Биринчи қисм: Касб-ҳунарнинг фазилати
“Албатта, улар Роббиларига иймон келтирган йигитлардир. Ва Биз уларга янада зиёда ҳидоят бердик” (Каҳф сураси 13-оят).
Ислом дини ҳар бир мўмин-мусулмоннинг касб-корли бўлишига катта аҳамият беради. Ҳатто, Қуръони каримда темирчилик, бинокорлик, дурадгорлик ва деҳқончилик каби соҳаларга боғлиқ сўзлар мавжуд.
Қуръони каримда касб-ҳунарга кўп эътибор берилган. Сабаби, касб-ҳунар орқали инсон ҳалол ризққа эришади ва ўзгаларга иқтисодий жиҳатдан қарам бўлишдан қутилади.
Маълумки, айнан кўп сонли касблар мавжуд ҳудуд ва ўлкаларда, гарчи уларнинг ерларида ички ва ташқи бойликлар кам ёки бутунлай йўқ бўлса ҳам, ҳақиқий моҳир ишчи кучлари тўпланади. Бундай давлатлар, табиий захиралари бўлмаса ҳам, ўз етишмовчиликларини юксак инсоний фазилат ҳисобланмиш доимий ҳаракатчанлик ва тўхтовсиз интилувчанлик ёрдамида тиклашга имкон топа оладилар. Бу борада Япониянинг яқин ўтмиши эсга олинса, кифоя.
Шу сабаб Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам саҳобаи киромларни касб-ҳунарли бўлишга ундардилар. Бой бўлсин, фақир бўлсин, меҳнат қилишдан тўхтаб қолганларни мазаммат қилардилар.
Бунга мисол қилиб, қуйидаги ҳадисларни келтиришимиз мумкин:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Албатта, Аллоҳ касб қиладиган бандани яхши кўради. Ким оиласи учун касб-ҳунар билан тирикчилик қилса, Аллоҳ йўлида жиҳод қилган кишидек бўлади” (Имом Аҳмад ривояти).
“Ҳалол (ризқ)ни талаб қилиш фарздан кейинги бир фарздир” (Имом Табароний ва имом Байҳақий ривояти).
“Ростгўй ва ишончли тижоратчи (қиёматда) набийлар, сиддиқлар ва шаҳидлар билан биргадир” (Имом Термизий ривояти).
“Касбларнинг энг яхшиси тўғри савдо ва кишининг ўз қўли ила қилган меҳнатидир” (Имом Аҳмад ривояти).
“Кунлардан бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнларидан жидду-жаҳд ва ғайрат билан меҳнат қиладиган бир йигит ўтиб қолди. Саҳобалар унинг бақувват ва эпчиллигини кўриб: “Эй Аллоҳнинг расули, унинг бу иши Аллоҳнинг йўлида бўлса эди!” дедилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар у болалари учун меҳнат қилишга чиққан бўлса, у Аллоҳнинг йўлидадир. Агар у қариб қолган ота-онаси учун меҳнат қилишга чиққан бўлса, у Аллоҳнинг йўлидадир. Агар ўзи учун меҳнат қилишга чиққан бўлса, у Аллоҳнинг йўлидадир. Борди-ю, (куч-қуввати билан) риё қилиш ва фахрланиш ниятида чиққан бўлса, (у ҳолда) у шайтоннинг йўлидадир”, дедилар” (Имом Табароний ривояти).
Дарҳақиқат, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мазкур юксак тарбиялари саҳобаи киромлар розияллоҳу анҳумнинг ич-ичларигача сингиб кетган эди!
Таржимаи ҳол ва сийрат китобларида Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг баззоз, яъни мато ва газламалар сотувчиси бўлганлари зикр қилинган. Бундан ташқари, улуғ саҳобалардан яна Усмон ибн Аффон, Талҳа, Абдураҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳумлар ҳам турли матолар савдоси билан шуғулланганлар.
Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу қассоб, Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу ўқ ва найзаларни ўткирловчи, Усмон ибн Талҳа розияллоҳу анҳу тикувчи, Абу Суфён розияллоҳу анҳу эса ёғ ва тери савдоси билан шуғулланадиган тижоратчи бўлганлар.
Шуни билиб қўйишимиз керакки, касб-ҳунар билан шуғулланиш нафақат оддий инсонларга хос, балки Аллоҳ таолонинг танланган бандалари – пайғамбарлар ҳам меҳнат қилиб кун кечиришган.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтадилар: “Одам алайҳиссалом деҳқончилик, Нуҳ алайҳиссалом дурадгорлик, Идрис алайҳиссалом тикувчилик, Иброҳим ва Лут алайҳимассаломлар зироат, Солиҳ алайҳиссалом тижорат, Довуд алайҳиссалом совутлар ясаш, Мусо, Шуайб ва Муҳаммад алайҳимуссаломлар эса чўпонлик билан шуғулланганлар”.
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу эса: “Мен дунё амали билан ҳам, охират амали билан ҳам шуғулланмайдиган бекорчи кишини ёмон кўраман”, дер эканлар.
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу эса: “Албатта мен бир кишини кўриб, уни ёқтириб қоламан. Кейин унинг ҳеч бир иш билан машғул эмаслигини билиб қолсам, у назаримдан тушиб қолади (яъни, унга бўлган ҳурматим йўқолиб қолади)”, деган эканлар.
Тарих китоблари Қурайш лочини бўлмиш Абдураҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳунинг илк бор Европага хурмо дарахтини, бошқа мусулмонлар эса илк марта пахта, шакарқамиш ва Ҳалаб пистасини олиб кирганлари ҳақида хабар беради.
Луғат китобларида эса европа тилларига араб тилидан кириб келган, зироатга оид бир нечта сўзларни учратиш мумкин. Ушбу сўзлар бугунги кунимизга қадар ишлатилиб келинмоқда. Уларнинг айримларини испанча сўзлар мисолида кўришимиз мумкин:
Artichoken (артишок, ўтсимон полиз ўсимлиги) – аслида ардийшавкий.
Sucar (шакар) – аслида суккар.
Cotton (пахта) – аслида қутн.
Lionade (лимонад) – аслида ъасийрул-лаймун.
Rice (гурунч) – аслида ризз.
Шунингдек, германиялик шарқшунос Сигрид Ҳунке “Арабларнинг қуёши ғарб узра нур сочмоқда” номли китоб ёзиб, унинг иловалари орасига бир нечта жадваллардан иборат бир илова киритган. Ушбу илова араб тилидан олинган бир нечта немисча сўзларни ўз ичига олади.
Сигрид Ҳунке ўз китобида шундай ёзади: “Ўрта асрларда араб-мусулмон дунёси маҳсулотлари Европада юксак қадрланган. Мабодо европалик кишида устига “Дамашқ маҳсулоти”, “Бағдодники” ёки “Қоҳирада тайёрланган” деб ёзилган бирон буюм бўлса, дарҳол атрофидагиларга мақтаниб, кўз-кўз қила кетарди”.
Юқоридаги маълумотлардан шу нарса аёнки, ҳар бир мўмин-мусулмон ёш ҳаётининг фаровонлигини таъминлайдиган бирон касб билан шуғулланиши айни ислом шариатининг кўрсатмасидир. Зеро, доно халқимиз айтганидек, “Меҳнатдан келса бойлик, турмуш бўлар чиройлик”.
Муҳаммад Хойр Шаъолнинг “Ёшлар масалалари” номли мақолалар
туркуми асосида Кўкалдош ўрта махсус ислом билим юрти мударриси
Баратов Ғиёсиддин ва 3-курс талабалари томонидан тайёрланди.






