﴿ آمَنَ الرَّسُولُ بِمَا أُنْزِلَ إِلَيْهِ مِنْ رَبِّهِ وَالْمُؤْمِنُونَ كُلٌّ آمَنَ بِاللَّهِ وَمَلَائِكَتِهِ وَككُتُبِهِ وَرُسُلِهِ لَا نُفَرِّقُ بَيْنَ أَحَدٍ مِنْ رُسُلِهِ وَقَالُوا سَمِعْنَا وَأَطَعْنَا غُفْرَانَكَ رَبَّنَا وَإِلَيْكَ الْمَصِيرُ * لَا يُكَلِّفُ اللَّهُ نَفْسًا إِلَّا وُسْعَهَا لَهَا مَا كَسَبَتْ وَعَلَيْهَا مَا اكْتَسَبَتْ رَبَّنَا لَا تُؤَاخِذْنَا إِنْ نَسِينَا أَوْ أَخْطَأْنَا رَبَّنَا وَلَا تَحْمِلْ عَلَيْنَا إِصْرًا كَمَا حَمَلْتَهُ عَلَى الَّذِينَ مِنْ قَبْلِنَا رَبَّنَا وَلَا تُحَمِّلْنَا مَا لَا طَاقَةَ لَنَا بِهِ وَاعْفُ عَنَّا وَاغْفِرْ لَنَا وَارْحَمْنَا أَنْتَ مَوْلَانَا فَانْصُرْنَا عَلَى الْقَوْمِ اللْكَافِرِينَ ﴾ [البقرة: 285-286[
Пайғамбар унга ўз Роббидан туширилган нарсага иймон келтирди ва мўминлар ҳам. Барча Аллоҳга, Унинг фаришталарига, китобларига, Пайғамбарларига иймон келтирди. Унинг Пайғамбарларининг бирорталарини ажратмаймиз. Ва эшитдик ва итоат қилдик, эй Роббимиз мағфаратингни сўраймиз ва қайтиб бориш Сенгадир, дедилар.
Аллоҳ ҳеч бир жонни тоқатидан ташқари нарсага таклиф қилмас. Фойдаси ҳам касбидан, зарари ҳам касбидан. Эй Роббимиз, агар унутсак ёки хато қилсак, (иқобга) тутмагин. Эй Роббимиз, биздан олдингиларга юклаганга ўхшаш оғирликни бизга юкламагин. Эй Роббимиз, бизга тоқатимз етмайдиган нарсани юкламагин. Бизни афв эт, мағфират қил ва раҳм эт. Сен ҳожамизсан. Бас, кофир қавмларга бизни ғолиб қил! (Бақара сураси 285-286 оятлар). [1]
Ушбу ояти карима ва кейинги оят иккалови суранинг хулосасини мужассам қилган. Бу икки оятнинг ҳар бир сўзи улкан маънони англатади. Уларда ақида, иймон хусусиятлари, банданинг ўз Робби билан бўладиган ҳоли, фарз қилинган амалларга муносабат ва бошқалар келган.
Ҳамма нарсани дақиқ-дақиқларигача билувчи Аллоҳ ҳар бир жонни ҳам нимага ярайдию нимага ярамайди яхши билади. Бандаларига меҳрибонлигидан имкони ва ҳаққи бўлса ҳам, ҳеч бир жонни тоқатидан ташқари нарсага таклиф қилмайди. Аллоҳнинг буйруқлари ва қайтариқлари банданинг имкони даражаси доирасида бўлади. Ана ўша таклифга амал қилишига қараб, бошқа ҳеч бир нарсага қарамасдан, банданинг жазоси ёки мукофоти белгиланади.
Ушбу икки оятнинг фазилатлари:
Имом Аҳмад ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳбу алайҳи васаллам: “Сураи Бақаранинг икки оятини ўқи, улар менга аршнинг остидаги хазинадан берилган”, деганлар.
Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Кимки, Бақара сурасининг охирги икки оятини тунда ўқиса, у иккиси унга кифоя бўлади”. [2]
Аллоҳ таолонинг бутун мусулмон умматига таълим берганлигини юқоридаги икки оайти каримадан билиб оламиз. Илмлар ичида энг зарури ва усиз бошқа илмлар ҳам фоида бермайдиган илм – ақида илмидир. Аллоҳ шу илмни бандаларига Ўзи таълимини бермоқда. Бу таълимни саҳобаи киромлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам орқали қабул қилиб олмоқдалар. Бу жуда катта, жуда улуғ шараф ҳисобланади.
Аллоҳ таоло бизларни доимо Ўзини танувчи бандаларидан қилсин!
“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти
талабаси Абдуссами Эргашев
[2] Шайх Ваҳба Зуҳайли роҳимаҳуллоҳнинг “Тафсирул мунир” асари.





