Таълим муассасасасида ҳафтанинг ҳар душанба куни “Ахборот ва мураббийлик соатлари” курслари режа асосида ташкил қилинган бўлиб талабаларнинг интеллектуал салоҳияти ошиши, уларнинг маънавий-маърифий жиҳатдан камол топишида муҳим ўрин тутмоқда.
Жорий йилнинг 20 декабрь куни таълим муассасасида “Коррупциянинг жамият барқарорлигига таҳдиди” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди. Давра суҳбатида Халқаро ислом академияси дотценти Мўминжон Исахонович Хўжаев ўз маърузаси билан иштирок этди.
М.Хўжаев ўз маърузасини коррупцияга қарши кураш ҳозирги кунда нақадар долзарб масала эканини ва уни кўринишларини муқаддас динимизда қораланганлигини манбалар асосида йиғилганларга сўзлаб берди.
Маърузачи сўзини давом эттириб, Ўзбекистон Президенти Ш.Мирзиёевнинг: “ Коррупцияга қарши курашишга барча давлат органлари, сиёсий партиялар, жамоат ташкилотлари, ОАВ, умуман ҳар бир фуқаро сафарбар этилиши зарур” эканини ва коррупция ўта оғир жиноят экани ва унга нисбатан муросасиз бўлиш ғоясини фарзандалримизга ёшлик давридан бошлаб сингдиришимиз, уларга фақат ҳалол меҳнат ва тадбиркорлик орқали даромад топишни ўргатиш кераклигини айтиб ўтди. Мажлис давомида маърузачи қуйидаги маълумотларни йиғилганларга баён қилиб берди:
“Ҳозирги замон миллий ва халқаро ҳуқуқида тобора кўп қўлланилаётган атамалардан бири бу коррупциядир.
Мамлакатимизда мустақилликнинг дастлабки кунлариданоқ коррупция иллатига қарши курашиш масаласига алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Чунки порахўрлик – ҳокимият ва бошқарув асосларини емирадиган, унинг аҳоли олдидаги обрўсига путур етказадиган, фуқароларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларига дахл қиладиган ҳавфли жиноий ҳодисалардан биридир. Коррупция ҳар қандай давлат ва жамиятнинг сиёсий-иқтисодий ривожланишига жиддий путур етказади, давлатнинг конституциявий асосларини ва қонун устуворлигини заифлаштиради, пировардида инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг поймол бўлишига олиб келади.
Коррупция фуқаронинг давлат вакили билан маъмурий муносабатлари маъно-моҳиятини ўзгартиради ва жамият учун ҳам, давлат учун ҳам салбий оқибатларга сабаб бўлади. “Коррупция – давлат органлари ходимлари моддий ёки мулкий йўсинда ғайриқонуний шахсий наф кўриш мақсадида ўз хизмат мавқеидан фойдаланишида ифодаланадиган ижтимоий ҳодисадир. Лекин фақат давлат хизматчилари коррупция фаолиятининг субъектлари ҳисобланади, чунки коррупция муносабатлари юзага келишига сабаб бўладиган қарорлар қабул қилиш ёки ҳаракатлар содир этиш учун ҳокимият ваколатига фақат улар эга бўлади””.
Давра суҳбати сўнггида М.Хўжаев талабалар томонидан берилган саволларга батафсил жавоблар берди.
Кўкалдош билим юртининг матбуот хизмати










