Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам муҳаббат ила Муоз Ибн Жабал розияллоҳу анҳуга ва барча мусулмонларга васият қилиб айтган اللَّهمَّ أعنِّي عَلَى ذِكْرِكَ، وَشُكْرِكَ، وَحُسْنِ عِبَادَتِكَ “Аллоҳим, Сени зикр қилишда, Сенга шукр қилишда ва Сенга гўзал ибодат қилишда менга ёрдам бер!” муборак дуоларини биз ҳар куни намозларимиздан кейин айтиб дуо қиламиз. Ушбу дуо зикр қилинган ҳадисга мурожаат қилсак: “Муоз Ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Муоз Ибн Жабални қўлларидан тутиб: “Эй Муоз, Аллоҳга қасамки мен сени яхши кўраман! Эй Муоз сен ҳар намознинг кетидан اللَّهمَّ أعنِّي عَلَى ذِكْرِكَ، وَشُكْرِكَ، وَحُسْنِ عِبَادَتِكَ “Аллоҳим, Сени зикр қилишда, Сенга шукр қилишда ва Сенга гўзал ибодат қилишда менга ёрдам бер!” дейишни ҳаргиз тарк этма!” Абу Довуд ривоят қилган.
Имом Бухорий роҳимаҳуллоҳ “Адабул муфрад”да қилган ривоятларидан бирида: “Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга: “Аллоҳга қасамки, мен ҳам сизни яхши кўраман”, деб жавоб қайтарган эканлар.”
Сиз ушбу дуонинг маъносини бир тафаккур қилиб кўринг, у жуда қисқа бўлгани билан маъноси жудаям кенг. Шундай экан, ҳар биримиз Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламдан муҳаббат ила ривоят қилинган ушбу дуони чин ихлос билан ҳар куни айтадиган бўлсак, у бизнинг ички ва ташқи ҳолатимизга албатта ўз таъсирини кўрсатади иншоллоҳ. Сиз ҳам ушбу дуони муҳаббат билан яқинларингизга улашинг!
Кўкалдош ўрта махсус ислом билим юрти
Матбуот котиби Рустам Охунжонов






