Исломга киришлари ва дўст бўлишлари
Оталари: Аффон ибн Абул Ос ибн Умайя.
Оналари: Арво бинт ибн Робийъа.
Пайғамбар (сав)дан беш йил кейин туғилганлар. Исломдан олдин ҳам, кейин ҳам катта бойлардан бўлганлар. Пайғамбар (сав) даврларида Абу Бакр(р.а)- нинг қўлларида, исломнинг илк аввалида мусулмон бўлганлар. Расули акрам у зотни биринчи қизларидан кейин иккинчисига уйлаб қўйганлар. Ҳаётлари давомида Расулуллоҳдан ажралмаганлар. Бадр ғазотидан ташқари барча ғазотларда қатнашганлар. Олтинчи ҳижрий йилда Ҳудайбия сулҳида Расулуллоҳнинг Қурайшга элчилари бўлиб борганлар.
Ахлоқлари
Усмон (р.а) мулойим, пок қалбли киши эдилар. Хайр-саховатли, қўли очиқ, яқин ва узоқларига борларини аямайдиган зот эдилар. “Қийин қўшин» (Табук ғазотида тўпланган 30 минг кишилик қўшин) ни таъминлаган эдилар. «Рума қудуғи» ни сотиб олиб, уни мусулмонларга эҳсон қилган эдилар. Пайғамбар (сав) у зотни ажратиб айтган сифатларининг энг аҳамиятлиси хақиқий ҳаёлилик хислатлари эди.
Халифаликка тайинланишлари
Умар (р.а) яраланганларида саҳобалардан ўзларига ўринбосар халифа тайинлашни талаб қилдилар. У зот ўзларидан кейин Абу Бакр (р.а) қилганларидек, аниқ бир кишини халифа этиб тайинлаш ниятлари йўқ эди. Чунки буни талаб қилувчи сабаблар тугаган эди. Лекин кейинроқ ишни жаннат билан башорат қилинганлардан олтитасига топшириб, улар ўзаро маслаҳатлашиб, ораларидан бир кишини уч кун ичида сайлашлари керак деган фикрда қолдилар. Улар: Усмон, Али, Талҳа ибн Убайдуллоҳ, Зубайр ибн Аввом, Саъд ибн Абу Ваққос ва Абдураҳмон ибн Авф (р.а)лар эдилар. Умар (р.а) қандай номзодлар орасидаги овозларни тенг қўйишда қанчалик эҳтиёткор бўлганлигини биласизми. Таклифга биноан биринчи ўринга Абдураҳмон ибн Авф қўйилдилар. Кейин ўзаро маслаҳатлардан сўнг Усмон ибн Аффонни номзодларини маъқуллашди.
У зотнинг даврларида фатҳлар
У зотнинг даврларида ҳарбий ҳаракатлар икки жабҳада олиб борилди.
1. Умар (р.а) даврларида ислом етиб борган баъзи вилоятларда кўтарилган қўзғолон ва исëнларга барҳам берилиши. Хуросон қўзғолон кўтарди, Румликлар Искандарияга ҳужум уюштирди. Усмон (р.а) ҳар иккала ҳаракатга барҳам бера олдилар ва ўлкада бирлик ва итоатни ушлаб турдилар.
2. Умар (р.а) даврларида фатҳ ишлари етиб борган турли жабҳаларда ислом фатҳини кенгайтириб боришни давом эттириш.
Ғарбий жабҳа: Миср волийси Абдуллоҳ ибн Абу Сарҳ шимолий Африкада жанглар олиб борди ва 27-ҳижрий йил (648 м) византияликлар устидан ғалаба қозонди. Фатҳ ишлари Қуртонжага қадар етиб борди (хозирги Тунис яқинида). Шунингдек, 31-ҳижрий йил (652 м) Навба (Судан)давлатига қўшин юборди ва «Данқала»га қадар етиб борди.
Шарқий жабҳа: Абдуллоҳ ибн Омир баъзи форс ҳаракатларига барҳам берди ва фатҳ этишда давом этди. Ҳатто мусулмонлар қўшини Жайҳун дарёсидан ўтиб, Мовароуннаҳрни ислом давлатига қўшиб олишни режалаштирди.
Шимолий жабҳа: Шом волийси Муъовия ибн Абу Суфëн византияликлар Шом ўлкаларини қайтариб олишга ҳаракат қилганларида, уларни қувиб, Турус тоғлари ортигача – то Арманистонгача етиб боришди.
Мусулмонларнинг денгиздаги ҳаракатлари
Мусулмонлар Абу Бакр ва Умар (р.а)лар даврида қуруқликдаги жанглар билан тўлиқ банд бўлганларидан денгизда юришга эътибор қаратишмаган эдилар. Усмон (р.а) келганларидан сўнг, қуруқликдаги фатҳлар бир маромга тушди. Шунда денгизга аҳамият қаратиш лозим бўлиб қолди. Аслида Миср волийси Абдуллоҳ ибн Абу Сарҳ ва Шом волийси Муъовия Абу Суфён Умар (р.а) замонларидан бери халифага денгизда юришга ва бунга эътибор қаратишга ишора қилиб келишарди. Усмон (р.а) Ислом денгиз флотини ташкил этишга рози бўлдилар. Бу кишининг даврларида фахрланадиган ишлардан бири эди.
