Ҳар замонда вақт-вақти билан фиқҳий мазҳабларни инкор қиладиган ва мазҳабсизликка чақирувчилар чиқиб туради. Бугун ҳам ҳақиқий илмдан баҳра олмаган ёки ҳали илм остонастда бўлган илмсиз инсонлар мазҳаб ва унинг асосларидан бехабар бўлганлиги жиҳатидан мазҳабни ва мазҳаб имомларини инкор қилмоқда. Бу тоифадаги инсонлар мазҳаб имомларини танимагани ва билмагани учун “Танимасни сийламас!” деганидек “Мазҳаб имомлари ҳам ўзимизга ўхшаган инсонлар. Қуръон ва суннат турганда Абу Ҳанифа ва бошқа имомларни сўзига амал қиламизми?” дейишади. Баъзида улар “Мазҳаблар пайғамбар алайҳиссаломнинг замонларида бўлмаган, демак мазҳаб бидъат. Шунинг учун унга амал қилиш керак эмас” дейишади.
Бу тоифадаги кишилар кишилар ҳам мазҳабнинг ҳақиқатини ва аҳамиятини тўғри тушинтириб берадиган устозларнинг сўзларини қалб қулоқлари билан эшитса, мазҳабга эргашиш – динга эргашиш эканлигини тушинадилар. Мен шу ўринда мазҳабнинг аҳамиятини устозларнинг сўзлари билан баён қилмоқчиман.
Устоз шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ўзларининг “Мазҳаблар – бирлик рамзи” номли китобида “Яхшилаб тушиниб олишимиз лозимки, агар мужтаҳид имомлар масалаларни таҳқиқ этиб, истинбот қилиб, тартибга солмаганларида, бутун олам зулматда ва гумроҳликда қолган бўларди, шариатнинг ҳукмларидан ҳеч ким тўла хабардор бўла олмасди. Чунки, шариат ҳукмларининг кўпчилиги далилларнинг зоҳиридан истинбот қилинмайди. Шундай экан, мазҳабларни ёмон деб билиш эҳсонга ношукрликнинг айнан ўзгинасидир”, дейдилар.
Устоз Зоҳиджон домла Қодиров ўзларининг “Имом Аъзам ҳаёт йўли ва фиқҳ усуллари” номли китобида “Аввало, шуни таъкидлаш лозимки, фиқҳий мазҳабларга амал қилиш Қуръон ва суннатни тарк этиб, ўзимизга ўхшаган бир инсоннинг айтганига амал қилиш дегани эмас”, дейдилар.
Муқаддас ислом дини Пайғамбар алайҳиссаломдан саҳобаларга, саҳобалардан тобеинлага, улардан мазҳаб имомларимиз воситасида устозлардан устозга, устозлардан бизгача етиб келмоқда. Мазҳаб имомлари Пайғамбар алайҳиссаломнинг йўлидан бошқа нарса баён қилмаганлар. Мазҳаб имомларининг сўзи Қуръон ва суннатнинг таржимасидан бошқа нарса эмас. Демак, мазҳабга эргашиш –динга эргашишдир.
Жалолиддин Холмўминов“Кўкалдош” ўрта махсус билим юрти мударриси






