Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: ”Ким бир яхшиликни қасд қилсаю, амалга оширолмаса Аллоҳ таоло унга битта савоб ёзади”.
“Ким Аллоҳ таолодан чин кўнгил билан шаҳидлик мақомини сўраса, тўшагида вафот этса ҳам Аллоҳ таоло уни шаҳидлик мақомига етказади”.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Табук ғазотига боришни хоҳлаб, аммо улов тополмагани учун боролмаганлар ҳақида: “Мадинада шундай кишилар борки, сизлар қанча машаққат чекиб юрган бўлсаларингиз ўшанинг ажрича улар ҳам ажр олади. Чунки улар узр сабабли чиқа олмади”–дедилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Бир киши доим кечаси туриб таҳажжуд намози ўқиш одати бўлса, аммо уйқу ғолиб келиб туролмай ухлаб қолса, унга аввалги кечалардаги намозининг ажрича ажр ёзилаверади. Уйқуси эса унга садақа бўлади”.
Бу ерда гап кечаси туриб намоз ўқиганда эмас, балки тўшагида ухлаб қолса ҳам ҳиммати олий бўлиб, иймон, ихлос билан ният қилгани учун ажрга эришган киши ҳақида кетяпти.Мўъмин киши ҳимматининг олийлиги билан устун туради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир куни: “Бир дирҳам (танга) юз минг дирҳамдан устун келди”–дедилар. Шунда саҳобалар: “Эй, Аллоҳнинг элчиси! Қандай қилиб бир дирҳам (танга) юз минг дирҳамдан устун келади”-дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бир кишининг бор-йўғи икки дирҳам пули бор эди, унинг бир дирҳамини олиб садақа қилди. Бошқа бир кишининг жуда кўп бойлиги бор эди, ундан юз минг олди (ва садақа қилди)”,-дедилар. Яъни ўзи камбағал, муҳтож бўла туриб ҳам ҳиммат билан бир дирҳамини садақа қилгани учун шундай катта ажрга эга бўлган.






