Жорий йилнинг 16 май куни Тошкент шаҳарида Шимолий Америка, Европа, Осиё, Яқин Шарқ ва Африканинг турли диний конфессиялари вакиллари, таниқли уламолар, диншунос олимлар ва хуқуқшунослар иштирокида «Декларациялар мулоқоти» халқаро форуми ўз ишини бошлади.
Форумда “Кўкалдош” ўрта махсус ислом таълим муассасаси мудири Муҳаммадамин Насриев, маънавий-маърифий ишлари бўйича мудир ўринбосари Абдувоси Ғаниев ҳамда мударрис Авазбек Жумабоев иштирок этмоқда.
Халқаро форумнинг хорижий иштирокчилари турли диний ҳамжамиятлар ўртасида дўстликни мустаҳкамлаш, эътиқод эркинлигини таъминлаш соҳасида мамлакатимизнинг бой тарихий-маданий мероси ва сиёсий-ҳуқуқий тажрибаси билан танишишади.
Мазкур форум 16-20 май кунлари Тошкент, Самарқанд ва Бухоро шаҳарларида ўтказилиши режалаштирилган.
Форум доирасида 16-17 май кунлари Тошкентда кўп миллатли жамиятда конфессиялараро мулоқотни ривожлантириш соҳасида тажриба алмашиш, диний эркинлик масалаларида қонун устуворлигини таъминлаш, турли дин вакиллари ўртасида ўзаро ишонч ва ҳурматни мустаҳкамлаш бўйича илғор амалиёт билан танишиш юзасидан илмий-амалий семинарлар ўтказилади.
18 май куни форум иштирокчилари учун Самарқанд шаҳрининг диққатга сазовор жойларига ташрифни ўз ичига олган танишув саёҳати кўзда тутилган.
19 майда Бухоро шаҳрида “Декларациялар мулоқоти” форумининг асосий тадбири бўлиб ўтади. Унда илмий-амалий семинарлар сарҳисоб қилинади, эътиқод эркинлиги ва динлараро мулоқотни таъминлаш масалалари бўйича фикр алмашилади ҳамда келгусидаги ҳамкорлик истиқболи белгиланади.

Тадбир доирасида, шунингдек, диний бағрикенглик, эътиқод эркинлиги ғояларини халқаро даражада қарор топтириш мақсадида 2016-2020 йилларда қабул қилинган Марокаш, Макка, Жакарта, Потомак, Пунто-дел-Эстедадекларацияларининг тақдимоти ўтказилиб, уларнинг мазмун-моҳияти муҳокама қилиниши режалаштирилган.
Форум якуни бўйича “Бухоро декларацияси” қабулқилинади. Ҳужжатда Ўзбекистон тажрибасидан келиб чиқиб, жаҳон ҳамжамияти билан дунёда маърифат ва диний бағрикенглик тамойилларини қарор топтириш, шунингдек, турли динлар ўртасидаги мулоқотни кучайтиришга бўлган чақириқ ифодаланади.
“Кўкалдош” ўрта махсус ислом таълим муассасаси матбуот хизмати






