Тил – миллат қиёфасининг бир бўлаги. Шу сабабли ҳали мустақилликка илк қадамлар ташланаётган даврдаёқ ўзбек тилига давлат мақоми берилди. Шунингдек, ўзбек тилининг софлигини асраш, ёш авлодга унинг аҳамиятини етказиш борасида бир қанча маънавий-маърифий тадбирлар амалга ошириб келинмоқда. Шундай тадбирлардан бири 21 октябрь куни ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган кун муносабати билан “Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юртида “Тил бор экан – миллат барҳаёт”мавзусида Zoom дастури орқали онлайн давра суҳбати бўлиб ўтди. Тадбир бошланишида билим юрти мудир муовини А.Ғаниев йиғилганларни байрам билан табриклаб, ҳар йили 21 октябрь юртимизда ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган кун сифатида кенг нишонланиши, “Давлат тили ҳақида”ги қонуннинг ижроси юзасидан амалга оширилаётган ишлар атрофлича таҳлил этилаётганини айтиб ўтди. Шунингдек, давлатимиз раҳбарининг ҳалққа тил байрами муносабати билан йўллаган табриклари мазмун-моҳияти айтиб ўтилди.

Талабалар ҳам ўзларининг фикр-мулоҳазаларини билдириб ўтдилар. Тилнинг эгаси халқ, аммо халқнинг битта вакили лоқайд бўлса ҳам тилнинг софлигига путур етади. Тил — давлат тимсоли, мулки. Тил маданиятига амал қилинмаса, миллий маданиятга доғ тушади. Шу сабабли ўзбек тилининг ҳудудимизда давлат тили сифатида амал қилишнинг ҳуқуқий асослари қонунан белгилаб қўйилган. Ҳозирги кунда мамлакатимизда яшаётган, Ўзбекистонимизни ягона ва аҳил оила деб биладиган турли миллат ва элатлар вакиллари ҳам ўзбек тилини ўрганишга катта қизиқиш ва истак билдираётганлари алоҳида таъкидланди.
“Кўкалдош” ўрта махсус
ислом билим юрти матбуот хизмати





