Муҳаддислар фаолияти, яъни ҳадисларни йиғиш мақсадида «риҳла», яъни сафарга чиқишлари VII асрда жуда кам юз берадиган воқеалардан эди. Иснодларнинг таркибини таҳлил қилишнинг кўрсатишича, VIII асрдан бошлабгина муҳаддисларнинг ҳадис талабида фаол ҳаракатлари бошланганлигини ва турли шаҳарлардаги ҳадис марказлари орасида боғланиш пайдо бўлганлигини кўрсатади. Чунки ҳижрий биринчи асрнинг охирги уч ўн йиллигида (690-720) ислом оламининг алоҳида маъмурий марказларида ҳадисга бўлган қизиқиш орта борди. Шу жумладан, Мовароуннаҳрда ҳам ҳадис илмининг пайдо бўлиши ундан аввал бўлиши мумкин эмас. Аммо, Мовароуннаҳр ҳадис илмининг вакиллари ўз ўтмишдошлари сифатида бу минтақага илк кириб келган араб саркардалари ва улар билан бирга келган саҳоба ва тобиийларни минтақадаги илк муҳаддислар қаторида номларини ва ривоят қилган ҳадисларини келтирадилар. Масалан, Абу Ҳафс Насафий Саид ибн Жаноҳ Бухорийнинг «Китоб ал-қибла» асари воситасида Мовароуннаҳрга 674675 йилда кириб келган тўққиз кишининг номини келтиради:
1. Саид ибн Усмон ибн Аффон;
2. Қусам ибн ал-Аббос;
3. Абу-л-Олия Руфай ибн Миҳрон;
4. Муҳаммад ибн Восиъ;
5. Бурд (Анас ибн Моликнинг мавлоси);
6. ад-Даҳҳок ибн Музоҳим;
7. ал-Лайс ибн Аби Сулайм;
8. Зиёд ибн Миҳрон;
9. Хулайд ибн Ҳассон.
Саид ибн Усмон умавий халифа Муовия ибн Аби Суфённинг Хуросонга тайинлаган волийси бўлиб, 67475 йилда у Самарқандга қилинган юришда қўшинга раҳбарлик қилди. Саид ибн Усмоннинг халифа Муовия тарафидан Хуросонга волий этиб жўнатилишига сабаб умавий халифа уни пойтахтдан узоқлаштиришни кўзлагани эди. Чунки Муовия ўғли Язидни ўзига валиаҳд қилиб тайинлаганида Мадина аҳли бу қарордан норози бўлиб, «Язид бунга эриша олмайди, ундан (Муовиядан) кейин амир Саиддир», деган мазмундаги шеърни айтадилар. Шундан сўнг Саид халифаликка даъвогарлик қилмаслиги учун Муовия уни Хуросонга волий қилиб юборди. Абу Ҳафс Насафий Саид ибн Усмоннинг ҳадис илмига алоқадорлигини кўрсатиш мақсадида унинг Марв масжидидаги минбардан туриб хутбада ўз отаси Усмон ибн Аффондан эшитган икки ҳадисни ривоят қилганлигини келтиради. Аммо Саид ибн Усмон муҳаддис сифатида ўлкада фаолият олиб бормаган.
Абу Жаъфар Қусам ибн алАббос (ваф. 676 й.) Самарқандга қилинган юриш даврида Саид ибн Усмон ёнида бўлган. Пайғамбарга амакивачча бўлмиш бу саҳобанинг Самарқанддаги тақдири ҳақида халқ орасида турли ривоятлар мавжуд. Улардан бирига кўра, бу саҳоба кофирлардан қочиб, унинг қаршисида мўъжизали тарзда очилган қояга (яна бир ривоятга кўра чоҳга) кириб ғойиб бўлган. Аммо тадқиқотчилар орасида «Шоҳи зинда» зиёратгоҳи ўрнида исломдан олдин ҳам муқаддас ҳисобланган жой бўлган, Қусам ибн алАббоснинг яқинлари бўлмиш Аббосийлар даврида эса унга алоҳида эътибор қаратилиб, машҳур зиёратгоҳга айлантирилган бўлиши керак, деган фикрлар ҳам мавжуд. Насафий бу саҳоба ривоят қилган икки ҳадисни келтиради. Улардан бири: «Фазлу карам ва адолатни Аллоҳнинг раҳмдил бандаларидан талаб қилинглар, шунда уларнинг паноҳида кун кечирасизлар», маъносидаги ҳадис.
Қусам ибн Аббос мақбараси ёнига кейинчалик халқ орасида алоҳида ҳурматга лойиқ кишилар дафн этилганлар. Жумладан, Самарқандда яшаган Тоҳир ибн Юнус Фоний (ваф. 1125 й.), Самарқандда Қодирхон даврида хатиблик қилган Абу Муҳаммад Абдураҳмон ибн Яҳё Жикилий (ваф. 1122 й.), Умар ибн Муҳаммад ал-Хаббоз (ваф. 1129 й.) каби муҳаддисларнинг қабрлари Қусам мозори атрофидан жой олди. Шу жойда Қусам ибн Аббос мадрасасига асос солинди ва бу мадраса кейинчалик муҳим ҳадис марказларидан бирига айланди.
