Юқоридаги сўзимизни давом этган ҳолимизда толиби илмларга тегишли одобларни давом этамиз. Ҳамда шу мақоламиз билан сўзимизга якун ясаймиз.
Толиби илм илм ўрганишни бўш вақтида, кайфияти яхши пайтда, ёшлик чоғида, ҳамда ортиқча нарсалардан ҳоли пайтда бошламоқлиги лозим.
Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Бошлиқ бўлишингиздан олдин фақиҳ бўлинг”. Шунингдек, Имом Шофеъий роҳимаҳуллоҳ ҳам; “Бошлиқ бўлишингиздан олдин фақиҳ бўлинг, чунки бошлиқ бўлгандан сўнг фиқҳни ўрганишга йўл йўқ” деганлар.
Дарсни мукаммаллаштириш учун, ҳамда тўғри ўқияптими ё йўқ аниқлаштириш учун устозига ўқиб беришлик керак. Сўнг уни ёд олади ва мустаҳкам ўрнашиши учун ҳар доим такрорлаб турмоқлиги лозим.
Дарсни Аллоҳ таолога ҳамд, Расулига саловат айтган ҳолда, ҳамда уламолар, машойихлар, ота-она ва мусулмонлар ҳаққига дуо қилиб бошламоқлиги лозим. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам “Аллоҳим умматимга тонг пайтига барака бер” деб дуо қилганларига кўра эрта туриб дарс қилмоқлиги айни муддао.
Ёдлаган нарсаларини такрорлаб юрмоқлиги лозим. Ўзи мустақил китобни бошламаслиги лозим. Балки, устози билан маслаҳатлашиб иш кўрмоқлиги зарур. Ўзбошимча иш кўриш энг зарарли ишлардандир. Имом Шофеъий роҳимаҳуллоҳ шундай деганлар: “Кимки китоблардан ўқиб фақиҳ бўлса, дарҳақиқат ҳукмларни ўрганмапти”.
Талабалар ёд олган нарсаларини ўзаро фикр алмашиш билан мустаҳкамламоқликлари лозим. Имом Хатиб роҳимаҳуллоҳ шундай деганлар: “Музокара учун қулай фурсат тундир. Чунки салафи солиҳлар шундай қилишардилар, ҳаттоинки Бомдод намозининг азонини эшитардилар”.
Толиби илм дарсларини устозидан ўтказиб олишлиги шарт. Ёдлаш керак бўлган илмларнинг энг аввали Қуръони каримдур. Чунки салафи солиҳлар Қуръон ёдлаганларгагина ҳадис ва фиқҳ илмларини ўргатишган. Қуръони карим ҳифзидан сўнг муҳим бўлган қисқача матнларни ёд олиш керак. Ҳадис, фиқҳ ва усул бўйича малака ҳосил қилиш керак. Устозига ўқиётган дарсларини ўтказиб олиши билан бир қаторда бошқаларга ҳам малоллантириб қўймайдиган даражада ўтказиб туриш лозим.
Толиби илм қайси фандан бўлсин ўқиган нарсасини ҳақорат қилмасин. Ҳар қачон китобига мурожат қилиб, янада кўпроқ излансин. Устозига яқинроқ ўтирсин. Шунингдек, жойини бошқасига бўшатиб бериш макруҳ ҳисобланади. Агар устозига жой алмашиш учун рухсат сўраб ўтса мустасно.
Дўстлари ва бошқаларни фойдалари манбаларга чорласин. Уларга фойда олган жиҳатларни сўзлаб берсин. Шунда Аллоҳ унинг илмига барака беради. Шу билан бирга Аллоҳ таоло томондан катта савобга эга бўлади. Кимки бахиллик қилса, албатта юқоридагининг зиддига дучор бўлади.
Толиби илм ҳеч кимни жеркимаслиги, ҳасад қилмаслиги ва ўз фаҳм-фаросатидан ажабланмаслиги керак.
Юқорида зикр этганларимизнинг барчасига амал қилиб, тасниф билан шуғулланса, ўтган нарсаларини таҳқиқ қилса, ўрганаётган фанини масалаларини ўлалигича фаҳмлаб чиқадиган бўлса, усул қоидаларини зўр ўрганса, мазҳаблар ва уламолари борасида маълумотлар тўпласа ва рожиҳ ва маржуҳларни ўрганса, ҳамда мужтаҳид уламоларнинг юрган йўлларидан эргашса ўйлаган мақсадига эришади. Тавфиқ Аллоҳдан!
“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти
3-курс талабаси Эргашев Абдуссамиъ Имом Нававийнинг
“Одоби олим ва мутааллим” китоби асосида тайёрлади.