Ўзбекистон Республикаси Конституциясида давлат тилининг мақоми ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаб қўйилган. Шу тариқа ўзбек тили мустақил давлатимизнинг Байроғи, Герби, Мадҳияси қаторида турадиган, қонун йўли билан ҳимоя қилинадиган муқаддас давлат рамзига айланди.
Тил – миллат қиёфасининг бир бўлаги. Шу сабабли ҳали мустақилликка илк қадамлар ташланаётган даврдаёқ ўзбек тилига давлат мақоми берилди. Она тилимиз-ўзбек тилига 1989 йил 21 октябрда давлат тили мақоми берилди. Бу мамлакатимиз, юртдошларимиз ҳаётидаги унутилмас, тарихий воқеага айланди. Айни пайтда тилимизнинг ижтимоий мавқеини янада мустаҳкамлаш, юксалтириш учун ҳам беқиёс имконият яратилди.
Ҳар йили 21 октябрь юртимизда ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган кун сифатида кенг нишонланади. Ушбу санага бағишланган тадбирларда “Давлат тили ҳақида”ги қонуннинг ижроси юзасидан амалга оширилаётган ишлар атрофлича таҳлил этилиб, галдаги вазифалар белгилаб олиниши яхши анъанага айланган.
Тилимизни эъзозлаш, ёш авлодни она тилига ҳурмат руҳида тарбиялашда буюк аждодларимизнинг ҳаёти ва фаолияти катта ибрат мактабидир. Бунга улуғ мутафаккир Алишер Навоий ижоди мисол бўла олади. Буюк шоир ўзининг нафис шеърияти орқали тилимизнинг беқиёс гўзаллигини ҳамда бой имкониятларини намоён этган бўлса, илмий асарларида унинг ривожланиш йўлларини таҳлил қилган. “Муҳокамат ул-луғатайн” асари Алишер Навоийнинг нафақат буюк шоир ва мутафаккир, балки ўзбек адабий тилининг тарғиботчиси ва фидойиси эканидан далолат беради.
17 октябр куни Кўкалдош ўрта махсус ислом билим юрти талабалари А.Ғаниев бошчилгида Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Алишер Навоий номидаги давлат адабиёт музейига ташриф буюришди. Музейда ўзбек халқ оғзаки ижоди дурдоналари, ёзма адабиётининг энг қадимги давридан шу кунгача бўлган тарихий тараққиёт босқичлари, музей фондида сақланаётган Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур каби алломаларимизнинг қўлёзма асарлари билан яқиндан танишиш имконияти бўлди. Талабалар ушбу экскурсиядан улкан таассуротлар олганлигини, айниқса, мазкур музей ёшларимизнинг маданий-маърифий савиясини юксалтиришга хизмат қиладиган илмий муассаса эканлигини эътироф этишди.
Маънавий-маърифий масалалар бўйича мудир ўринбосари А.ҒАНИЕВ