Абул Олия Руфай ибн Миҳрон (ваф. 712 й.) Саид ибн Усмон билан биргаликда Амударёни биринчилардан бўлиб кечиб ўтган басралик тобиийлардан эди. Саид ибн Усмон Абул Олияга юқори баҳо беради. Бир ривоятга кўра, Абул Олия Жайҳун ортида биринчи бўлиб азон айтган ва Саид унинг «Абу-л-Олия» кунясини «Олийлик» ва «Руфай» исмини «Улуғлик» деб таъбирлаб, унинг исм ва кунясини яхшиликнинг нишонаси деб билган. Абу Бакр халифалиги даврида исломни қабул қилган бу шахс воситасида Анас ибн Молик ва Савбон ибн Наҳшал каби саҳобалардан ҳадис ривоят қилинади. Чунончи, у қуйидаги ҳадисини ривоят қилган: «Ким менга ҳеч кимдан ҳеч нарса сўрамасликка кафолат берса, мен унга жаннатнинг кафолатини бераман».
Бурд исмли тобиий Анас ибн Моликнинг мавлоси эди. Бурднинг шахси Самарқандни улуғловчи ҳадислар билан боғлиқ бўлгани учун «Мунтахаб»нинг муаллифи Муҳаммад ибн Абдулжалил Самарқандий унинг номини асарнинг бошида «Самарқанднинг фазилатлари ҳақидаги» қисмида келтирган.
Самарқандга биринчи кирган араб саркардалари Мовароуннаҳрни фатҳ этиш мақсадида келган эдилар. Уларнинг кўпчилиги тобиийлардан бўлиб, Пайғамбар ҳақида билганларини атрофдагиларга гапириб берган бўлишлари мумкин. Юқорида номлари зикр этилган шахсларнинг Мовароуннаҳрда бўлганлиги ҳақидаги ривоятлар кейинги давр муҳаддислари томонидан исломнинг бошқа йўналиш олимлари билан мунозараларда ўз анъаналарининг қадимийлигини исботлаш учун хизмат қилган. Мазкур шахсларнинг Самарқандда бўлганликлари эпизодик ёки афсонавий характерга эга эканлиги юқоридаги мисоллардан кўриниб турибди.
Дарҳақиқат, Самарқандга ҳадис элементларининг кириб келиши шаҳарда муқим ҳолда яшай бошлаган араб-мусулмонлар жамоаси билан бевосита боғлиқ. 712 йили Қутайба ибн Муслим араб қўшинларини Самарқанд аҳолисининг уйларида жойлаштирди. Самарқанд ихшиди Ғурак шаҳристонни араб горнизонига бўшатиб берди ва ўзининг қароргоҳини Иштихон шаҳрига кўчирди.
Абу Ҳафс ан-Насафий «Китоб алқанд» асарида Мовароуннаҳрга биринчилардан кирган кишилар ривоят қилган бир қатор ҳадисларни келтириб, уларнинг бу ердаги илк муҳаддислардан эканини исботламоқчи бўлади. Улардан бирида Усмон ибн Аффондан шундай ҳадис ривоят қилинади: «Расулуллоҳ қачон қабрга қарасалар ёки номини тилга олсалар, йиғлар эдилар. Биз у кишидан «Эй Расулуллоҳ, сиз нима учун дўзахни, охиратни зикр этасиз, аммо йиғламайсиз, лекин қачон қабрни зикр этсангиз, дарҳол йиғлашга тушасиз?» деб сўрадик. Шунда Расулуллоҳ: «Эй Усмон, мен кўрган нарсалар ичида қабрдан кўра даҳшатлироғи йўқ. Чунки у – дунё манзилларининг энг охиргиси. Ким унда бахтли бўлса, ундан кейин ҳам бахтли бўлади, ким унда бахтиқаро бўлса, ундан кейин ҳам бахтсиз бўлади. У ерда ҳар бир кишига эртаю кеч ўзининг борадиган жойи – жаннат ёки дўзах кўрсатиб турилади».
Самарқандда илк даврда араб саркардалари марфуъ ҳадислардан кўра кўпроқ саҳоба, тобиий, халифа, ҳокимларнинг сўзларини хабар сифатида ривоят қиладилар. Ёки бу тарихий шахсларнинг сўзлари ҳикматли мақоллар сифатида ривоят қилинади.
Абу Ҳафс Насафий ўзининг «Китоб ал-қанд» асарида илк даврда Мовароуннаҳрга кирган ва муҳаддислик фаолиятини олиб борган Балх, Нишопур, Марв, умуман Хуросон ёки Араб мамлакатларидан келган кўплаб кишилар ҳақида хабар беради. Бундан келиб чиқадики, ҳадис илмининг минтақага кириб келишида ташқи алоқаларнинг ўрни катта бўлган. Бу ердаги муҳаддисларнинг кўпчилиги фақат ҳадис илми билан чекланмай, адаб илми ва шеърият соҳаларида ҳам самарали фаолият юритганлар.
Ҳабибов Абдуқаҳҳор,
«Кўкалдош» ўрта махсус ислом таълим муассасаси 4-босқич талабаси





