Бугунги кунда коррупсия муаммосига жаҳоннинг деярли ҳар бир мамлакатида дуч келиш мумкин. Коррупсия сўнгги йилларда халқаро миқёсда трансмиллий жиноят сифатида томонидан кенг муҳокама қилинаётган мавзулардан биридир.
Таъкидлаш лозимки, коррупсия келтирадиган зарар барча давлатлар учун тенг саналиб, мазкур иллат давлатнинг турли соҳаларига, хусусан сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий жабҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотларга ҳамда мамлакатнинг халқаро майдондаги имиджи ва инвестициявий жозибадорлигига салбий таъсир кўрсатади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг 2020 йил 24 январ куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига қилган Мурожаатномасида таъкидлаганидек, “Жамиятимизда коррупсия иллати ўзининг турли кўринишлари билан тараққиётимизга ғов бўлмоқда. Бу ёвуз балонинг олдини олмасак, ҳақиқий ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини яратиб бўлмайди, умуман, жамиятнинг бирорта тармоғи ривожланмайди”
Коррупсияга қарши курашишнинг устувор ҳуқуқий асослари қатор халқаро ҳуқуқий нормаларда ўз ифодасини топган бўлиб, уларга қуйидагиларни киритиш мумкин:
- 2003 йил 31 октябрда қабул қилинган БМТ нинг Коррупсияга қарши Конвенсияси;
- 2000 йил 15 ноябрда қабул қилинган БМТ нинг Трансмиллий уюшган жиноятчиликка қарши Конвенсияси;
- 1999 йил 27 январдаги Европа Кенгашининг “Коррупсия учун жиноий жавобгарлик тўғрисида” ги Конвенсияси;
- 1999 йил 4 ноябрдаги “Коррупсияга учун фуқаролик ҳуқуқий жавобгарлик тўғрисида” ги Конвенсиялари ва бошқалар.
Ўзбекистон юқорида таъкидланган халқаро нормалардан 2008 йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Коррупсияга қарши Конвенсияси, шунингдек, 2010 йилда Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти доирасида қабул қилинган Коррупсияга қарши кураш бўйича Истанбул Ҳаракат режасини ратификатсия қилган.
Таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда коррупсияга қарши курашиш ҳамда ушбу турдаги жиноятларни содир этилишини олдини олишга қаратилган комплекс чора-тадбирлар тизимли равишда амалга оширилмоқда. давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида коррупсия омилларини келтириб чиқараётган тизимли муаммоларни бартараф этишга қаратилган қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиниб, амалий ҳаётга татбиқ этилмоқда.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 29 июндаги ПФ-6013-сонли “Ўзбекистон Республикасида Коррупсияга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги Фармони қабул қилиниб, мазкур Фармон асосида коррупсиянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш соҳасидаги давлат сиёсатини, шунингдек, коррупсияга оид ҳуқуқбузарликларнинг тизимли сабаб ва шарт-шароитларини бартараф этиш ҳамда коррупсияга қарши курашиш чораларининг самарадорлигини оширишга қаратилган давлат ва бошқа дастурларни шакллантириш ва амалга ошириш мақсадида Коррупсияга қарши кураш Агентлиги ташкил этилди.
Фармон билан, Агентликка Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилотининг Шарқий Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари учун коррупсияга қарши курашиш бўйича тармоғининг Истанбул ҳаракатлар дастури доирасидаги ишлар ҳамда ишлаб чиқилган тавсияларнинг амалга оширилишини таъминлаш, БМТнинг Коррупсияга қарши конвенсияси ва Ўзбекистон Республикасининг коррупсияга қарши курашиш соҳасидаги бошқа халқаро шартномалари қоидаларининг бажарилиши билан боғлиқ чора-тадбирларни амалга ошириш ҳамда ушбу йўналишдаги фаолиятни мувофиқлаштириш бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий координатори вазифа ва ваколатлари, шунингдек фуқаролик жамияти институтлари билан биргаликда ҳудудлар, иқтисодиёт тармоқлари ва бошқа соҳалар кесимида коррупсиянинг даражасини баҳоловчи миллий индекс тузишни ташкиллаштириш юклатилди.
