Толиби илмнинг ўзи ўрганаётган илмда бирор нарсани тушунмагани сабабли илм мажлисларига қатнашишни ташлаб қўйиши тўғри бўлмайди. Бу ҳақида Имом Самарқандий роҳимаҳуллоҳ “Фозил кишилар тухфаси”да қуйидагиларни айтиб ўтган:
“Ким олимнинг ҳузурида ўтирса, гарчи у айтаётган гаплардан ҳеч нарса тушунмаётган бўлса ҳам бир нечта фазилатларга эга бўлади:
Биринчидан, таълим олувчининг ажрини олади.
Иккинчидан, олимнинг ҳузурида ўтирган вақт давомида гуноҳлардан тийилиб туради.
Учинчидан, агар уйидан илм талаб қилиш ниятида чиққан бўлса, унга раҳмат ёғилиб туради.
Тўртинчидан, унга раҳмат ёғилиб тургани учун унга бунда бирон насиба ҳосил бўлади.
Бешинчидан, агар у олим кишига қулоқ солиб турса, унинг амаллар дафтарига “тоат-ибодат қилди” деб ёзилади.
Олтинчидан, эшитсаю аммо эшитганини тушунмаса ва қалби илмдан маҳрум бўлаётганидан сиқилса, унинг бу ғами раҳматга эришиши учун васила бўлади. Зеро, ҳадиси қудсийда: “Мен қалблари мени деб синиқ бўлганлар билан биргаман”, дейилади.
Еттинчиси, у инсонларнинг олим кишиларни эъзозлаганини кўради, ахлоқсиз одамнинг хорланишини кўради, натижада унинг қалби қаттиқликдан қутилади, табиати эса илмга мойил бўлади. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уламолар мажлисига тез-тез қатнашиб туришни буюрганлар.
Ана энди, ҳурматли ўқувчи, ўзингиз ўйлаб кўринг, агар илм мажлисларига қатнашиб, унда айтилган гапларни тушунмаган киши шунчалар кўп фойда олса, тушуниб амал қилган киши қанчалар кўп фазилатлару савобларга эришар экан!?
Рустам Охунжонов
«Кўкалдош» ўрта махсус ислом билим юрти матбуот котиби






