Луғат китобларидан бизга маълумки, арабча «фарос» сўзи ўзбек тилига «от, тулпор» деб таржима қилинади. Она тилимиздаги «фаросат» сўзи ҳам айнан шу ўзак асосида юзага келган бўлиб, «зийраклик, самимият, заковат, ўткир ақл» деган маъноларни англатади.1 Табиий савол туғилади, араблар нега «фаросат» сўзига айнан ушбу «фарос» калимасини асос қилиб олишди? Гап шундаки, бир устозимизнинг айтишларича, ҳайвонлар ичида от нафақат зийрак ва ақлли, балки туққан онаси билан яқин муносабатда бўлмаслиги билан ҳам бошқа жонзотлардан ажралиб турар экан.
Хўш, мусулмон киши фаросатни қаердан ўрганади? Бунинг учун махсус йўл-йўриқ ёки кўрсатма мавжудми? Ҳа, у ҳам бўлса, саҳро одамларига хос қудрат ва босиқлик, шаҳарликларга хос нафислик билан нафосат каби ҳислатлар жам бўлган Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратлари бизга энг яхши қўлланма вазифасини бажаради десак муболаға бўлмайди. Гапимиз қуруқ бўлиб қолмаслиги учун Расулуллоҳ ҳаётларидан У зотнинг нечоғлик фаросат соҳиби эканликларини тасдиқлайдиган бир мисолни келтирамиз. Айтишларича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир тўйга борганларида дастурхонга пиширилган туя гўшти тортилибди. Дастурхон атрофида ўтирганларнинг биридан ҳид чиқибди. Буни сезиб, унинг ўзига айтишдан истиҳола қилиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким туя гўштидан еган бўлса, таҳорат олсин» дебдилар. Биринчи бўлиб ўзлари ва бошқа ҳамма янгидан таҳорат олибди.2
Ушбу воқеадан кўриниб турибдики, Набий алайҳисаломнинг нозик дид-фаросат билан тутган йўллари бир кишини ҳижолатли вазиятдан чиқиб кетишига замин яратди.
Хулоса ўрнида шуни айтишимиз керакки, «дидсиз бошим – тузсиз ошим» деб бекорга айтилмайди. Яъни, туз овқатга маза беришлик учун қанчалик муҳим бўлса, дид-фаросат ҳам кишининг ҳаммага манзур бўладиган ахлоқ эгаси бўлишлигида шунчалик аҳамиятлидир. Шундай экан, аввало, ўзимиз Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларини ўрганишликка шошилишлигимиз ва уни ҳаётимизда нақадар муҳим эканлигини бошқаларга ҳам етказишлигимиз лозим.
Манбалар:
- А.Мадвалиев таҳрири остида. Ўзбек тилининг изоҳли луғати.- Т: Ўзбекистон миллий энсиклопедияси, 2006-2008. – 331 б.
- Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Ҳадис ва ҳаёт. Муқаддима. – Т: Шарқ, 2003. – Б. 42-44.
“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти
2 курс талабаси Рахимов Ш.