Шунингдек, мазкур Фармон асосида қуйидаги чора-тадбирларни босқичма-босқич амалга ошириш белгиланлиги аҳамиятлидир, хусусан:
- 2020–2021 йилларда барча давлат ва хўжалик бошқаруви органларида коррупсияга қарши ички назорат тизими (“комплаенс-назорат”) ни босқичма-босқич жорий этиш;
- давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг коррупсияга қарши курашиш соҳасидаги фаолияти, шунингдек ушбу соҳадаги давлат ва бошқа дастурлар самарадорлигини мониторинг қилиш ҳамда баҳолаш имконини берувчи E-Anticor.uz электрон платформасини жорий этиш;
- коррупсия ҳолатлари ҳақида хабардор қилиш имконини берувчи махсус мобил дастурий таъминотни жорий этиш.
Хорижий амалиёт таҳлили шуни кўрсатдики, бозор иқтисодиёти қонунларга асосланган мамлакатларда коррупсияга қарши курашиш соҳасида давлат ва хусусий сектор иштирокчиларининг халқаро стандартлар, қонун ҳужжатлари ва бошқа замонавий усулларга мувофиқ самарали фаолият юритишини таъминловчи муҳим воситалардан бири ўз таркибида коррупсияга қарши курашиш комплаенс назорат (cомплианcе cонтрол) тизимини ташкил этиш ҳисобланади.
Коррупсияга қарши комплаенс назорати – давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, хўжалик юритувчи субектлар фаолиятини коррупсияга қарши курашиш соҳасидаги халқаро стандартлар, қонун ва бошқа меъёрий ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқ ташкил этувчи, коррупсия хавф-хатарлари, манфаатлар тўқнашувини ўз вақтида аниқлаш ва чек қўйиш, қонун бузилиши ва коррупсияга оид ҳуқуқбузарликлар ҳақида хабар беришни ўзида мужассам этган профилактик тизимдир.
Қайд этиш лозимки, олиб борилаётган ислоҳотларни амалий ҳаётга татбиқ этиш мақсадида 2020 йил 4 февралда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Вакили (Омбудсман) томонидан Коррупсияга қарши кураш бўйича идоравий чора-тадбирлар дастури тасдиқланган бўлиб, фуқаролар ва юридик шахслар вакиллари томонидан коррупсия ҳақида хабар бериш механизмлари жорий этилганлиги аҳамиятлидир, хусусан бугунги кунда:
– Омбудсманнинг “10-96” ишонч телефони ва виртуал қабулхонаси фаолият юритмоқда;
– фуқаролар ва юридик шахслар вакилларининг коррупсиявий ҳолатлар бўйича ҳамда ходимларнинг бошқа қонунга хилоф ишлари тўғрисидаги мурожаатлари таҳлил қилиниб борилади, уларнинг натижалари одоб-ахлоқ комиссияси йиғилишларида муҳокама қилинади.
– Омбудсман Котибиятига ишга биринчи марта қабул қилинаётган шахслар учун коррупсияга қарши курашиш мақсадида йўл-йўриқларни тушунтириш, хизмат вазифасига қўйиладиган асосий мажбуриятлар, таъқиқлар, чекловлар, талаблар ва идоравий одоб-ахлоқ қоидалари мазмун-моҳияти 3 иш кунидан кечиктирмай тушунтирилади.
– Вакилга коррупсия билан боғлиқ бўлган мурожаатларга эътибор қаратадиган бўлсак, 2020 йилнинг 6 ой давомида “Коррупсияга қарши курашиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 26-моддасига мувофиқ Омбудсман томонидан Бош прокуратурага 17 та мурожаат юборилган (2019 йил – 21 та). Ушбу мурожаатлардан 2 таси ўз тасдиғини топган.
Соҳада амалга оширилаётган ушбу мазмундаги ислоҳотларнинг натижаси сифатида Транспаренcй Интернатионал халқаро ноҳукумат ташкилоти томонидан ҳар йили эълон қилиб бориладиган “Коррупсияни қабул қилиш индекси” да Ўзбекистон 180 та давлат орасида 2017 йилда 157-ўрин, 2018 йилда эса 158-ўринни эгаллаган бўлса, 2019 йилда 25 балл билан 153-ўринни эгаллаб, 5 поғонага кўтарилди.
