Сийрат китоблари илк ўлароқ тобеъинлар даврида ёзила бошланган. Дастлаб, бир гурух тобеъинлар сийратга алоҳида аҳамият қаратганлар. Тобеъинлардан бўлган олимлар мажлисларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётларидаги воқеалардан саҳобалардан эшитганларини айтиб берар эдилар. Масалан баъзи ғазотлар, унда кимлар қатнашгани, қатнашганлар сони ва ғазотлардаги ибратли воеаларни энг нозик жиҳатларигача шогирдларига айтиб берар эдилар. Ушбу воқеаларни кимдан эшитганларини, эшитган устозлари кимдан эшитганини айтиб берар эдилар. Шу тариқа санад илми юзага келабошлади. Тобеъинлар сийрат илмининг аҳамияти нақадар муҳим бўлганлиги учун ҳам уни кейинги авлодга ишончли услубда етказиш мақсадида уни ёзишга қарор қилдилар. Сийратни жамлашнинг мақсадларидан бири Қуръони карим тафсирини яхши тушуниш эди. Чунки Қуръони карим оятлари Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётларининг маълум бир қисмида қайсидир воқеа муносабати билан босқичма босқич нозил бўлган эди. Сийрат бўйича биринчилардан бўлиб қуйидаги тобеъин уламолари бошқалардан ёрқин ажралиб турганлар.
1. Абон ибн Усмон. Халифа Усмон розияллоҳу анҳунинг ўғиллари. Ҳижрий 20 йилда туғилганлар. Ҳижрий 75 йилда халифа Абдулмалик ибн Марвон Мадинага у зотни волий қилиб таъйинлаганлар. Ҳижрий 83 йилгача Мадина волийси бўлганлар. Вафот этган саналари ҳақида ихтилоф бор. Имом ал Бухорий Валид халифалиги даврида (86-96 ҳижрий йиллар) вафот этганларини келтирганлар. Баъзи тарихчилар 105 ҳижрий йилда вафот этганларини келтиришади. Абон раҳматуллоҳи алайҳи Мадина фақиҳларидан бўлиб оталарининг фатволарини ёддан билганлар. Абу Заннод, Зуҳрий ибн Абдурраҳмон у кишидан ҳадис ўрганишган. Муғийра ибн Абдурраҳмон ҳам у зотдан сийратни ўрганганлар. Ибн Саъд бу ҳақида шундай деганлар: “Ишончли ровийлардан бўлиб, кам ҳадис ривоят қилганлар. Лекин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мағозийларини кўп ривоят қилганлар. Мағозийни Абон ибн Усмондан ўрганганлар. Уни ўрганишни бизга буюрар эдилар”.
2. Урва ибн Зубайр
Урва ибн Зубайрнинг боболари Аввом Хадича розияллоҳу анҳонинг акалари бўлган. Оталари Зубайр розияллоҳу анҳу илк исломни қабул қилиб, жаннат башорати берилган саҳобалардан бўлган. Акалари Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу Мадинада биринчи туғилган, олим ва жасур саҳобалардан бўлганлар. Ҳижрий 64-73 йилларда ўз давлатларини тузиб, зулмга қарши турган энг иродали саҳобалардан бири бўлганлар. Ибн Халиккон ривоят қилишича, Мадинадаги Масжидун набавийда Муъовия розияллоҳу анҳу халифалиги даврида Абдулмалик ибн Марвон, Абдуллоҳ ибн Зубайр ва укишининг икки укалари Мусъаб ва Урвалар дўстона йиғилишади. Улар: “Келинг бир орзу қиламиз”, дейишди. Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳу: “Менинг орзуим икки ҳарамга эгалик қилиш”, деб айтдилар. Мусъаб раҳматуллоҳи алайҳ: “Менинг орзуим Куфа ва Басра шаҳарларига эгалик қилиш ва Қурайшнинг икки хоними Сукайна бинт Ҳусайн ва Оиша бинт Талҳани жамлаш”, дедилар. Абдулмалик ибн Марвон бўлса: “Менинг орзуим бутун ер юзига ҳукмронлик қилиш, Муъовия розияллоҳу анҳудан кейин халифа бўлиш”, дейди. Урва бўлса: “Менга сизлар айтган нарсадан биронтаси керак эмас! Менинг орзуим дунёда зоҳид бўлиб, охиратда жаннатни қозониш, улардан илм ривоят қилинадиган кишилардан бўлиш”, дейдилар. Вақт ўтиб уларнинг ҳар бири ўзи орзу қилган нарсаларига эришишади. Шунинг учун ҳам Абдулмалик: “Кимда ким жаннат аҳлидан бўлган кишини кўришни ҳоҳласа, Урва ибн Зубайрга қарасин” , дер эди.





