Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шоир саҳобалари.
Ислом тарихидан маълумки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга пайғамбарлик вазифаси келганининг илк даврларида мушриклар у зотни “сеҳргар”, “шоир” деб тухмат қилишган. Улар мусулмонларни мазах қилиб шеър ёзганларида уларнинг шеърларига қарши оятлар нозил бўларди ёки уларга жавобан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шоир саҳобалари шеър ёзиб уларни лол қолдиришарди. Ана шундай шоир саҳобаларнинг энг машҳурлари Ҳассон ибн Собит, Абдуллоҳ ибн Раҳова ва Каъб ибн Молик розияллоҳу анҳумлардир. Келинг энди ушбу саҳобалар билан қисқача танишайлик:
Ҳассон ибн Собит розияллоҳу анҳу. Мусулмонларни руҳлантирган ва “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шоири” сифатида танилганлар. Ҳассон ибн Собит розияллоҳу анҳу Исломни қабул қилишларидан олдин ҳам машҳур шоир бўлганлар. Исломни қабул қилганларидан кейин эса, мусулмонларнинг суюкли шоирига айландилар. Ҳассон ибн Собит розияллоҳу анҳу ғазотларда яккакурашларга кўп киришмаган бўлсаларда, мушрикларга қарши ёзган шеърлари билан рақиблар руҳини синдиришга катта ҳисса қўшардилар. Бу борада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Ҳассоннинг байтлари душман учун ўқдан ҳам кучлироқдир!”
Абдуллоҳ ибн Равоҳа розияллоҳу анҳу. Мадинанинг Ҳазраж қабиласида туғилганлар. У киши иккинчи Ақаба байъатида мусулмон бўлиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга байъат берганлар. Абдуллоҳ ибн Равоҳа розияллоҳу анҳу кучли нотиқ ва буюк шоир бўлганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳажв қилиб ёзилган шеърларга ўзларининг Пайғамбар алайҳиссаломни мадҳ қилувчи шеърлари билан раддиялар берганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абдуллоҳ ибн Равоҳа ҳақида: “Биродарингиз ҳеч ботил гап айтмайди”, деганлар.
Каъб ибн Молик розияллоҳу анҳу. Ансорийларнинг улуғларидан, Ясрибда катта эътибор ва обрў топган кишилардан бири эдилар. У киши ҳам Ақоба кунида мусулмон бўлиб, шу кундан бошлаб умрларини Исломга бағишладилар. Каъб ибн Молик розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўнлаб ҳадислар ривоят қилганлар. У кишининг исломга киришларидан олдинги кунялари Абу Башир бўлган. У киши Табук ғазотидан узрсиз қолиб, кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан узр сўраганлар. Кейин у кишининг тавбалари қабул қилинганлиги ҳақида оят нозил бўлган. У киши 77 ёшда Шомда вафот этганлар.
“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти
3-курс талабаси Тошматов Каримуллоҳ