Бундан ташқари, Жаҳон одил судлов лойиҳасининг Ҳуқуқ устуворлиги индексидаги “Коррупсиядан ҳолилик” индикаторида Ўзбекистон 2019 йилда 0,38 балл билан 95-ўринни эгаллаган бўлса, 2020 йил бўйича 128 давлат орасида 0,40 балл билан 89-ўринни эгаллаб, 6 поғонага кўтарилганлиги малакатимизда коррупсияга қарши тизимли олиб борилаётган ислоҳотларнинг самарасидир.
Мамлакатимизда коррупсияни олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар амалга оширилаётган бўлса-да, ҳуқуқни қўллаш амалиётида мансабдор шахсларнинг коррупсия билан боғлиқ жиноятларни содир этаётганлик ҳолатлари ҳали ҳамон учрамоқда. Статистик маълумотларга кўра, 2017–2019 йиллар давомида 6127 нафар мансабдор шахснинг пора олиши билан боғлиқ жиноий жавобгарлик масаласи ҳал қилинганлиги, 2019 йилнинг дастлабки олти ойида жами 661 нафар турли тоифадаги мансабдор шахсларга нисбатан коррупсия билан боғлиқ 590 та жиноят ишлари қўзғатилганлиги, коррупсияга қўл урган ва жинояти фош қилинган мансабдор шахсларнинг 25 нафари республика, 36 нафари вилоят ва 476 нафари туман-шаҳар миқёсидаги вазирликлар, идоралар ҳамда корхона ва ташкилотларда ишлаб келганлиги, коррупсия жиноятларининг асосан тиббиёт, таълим, давлат хизмати кўрсатиш, хусусан тадбиркорлик субектлари фаолиятига лицензия ва руҳсат бериш билан боғлиқ соҳаларда ҳали ҳамон камаймаётганлиги ташвишлидир.
Хорижий давлатлар тажрибасига назар ташлайдиган бўлсак, кўплаб давлатларда, хусусан Сингапур, Буюк Британия, Германия, АҚШ каби ривожланган мамлакатларда “Давлат хизмати тўғрисида” ги, “Давлат хизматида жамоатчилик назорати тўғрисида” ги Қонунлар ҳамда давлат хизматчилари, мансабдор шахслар, шунингдек судяларнинг хатти-ҳаракат меъёрларини тартибга солувчи Ахлоқ кодекслари мавжуд эканлигини кўришимиз мумкин.
ЭЪтиборли жиҳат шундаки, мазкур нормалар билан давлат хизматчиларининг олиши мумкин бўлган совға ёки ҳадяларнинг аниқ миқдори ҳам белгилаб қўйилган. Масалан, АҚШ да ушбу миқдор 20 АҚШ долларини, Францияда 35 евро, Буюк Британияда 140 фунт, Россияда 3000 рубл этиб белгиланган, Канадада эса мансабдор шахсларнинг пул кўринишидаги совғалар қабул қилиши қатъиян тақиқланади, Сингапурда давлат бошқарувида фаолият кўрсатувчи мансабдор шахсларнинг гонорар, займ, қимматли қоғозлар каби тўловларни олиши таъқиқланган.
Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан юқоридаги хориж тажрибаси вазирлик тизимида жорий қилинган бўлиб, унга кўра ходимларнинг фуқаролар, бошқа ташкилотлар ходимлари, жумладан турли жойлар ва хорижий мамлакатларга уюштириладиган хизмат сафарлари давомида совғалар олиши тақиқланди. Хорижий сафарлар давомида олинган совғалар, вазирликка ўтказиладиган тартиб жорий қилинди.
Бундан ташқари, бугунги кунда илғор хорижий давлатларнинг коррупсияга қарши самарали кураш олиб бориш жараёнида қўллаётган усулларидан бири бу давлат хизматчиларининг мол-мулки, даромадлари ҳамда катта ҳажмдаги ҳаражатларини декларация қилишнинг мажбурий этиб белгиланганлигидир. Бундан кўзланган асосий мақсад мансабдор шахсларнинг ноқонуний даромад олишни олдини олиш ва манфаатлар тўқнашувини бартараф этишдан иборатдир. Давлат хизматида ушбу усул бугунги кунда 150 дан ортиқ мамлакатда қўлланилмоқда
Таъкидлаш жоизки, давлат хизматчиларининг мулкий декларация тизими коррупсиянинг олдини олиш, ноқонуний бойиш ва манфаатлар тўқнашувини аниқлашнинг қудратли воситасидир. Жаҳон банки маълумотларига кўра, Европа хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотига аъзо мамлакатларнинг аксариятида активларни декларациялашнинг кенг жамоатчилик учун ошкора тизими йўлга қўйилган. Коррупсияга қарши амалдаги халқаро стандартлар, жумладан, БМТнинг Коррупсияга қарши конвенсияси ва бошқа қатор ҳуқуқий ҳужжатларда давлат хизматчилари томонидан активларнинг эълон қилиниши коррупсияга қарши самарали восита экани эътироф этилган.
