Кимнинг агар бўлса баланд ҳиммати,
Эски кийимда ҳам зўрдир иззати.
Амир Хусрав Деҳлавий
Ҳиммат сўзи араб тилидаги “ҳамма” феълидан олинган бўлиб, бирор ишни қасд қилишни билдиради.
“Ал Мисбоҳ” қомусида айтилишича, ҳиммат бир ишни мақсад қилиб киришишнинг аввалидир. Ўша мақсадда қатъий туришни “ҳиммати олий” дейилади.
Журжоний айтади: Ҳиммат бир ишга қўл уришдан аввал қалбнинг ўша ишни қаттиқ мақсад қилишидир.
Ибн Қаййим “Мадорижус соликин” (“Соликлар даражалари”) китобида бундай дейди: “Ҳиммат “ҳамма” феълидан олинган бўлиб, хоҳишнинг аввалини билдиради. Аммо уламолар хоҳишнинг ниҳоясига етишни ифодалайди, дейишади. “Ҳамма” хоҳишнинг аввалини, “ҳиммат” эса ниҳоясини билдиради”.
“Манозил” китоби муаллифи қуйидагича таърифлаган: “Ҳиммат мақсад сари етокловчи туйғу, яъни, жўшқинликдир. Инсон бу туйғуни жиловлай олмайди ва ундан кечиб ҳам кетолмайди”.
Банданинг ҳиммати холис Аллоҳ таолога боғланса, у олий ҳимматга айланади. Бундай туйғу эгалари машаққатларга парво қилмай, Аллоҳнинг ҳукмларидан оғишмай мақсад сари интилади.
Ҳимматнинг олийлиги Аллоҳдан бошқага юзланмаслик, Яратганнинг розилигини, муҳаббатини бу дунёнинг ўткинчи орзу-ҳавасларига алмашмасликда кўринади. Олий ҳимматнинг бошқа туйғуларга нисбатан ўрни худди қушлардан биттаси жуда баланд учганга ўхшайди. Қанча баландроқ кўтарилса, унга зарар етиш эҳтимоли кам, пастроқдагиларга эса хавф эҳтимоли кўпроқ бўлади. Ҳиммат ҳам шундай, олийлигига қараб мақсадга етиш осонлашади. Бироқ паст бўлса, одамни чалғитувчи нарсалар кўпаяди. Олийҳимматлилик муродга етиш гарови; ҳиммат пастлиги эса мақсаддан маҳрум бўлиш омилидир.
Ҳиммат, яъни жўшқинлик ишларнинг куртаги ва муқаддимаси. Солиҳлардан бири: “Ҳимматингни эҳтиёт қил, чунки у ҳамма нарсанинг бошланишидир, ҳиммат олий ва тўғри бўлса, кейинги ишлар ҳам тўғри бўлади”, деган.
Убайдуллоҳ ибн Зиёд ибн Зибён айтади: “Калб қабиласидан бир тоғам бўлиб, менга: “Эй, Убайд, ҳимматингни олий қил, чунки олий ҳиммат мурувватнинг ярмидир”, дер эди.
Ҳиммат (жўшқинлик) инсон боласи билан бирга яралади.
Ҳолмуродов Асадулло, “Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти мударриси






