“Биз инсонни ота-онасига яхшилик қилишга буюрдик”
(Аҳқоф сураси, 15-оят)
Ҳаётимизда шундай буюк зотлар борки, биз ҳамиша уларнинг меҳрини ҳис қилиб яшаймиз. Улар ҳар биримиз учун азиз ва мўътабар бўлган ғанимат ота-оналаримиздир. Бизнинг туғилиб, эс-ҳушимизни танишимизда, вояга етиб, билим ва касб эгаллашимизда, инсоний фазилатлар соҳиби бўлиб етишишимизда, жамиятда комил инсонлар қаторидан жой олишимизда уларнинг буюк ҳиссалари бор. Шу боис, ота-онага итоатли бўлиш, фарзандлик бурчини тўлиқ адо этиш ҳар бир кишининг зиммасидаги шарафли масъулиятдир.
Ота-боболаримизнинг муқаддас дини Исломнинг таълимоти барча кишилар учун ота-онага яхшилик қилишни ибодатдан кейинги иккинчи вазифа этиб қўяди. Яъники, фарзанднинг ота-оналарга нисбатан ҳурмат сақлаши, сўзларини қайтармаслиги, ҳақларига яхши дуолар қилиб фарзандлик бурчларини адо этиши лозимлиги белгиланади. Қуръони каримнинг Аҳқоф сураси,15-оятида шундай хитоб қилинади: “Биз инсонни ота-онасига яхшилик қилишга буюрдик”.
Яна бир ояти каримада эса: “Ота-онанинг юзига қараб уф тортманг, уфф деманг, улар сизни кичиклигингиздан тарбия қилдилар, дунёга келтирдилар. Сизнинг уф тортишингиз уларнинг кўнглини яралайди. Биз болаларимизга қаноатли ҳаёт бера олмабмизда, деб ўкинтиради”, деган мазмундаги оят мавжуд. Шунингдек, ота-онага уф тортиш ҳаёсизлик, уларга хизматда бўлиш эса гўзал фазилат экани ҳадисларда ҳам зикр этилди. Хусусан, ҳадисларда Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в) шундай таъкидлаганлар: “Ким қари ота-онасига ёрдам бериш учун ҳаракат қилса, Аллоҳнинг йўлидадир”.
Бундан ташқари, ислом уламолари фарзанднинг ота-она олдидаги одобларини белгилаб берадилар. Жумладан,
ота-она нима деса диққат билан қулоқ солиш;
уларнинг олдига тушиб юрмаслик;
нимаики буюрсалар ва буюрган нарсаларида хиёнат ёки гуноҳ иш бўлмаса жону дил билан бажиш;
ўтирган жойларидан турсалар фарзанд ҳам ирғиб туриш;
чақирсалар лаббай деб жавоб бериш;
уларни хурсанд қилишга ҳамиша орзуманд бўлиш;
олдиларида таъзим билан туриш;
қилган ишларини миннат қилмаслик;
ота-онанинг бир хил ишлари учун аччиғланиб, уларга ҳумрайиб қарамаслик;
рухсатларисиз сафарга кетмаслик.
Яна бошқа жиҳатлар борки, баъзан буларга кўп ҳам эътибор беравермаймиз. Хусусан, уларнинг олдиларида одоб сақлаш керак, енгил кийимда ўтирмаслик, бирор ери оғриётган бўлса, отани-онани ташвишга солмаслик учун имкони борича яширишга ҳаракат қилиш муҳимдир.
Бундан ташқари, ота-онанинг зиёратини канда қилмаслик муҳим аҳамиятга эгадир. Бу ҳақда Абу Зарр Ғифорийдан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ (с.а.в.) шундай марҳамат қилганлар: “Кимда-ким ота-онасининг зиёратига борса, Аллоҳ таоло унинг босган ҳар бир қадамига юзта ҳасанот ёзиб, юзта гуноҳини ўчиради ва унинг даражасини юз баробар кўтаради. Қачонки уларнинг ҳузурларида ўтириб, уларни хурсанд қиладиган ширин сўзлардан гапирса, қиёмат кунида Аллоҳ таоло унинг олдини ёритиб турадиган нур ато этади. Уларнинг олдиларидан чиққанда гуноҳлари кечирилган ҳолда чиқади”.
Аслида, волидаи муҳтарамаларимиз ва падари бузрукворларимизнинг олдидаги фарзандлик бурчларини санаб ниҳоясига етказиш маҳол. Муҳими уларга доимо эътиборли бўлишимиз жоиз. Бинобарин, улар ғаниматларимиздир.
“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти
3-курс талабаси Парпиев Саидмаҳмуд