Бу борада Дания тажрибасига кўра, 2002 йилда қабул қилинган “Коррупсия тўғрисида” ги Дания Қонуни коррупсиянинг олдини олиш чора-тадбирларининг устуворлигини белгиловчи, таъсирчан огоҳлантирувчи хусусиятга эга бўлган асосий норматив-ҳуқуқий ҳужжатдир. Хусусан, ушбу қонуннинг қоидалари Дания ҳукумати вакилларини ҳар йили ўз мол-мулки ва шахсий даромадлари тўғрисидаги маълумотларни нашр этишга, хорижий компанияларда акцияларга эга бўлишни тақиқлашга мажбур қилади, бу уларнинг бошқарув фаолиятининг ошкоралиги ва шаффофлигини, коррупсион ҳолатларини олдини олишга ёрдам беради.
Коррупсияни олдини олишнинг муҳим омили шундаки, мамлакатда давлат хизматчилари юқори даражадаги ижтимоий муҳофазага эга: улар бепул тиббий хизмат ва таълим олиш ҳуқуқига ва ижтимоий кафолатларга таянишлари мумкин, бу эса коррупсион ҳаракатлар эҳтимолини сезиларли даражада камайтиради.
Бундан ташқари, Финляндияда Молия вазирлиги давлат хизматчилари ахлоқининг асосий мувофиқлаштирувчи органи ҳисобланиши билан характерлидир. Молия вазирлиги ҳукумат амалдорлари учун имтиёзлар ва совғаларни бериш ва олиш тартибини белгилайди, шунингдек давлат хизматчилари даромадларини текшириш ваколатига ҳам эга. Финляндия миллий тафтиш бюроси (NAOF) эса мамлакатда коррупсияни олдини олиш мақсадида йилда икки маротаба марказий ҳукумат молиясини текширади, солиқ сиёсатини назорат қилади ва сиёсий партиялар ва сайлов компаниясини молиялаштиришни назорат қилади.
Юқоридаги таҳлиллар, коррупсияга қарши курашиш ҳамда мазкур турдаги жиноятларни олдини олиш борасида мамлакатимизда қуйидаги чора-тадбирларни амалга ошириш лозимлигини кўрсатмоқда:
биринчидан, “Давлат хизмати тўғрисида” ги Қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиб, муҳокама қилинаётган бўлса-да, ҳали ҳамон мазкур Қонун қабул қилинганича йўқ. Шу сабабдан “Давлат хизмати тўғрисида” ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини, шунингдек давлат хизматчиларининг Ахлоқ кодексини қабул қилиш, мазкур нормаларда давлат хизматчиларининг ўз фаолиятини олиб бориш жараёнида амал қилиши лозим бўлган ҳамда коррупсияни вужудга келишига имкон яратиб берувчи сабаб ва шарт-шароитларни олдини олишга қаратилган меъёрлар акс эттирилиши мақсадга мувофиқдир;
иккинчидан, халқаро ва илғор хорижий давлатлар тажрибасини чуқур ўрганган ҳолда давлат хизматчиларининг мол-мулки, даромадлари ҳамда катта ҳажмдаги ҳаражатларини декларация қилишни тартибга солувчи нормаларни миллий қонунчилик тизимига имплеменетатсия қилиш мақсадга мувофиқдир. Бу эса ўз навбатида мансабдор шахсларнинг мол-мулкидаги ўзгаришларни мунтазам равишда кузатиш имкониниятини беради, декларацияларнинг оммавийлиги, яъни жамоатчилик учун очиқлиги эса уларнинг коррупсияга қарши курашишдаги аҳамиятини янада ошириши шубҳасиздир.
Шоҳжаҳон КУЛТУРАЕВ
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг
Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)