Амалда мусулмонлар денгиз флотини тайёрлаб, Византиянинг қадимий (тажрибали) денгиз флоти устидан Ўрта ер денгизида 34 ҳ. йилда (652 м) «Затус Соварий» жангида ғалаба қозонишга муваффақ бўлишди. Эндигина пайдо булган бу флот Византия флоти қучларидан устун келиб, Ўрта ер денгизида ва ундаги бир қанча Крит, Родус каби машҳур ороллардаги ҳукмронликни ўз қўлига олди. Шундай қилиб византияликлар Миср ва Шомдаги ep мулкларини қайтариб олишга қаратилган умидларини ҳам йўқотдилар.
Мусҳафларнинг ёзилиши
Абу Бакр (р.а) қандай Қуръони каримни жамъ қилишга буйруқ берганларини ва бу у зотни буюк ишларидан бири эканлигини ўтган дарсларда кўрдик. Мусулмонлар ўз ярим оролларидан чиққанларида, Аллоҳ уларга фатҳ ва очиқ ойдин ғалабаларни берган эди. Улар бошқа халқлар билан аралашиб кетишди. Усмон (р.а)нинг қўмондони Ҳузайфа ибн Ямон Озарбайжонни фатҳ қилаётганда мусулмонларни Қуръони каримни қироат қилишда ихтилоф қилаётганликларига эътибор қаратдилар. Мадинага келиб, Усмон (р.а) билан мусҳафларни ёзиш ва тартиблаш бўйича маслаҳатлашдилар. Усмон (р.а) саҳобаларни тўплаб, уларга масалани билдирдилар. Улар бу фикрни ёқлаб, шунга келишишди. Усмон (р.а) Умар (р.а)нинг қизлари Ҳафса (р.а)га оталари вафотидан кейин у зотда қолган мусҳафни юборишини сўраб одам юбордилар. У зот тезда юбордилар. Иккинчи марта ҳам Усмон (р.а) даврларида Зайд ибн Собит Қуръони каримни ёзишликда бошчилик қилдилар. Тугатишгандан сўнг халифа барча ўлкаларга биттадан мусҳаф юбордилар.
Агар илк ёзишдан мақсад Қуръони каримни жамлаш ва уни йўқолиб кетишидан асраш бўлса, иккинчи марта ёзишдан мақсад одамлар орасида ихтилоф келиб чиқишнинг олдини олиш, уларни ягона Қуръони карим қироатига бирлаштириш бўлган. Аллоҳ таоло азиз китобида шундай деб рост сўзлаган:
“” (Фуссилат сураси42-оят)
Абдуллоҳ ибн Сабъа фитнаси ва Усмон ибн Аффон (розияллоҳу анҳу)нинг ўлдирилиши
Абдуллоҳ ибн Сабъа Яман яҳудийларидан бўлиб, исломга мунофиқ сифатида унга ва мусулмонларга макру ҳийла тузоғини қўйиш учун киради. Ислом ўлкаларида айланиб юради ва ниҳоят охири Мисрда Усмон (розияллоҳу анҳу)га қарши исён ва ғалаёнга чақириб, Али (розияллоху анҳу)ни ундан кўра халифаликка лойиқроқ, деб даъво қилади. Амалда шубҳаларни авж олдирди. Атрофига ёрдамчилар тўплади. Басра, Куфа ва Мисрдан Мадинага бостириб келишди. Лекин Али (р.а) уларнинг йўлини тўсиб, халифага қаратилган ҳар қандай душманлик исломни заифлашга ва мусулмонларни бўлинишига сабаб бўлишини тушунтирди. Қўзғолончилар қаноат ҳосил қилиб ортга қайтишди. Шунда Абдуллоҳ ибн Сабъа мағлуб бўлгани ва фурсат қўлидан кетаётганини билиб, Усмон (р.а) номларидан у зотнинг сохта муҳрлари билан мактуб фитнасини ишлаб чиқди. Мактубда Мисрдан келганлар ва уларнинг раҳбари Муҳаммад ибн Абу Бакрни ўлдириш ҳақида Мисрга юборилган буйруқ бор эди. Улар ортга қайтиб, Усмон (р.а)нинг уйларини ўраб олиб, қамал қилишди. Ниҳоят қамал қилганларнинг баъзилари уйга деворлардан ошиб ўтиб, Усмон (р.а)ни Қуръон ўқиётган ҳолатларида ўлдиришди. Бу воқеа 35-ҳижрий Зулҳижжа (656 м. июн) ойининг охирида рўй берди. Ва шу билан Ибн Сабъа мусулмонлар орасида бошланиб кетган қонли фитналарга эшик очиб берди.
Икром Рўзиқулов,
Кўкалдош ўрта махсус ислом таълим муассасаси мударриси






