Кўпчилигимиз Одам алайҳиссалом таъқиқланган мевани еганлари сабаблари жаннатдан чиқарилганлари ҳақида эшитганмиз. Лекин ўша меванинг қандай мева бўлганини аксариятимиз билмаймиз ёки бу ҳақида ўйлаб ҳам кўрмаганмиз.
Муфассирлар Аллоҳ таолонинг «Бу дарахтга яқинлашма!» деган оятидаги дарахт қайси дарахт эканлигида ихтилоф қилишган.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳу, Саъид ибн Жубайр ва Шаъбий роҳитмаҳуллоҳлар ўша меванинг узум бўлгани ҳақидаги фикрни қўллаб-қувватлашган.
Суддий роҳимаҳуллоҳ Ибн Аббос, Ибн Масъуд ва бошқа саҳобалардан қилган ривоятга кўра, яҳудийлар ўша мевани буғдой дейишган. Бу гап Ибн Аббос, Ҳасан Басрий, Ваҳб ибн Мунаббиҳ ва бошқа салафлардан ҳам ривоят қилинган. Ваҳб ибн Мунаббиҳ роҳимаҳуллоҳ: “Бир буғдой дони кўпикдан юмшоқ, асалдан ширин бўлган” деганлар.
Абу Маликдан қилинган ривоятда айтилишича, оятдаги «Бу дарахтга яқинлашма!»дан мурод хурмо дарахти бўлган. Мужоҳид эса бу дарахтни анжир деганлар.
Абул Олия айтадилар: “Ким ўша дарахтдан еса таҳорати бузилар эди. Ваҳоланки, жаннатда эса таҳорат бузилиши мумкин эмас эди”.
Ибн Касир ўз тафсирларида ушбу фикрларни келтириб айтадилар: “Аллоҳ таоло Қуръонда ўша дарахтнинг қайси дарахт эканлигини айтмаган. Агар бунда бандалар учун бирон бир фойда бўлганида эди албатта айтган бўлар эди”.
Имом ибн Касирнинг «ал-Бидаая ван Ниҳаая» китобидан 301- гуруҳ талабаси Зийнатуллоҳ Пўлат таржимаси






