Ўзбек романчилигининг асосчиси, ватанпарвар адиб Абдулла Қодирий хотирасига эҳтиром кўрсатиш, миллий адабиётимиз ривожига қўшган беқиёс ҳиссасини улуғлаш мақсадида президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан пойтахтимизнинг Абдулла Қодирий номидаги маданият ва истироҳат боғи олдида ижод мактаби ва музей барпо этилди.
Ушбу маданият ўчоғи билан яқиндан танишиш мақсадида “Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчи ва талабалари ташриф буюрдилар. Бу ерда ўғил-қизларнинг таълим-тарбия олиши учун ҳамма шароит яратилган. Хоналар кенг, ёруғ, шинам ва қулай. Фан кабинетлари замонавий технологиялар ва ўқув анжомлари билан таъминланган. Кутубхона адабий асарлар, бадиий адабиётларга бой. Очиқ ва ёпиқ спорт залларида болалар спорт тўгаракларига қатнашиши, саломатлигини мустаҳкамлаши учун қулайликлар мавжуд.
Бу мажмуада Абдулла Қодирий музейи ва “Турон” кутубхонаси мавжуд бўлиб, у республикамиздаги энг йирик кутубхоналардан бири саналади. 1919 йил “Турон” номи берилган кутубхона биносида дастлаб Абдулла Авлоний бошчилигида “Турон” театр труппаси тузилган. Тошкент маърифатпарварларининг “Турон” жамияти ташаббуси ва уларнинг шахсий китоблари ва совға қилган жамғармалари асосида мазкур кутубхонага асос солинган. Ушбу маскан Мунавварқори Абдурашидхонов, Абдулла Авлоний, Абдулла Қодирий, Чўлпон, Ғулом Зафарий, Шокиржон Раҳимий, Маннон Уйғур каби тараққийпарвар зиёлиларни бирлаштирган.
Музейга кираверишда Абдулла Қодирийнинг ҳикматли сўзлари битилган. Чап томонда адибнинг ҳаёт ва ижод йиллари хронологияси, қатағон йиллари экспонатлари ҳамда мустақиллик йилларида ёзувчига кўрсатилган эҳтиром акс этган экспозитсиялар жойлашган. Томошабинлар залдаги улкан мониторда адиб асарлари асосида суратга олинган «Ўткан кунлар» ва «Меҳробдан чаён» филмларини, бошқа картиналарни кўриши мумкин.
Ўзбек адабиёти тарихида залворли из қолдирган ёзувчининг музейига ташрифдан кўзланган асосий мақсад – талабаларни буюк шахснинг ҳаёт йўли билан яқиндан таништириш ва уларда ватанпарварлик туйгуларини янада юксалтиришдан иборатдир. Ўқитувчилар ва талабалар улкан таассуротлар билан қайтишди.
Мудир ўринбосари Н.Жалолов