Абул Баракот Насафийнинг ҳаёти ва илмий мероси
Мустақилликка эришганимиздан кейин юртимизда кўплаб соҳаларда ислоҳотлар ўтказилди. Аждодларимиздан қолган буюк меросларни ўқиб ўрганиш, илмий таҳлил қилиш, муқаддас қадамжоларни қайта тиклаш каби эзгу мақсадлар ила қилинаётган ишларнинг саноғига етиш қийин. Ана шундай эзгу ва хайрли ишлардан бири Марказий Осиёлик буюк алломалардан бири ҳисобланган ватандошимиз Ҳофизиддин Абул Баракот Абдуллоҳ ибн Аҳмад ибн Маҳмуд Насафий (629/1232-710/1310)нинг ҳаёти ва қолдирган меросини илмий таҳлил қилиш ва келажак авлодларга етказишдир. Ватандошимиз ўз замонасининг машҳур имоми, фиқҳ илми билимдони, атоқли муҳаддиси ҳисобланган. У Шамсул аимма (Имомлар қуёши) унвонига сазовор бўлган машҳур олим Муҳаммад ибн Абдуссаттор Кардарий (ваф.642/1244)нинг шогирдидир. Шунингдек, у фиқҳда Бадруддин Хоҳарзода (ваф.651/1253) ва Ҳамидуддин Зарир Али ибн Муҳаммад Бухорий (ваф.667/1268)дан ҳам сабоқ олишга муяссар бўлган.
Абул Баракот Насафий ўша пайтдаги минтақада кенг ёйилган Мотуридий таълимотини тарғиб қилишда, уни карромия ва мўътазилия мазҳаблари таъсиридан ҳимоя қилишда жонбозлик кўрсатган. Шу мақсадда кўплаб асарлар ёзган. Уларнинг сонини Носир Муҳаммад йигирмадан ошиқ деб ҳисоблайди. Лекин замонамиз тадқиқотчилари Абул Баракот Насафийнинг 13 та асари бизгача етиб келганлигини аниқлаганлар. Улардан 5 таси фиқҳ, 4 таси калом, 3 таси усул ал-фиқҳ ва 1 таси тафсир илмига бағишланган. Улардан баъзисини биз қуйида зикр қилиб ўтамиз:
- “ал-Вофий фи-л-фуруъ” (“Фуруъ илмида вафо этувчи”)
- “Канз уд-дақоиқ фи-л-фуруъ” (“Фуруъ илмида нозик масалалар хазинаси”)
- “ал-Мусаффо шарҳ Манзумат ан-Насафия” (“Насафий назмининг шарҳида аниқланганлар”)
- “ал-Мустасфо шарҳ Фиқҳ ан-Нофиъ” (“Фойдали фиқҳ шарҳида танланган фикрлар”)
- “ал-Манор ал-анвор фий усул ал-фиқҳ” (“Фиқҳ усулларида ёруғ машъала”)
- “Кашф ул-асрор шарҳ ал-Манор” (“Манор”нинг шарҳида сирларни кашф этиш)
- “Мадорик ут-танзил ва ҳақоиқ ут-таъвил” (“Нозил бўлганларни англаш ва изоҳлаш ҳақиқатлари”)
- “ал-Умда фий усул ад-дийн” (“Дин усулларида таянч”)
- “ал-Эътимод шарҳ ал-Умда” (“Умда”га ёзилган эътимодли шарҳ)
- “Манзумат ал-кавокиб” (“Юлдузлар достони”)
- “Шарҳ Мунтахаб ал-Ахсикатий” (Имом алАхсикатийнинг усули фиқҳга оид қисқа асарига шарҳ)
Абдулҳайй Лакнавий (ваф.1304/1886) ўзининг “Фавоиди баҳиййа” асарида Ҳофизиддин Насафий ҳақида ёзар экан, унинг Имом Ахсикатийнинг “Мунтаҳаб” асарига ва ўзининг “Манор” асарига иккитадан шарҳ ёзганини қайд қилади. “Кашф уз-зунун” асарида Абул Баракот Насафийнинг Бурҳониддин Марғилонийнинг машҳури жаҳон “Ҳидоя” асарига ҳам шарҳ ёзганлиги қайд этилган. Уни бошқа тазкиралар ҳам тасдиқлаган ва 700 ҳижрий (1300 милодий) йили Насафий Бағдодга борганида “Ҳидоя”га шарҳ ёзган, деб зикр этилган. Бироқ, ҳозиргача унинг бу асари топилган эмас.
Асрлар давомида Ўрта Осиё, хусусан, Ўзбекистон ҳудуди ҳанафийлик мазҳабининг тарқалиш ва ривожланиш ҳудудларига айланиб, Мовароуннаҳр фақиҳлари ушбу мазҳабнинг салоҳиятли вакиллари ва ҳомийлари сифатида ўз илмий ва амалий ижодлари билан унинг ривожи йўлида буюк хизматлар қилиб келганлар. Ана ўшалар қаторида Абул Баракот Насафий ҳам муносиб ўрин эгаллайди. Бинобарин, унинг ҳаёти ва ижоди асрлар давомида тадқиқотчиларни қизиқтириб келган ва бундан кейин ҳам бу қизиқиш сўнмайди.
Манбалар асосида “Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти мудир муовини А.Ғаниев тайёрлади.






