29 йил муқаддам – 1991 йил 18 ноябрь куни “Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи тўғрисида”ги Қонун Олий Кенгаш томонидан қабул қилинган. Давлат байроғи давлат рамзлари ичида юрт ва миллатни оламга энг тез ва яққол танитувчи белги десак муболаға қилмаган бўламиз. Ушбу давлат тимсолининг ҳажми, қисм ва элементларининг ранги ва ўлчамлари мазкур қонунда қатъий белгилаб қўйилган.
Давлат байроғи доимий равишда давлат бошқарув ва ижро органлари, судлар, прокуратура органлари, чегара пунктларида ва бошқа давлат идораларининг биноларида кўтарилади. Республика ҳудудидан ташқарида Ўзбекистон Республикаси дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасаларида, Ўзбекистон Республикасида кемалар реестрида рўйхатда бўлган денгиз ва дарё кемаларида, халқаро спорт мусобақаларида ғолиб бўлган миллий спорт терма жамоаларини мукофотлаш маросимлари ва бошқа муносабатларда белгиланган тартибда кўтарилади.
Давлат рамзларига ҳурмат билан муносабатда бўлиш мажбурияти қонун билан мустаҳкамлаб қўйилган. Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тасвири туширилган белгилардан тижорат мақсадларида фойдаланиш, уларни реклама материалларига киритишга йўл қўйилмайди.
Мазкур қонуннинг 13-модда иккинчи қисмида “Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади” дейилган.
Таълим муассасамиз талабаларига Давлат байроғининг аҳамияти ва мазмун-моҳияти тушинтириб ўтилди.
А.Ғаниев
“Кўкалдош” ўрта махсус ислом
таълим муассасаси мудир ўринбосари