ҳақида огоҳлантириб, ана ўшанда у зотни душманлар қўлига топшириб қўядиган бўлишса, бу ишдан ҳозироқ воз кечишлари маъқулроқ эканини айтди. Мадиналиклар ҳар қандай вазиятда Пайғамбар алайҳиссалом ҳимоясида туришларини ва у зот истаган шартларда байъат беришга ҳозир эканликларини билдиришди.
Шундан сўнг Пайғамбар алайҳиссалом нутқ сўзладилар, Қуръон тиловат қилдилар ва уларни исломга янада қаттиқ амал қилишга ундадилар. Ҳижрат қилганларида ўзларини худди жонларини, молларини, фарзанд-ларини, аёлларини ҳимоя қилгандек ҳимоя қилишга, фаровон ёки машақ-қатли дамларда ҳам итоат қилишга, кенгчиликда ҳам торчиликда ҳам керакли молиявий ёрдамни қилишларига, яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтаришга, ҳеч кимдан чекинмасдан ҳақ узра туришга онт ичиб байъат беришга даъват этдилар. У ердаги барча мадиналиклар бу шартларга рози бўлиб байъат бердилар. Шундан сўнг Пайғамбар алайҳиссалом буйруғи билан ўртада алоқани таъминлайдиган вакиллар сайланди. Тўққизтаси Ҳазраж, учтаси Авс кабиласидан, ҳаммаси бўлиб ўн икки номзод бир овоздан ёқланиб кўрсатилди. Улар қуйидагилар эди:
Ҳазражликлар:
1. Абу Умома Асъад ибн Зуроpa.
2. Саад ибн Рабиъ.
3. Абдуллох ибн Равоха.
4. Рафиъ ибн Молик.
5. Бароъ ибн Маърур.
6. Абдуллох ибн Амр ибн Ҳаром.
7. Убода ибн Сомит.
8. Саъд ибн Убода.
9. Мунзир ибн Убода розияллоҳу анҳумлар.
Авсликлар:
10. Усайд ибн Ҳузайр.
11. Саъд ибн Ҳайсама.
12. Рафоа ибн Абдулмунзир розияллоҳу анҳумлар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларга:
– Ҳаворийлар Ҳазрати Исога қавмлари номидан кафил бўлганлари каби, сиз ҳам қавмингиз номидан кафил бўласиз, мен ҳам ўз қавмимнинг мусулмонлари номидан кафилман, – деб марҳамат қилдилар.
Аммо улар, Ҳазрати Исонинг ҳаворийларини анча орқада колдирадиган, улар эришган шарафдан юксакрок шон-шараф, мартабаларга муяссар бўладиган даражада эдилар. Ҳазрати Исо билан Ҳазрати Муҳаммад ораларида қандай фарқ бор бўлса, ҳаворийлар билан улар орасида хам шундай фарқ бор эди.
Улар “Нуқобаи исна ашар” (Ўн икки вакил) деб аталадиган бўлишди.
Ясриб мусулмонлари шу тариқа, қоронғи бир кечада, инсоният тарихининг бахтли бир қарорига келган, уларга битмас-туганмас шараф, беҳад-беадад саодат келтирадиган бир битимни тузишга муваффақ бўлишган эди.
Кечаги кунга кадар ҳам Арабистоннинг оддий бир шаҳри бўлган Ясриб бундан буён абадий ва мангу, муборак ва муқаддас бир шаҳар бўлиш унвонига эришган эди. Қиёмат кунига қадар ҳар бир мусулмоннинг юраги мазкур шаҳарнинг тошу тупроғига талпинадиган, ҳар бир қарич ери коинот каби қадрли ва азиз бўладиган бўлган эди.
Битим тузишда иштирок этган ва ҳатто вакил этиб сайланишга муваффақ бўлганлардан бирлари Каъб ибн Молик розияллоҳу анҳу кейинчалик бу битимни ҳаётидаги энг азиз хотира деб баҳолаган, Бадр жангида иштирок этишдан ҳам юксакроқ мартаба деб билган.
Бу келишувга иккинчи Ақаба байъати дейилди. Иккинчи Ақаба байъати урушга доир масалаларни ҳам ўз ичига олгани учун «Байъатул ҳарб» (уруш байъати) деб ҳам номланган. Бу байъатдан кейин Пайғамбар алайҳиссалом саҳобаларига Мадинага ҳижрат қилиш учун изн бердилар. Айни ўша йилнинг ўзида ўзлари ҳам Абу Бакр розияллоҳу анҳу билан ҳижрат қилдилар. Шундай қилиб ислом тарихида янги давр Мадина даври бошланди.
Саидаъло Бузрукхонов
«Кўкалдош» ўрта махсус ислом таълим муассасаси мударриси
Фойдаланилган адабиётлар:
Бухорий, «Маноқибул ансор», 43.
Муслим, «Ҳудуд», 43.
Ибн Ҳишом, Ас-сийра, 2, 428-467.
Ибн Саъд, Табоқот, 1, 217-223.
Табарий, Тарих (Абулфазл), 2, 353-368.
Ёқут, Мажмаъул булдон, 4, 134.
Ибнул Асир, Комил, 2, 95-100.
Ибн Қоййим Жавзийя, Зодул маъод (нашр. Шуайб Арноут – Абдулқодир Арноут), Қоҳира 1970, 2 57.
Ибн Касир, Бидоя, 3, 148-168.,
Аҳмад Лутфий Козончи, «Саодат асри киссалари» Таржимон ва нашрга тайёрловчилар: Аббос Аҳмад, Анвар Аҳмад, Иброҳим Нуруллоҳ – Самарқанд: «Имом Бухорий халқаро маркази» нашриёти, 2019 –Б. 319. Ҳамидуллоҳ, Ислом пайғамбари Истанбул 1980, 159. Martin Lings, «Muhammad: His Life Based on the Earliest Sources», Лондон 1983, s. 108-112.






